Интернет маълумотлар оламидаги улкан инқилоб, имон, ахлоқ-одоб ҳатто, ақллар учун улкан имтиҳон майдони ҳамдир. Зеро, унда яхшиликнинг эшиклари очиб қўйилган бўлса-да, ёмонлик ҳам турли услублар ёрдамида намоён қилиб қўйилган. Интернетда ўтириб ишлайман деган одам қалбидаги охиратда ҳисоб-китоб борлигига бўлган имонидан бошқа ҳеч бир назоратчи ва қайтаргувчисиз тилига келганини гапириши, ўзи истаганини томоша қилиши ва хоҳлаганини эшитиши мумкин.
Ўзини тийиб, оқибатга назар солган, Парвардигори кузатиб, кўриб, билиб турганини идрок қилган киши албатта бу имтиҳонда муваффақиятга эришади. Ўз нафсининг инон-ихтиёрини бўш қўйиб юборган, ҳавои нафси тортган томонга мойил бўлган, имони ва Худодан қўрқуви суст бўлган кишилар эса бошдан оёқ разолат ботқоғига ботиб бораверадилар. Бунинг натижасида ўзларини хорликка дучор қилишдан бошқага эришмайдилар.
Интернет деб аталмиш бу имтиҳонда ютиб чиқиш, ундаги фитналардан нажот топиш учун маълум бир ишлар бор. Жумладан:
- Интернетда тўғри ишлаш:
Оқил одам интернетда ишлаётганида тўғри бўлиши, ўзига жуда ҳам ишониб фитнага тушиб қолмаслиги ана ундан сўнг шу фитналардан қутула олмай юрмаслиги керак.
Интернетдаги бирор манзилга киришдан ёки унга бирор бир маълумотни киритишдан олдин шу манзилда унга манфаат борми ёки йўқлигини обдан ўйлаши лозим. Ёки интернетга киритаётган маълумоти билан мўминларга озор бермаётганлигига, уларнинг ораларига фаҳш гапларни тарқатмаётганлигига ишонч ҳосил қилиши, деди-деди гаплардан қочмоғи, одамлар орасида фитна қўзғатишдан сақланмоғи лозим бўлади.
Интернетдаги бирор бир маълумотга раддия бераётган ёки унга изоҳ ёзаётган бўлса, илм-фан тилида, меҳрибонлик, одоб ва чиройли иборалар билан раддия бериши ёки изоҳ қолдириши керак бўлади.
Интернетдаги бирор саҳифага аъзо бўлаётганида ўзининг ҳақиқий исми билан аъзо бўлиб кирсин. Агар ўз исмини очиқ-ойдин ёзишдан ёки исмини аниқ ёзса қилаётган ишидаги холислик зое бўлиб кетишидан қўрқадиган бўлса, ножоиз ва нолойиқ нарсаларни ёзишдан сақлансин, Қиёмат кунида ошкора ва махфий нарсалардан бирдек хабардор бўлган Яратганнинг ҳузурида ҳисоб-китоб учун тик туришини кўз олдига келтирсин.
- Шайтоннинг изидан эргашишдан эҳтиёт бўлиш:
Оқил одам шунингдек, шайтоннинг йўлларига кириб қолиб, унинг изидан юришдан эҳтиёт бўлиши лозим. Зеро, у Одам болаларининг ортидан пойлаб юради ва ҳар бир йўл бошида уларни кутиб ўтиради. Уларни йўлдан оздириш учун бор саъй-ҳаракатини ишга соладиган ҳақиқий душман айнан удир.
Парвардигори олам Қуръони каримдаги бир нечта ояти карималарда: “Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир”, (Бақара сураси, 168-ояти) дея марҳамат қилади. Шунинг учун ҳам оқил одам ўзининг душманига умуман ишонмаслиги, ўзини фитналар чангалига топшириб қўймаслиги, қанчалик ақлли, диндор ва донишманд бўлмасин ўзига қаттиқ ишониб юбормаслиги керак.
Ана шу томонларни ҳисобга олган оқил кишилар фитналардан қочадилар, унга бурилиб ҳам қарамайдилар.
- Интернетда ишлаш учун вақт ҳамда мақсадни тайин қилиб олиш:
Интернетдаги ана шу балолардан айланиб ўтмоқчи бўлган киши унда ишлаш учун алоҳида вақт ва аниқ бир ишни белгилаб олиши, унга киришдан аниқ бир мақсади бўлиши керак.
Аммо интернет саҳифаларини варақлаб, бирор бир мақсад ёки ғоясиз ҳолда бир манзилдан иккинчисига кириб чиқиб юришлик вақтни беҳудага зое қилишга олиб боради, холос.
- Оқибатга назар солиш:
Интернетдаги фитналардан нажот топишни истаган оқил одам оқибатга назар солиши, ўз нафсини енгиб, уни тақво жилови билан жиловлаб олиши лозим.
- Иғвогарликлардан сақланиш:
Интернетда ишламоқчи бўлган киши одамлар орасида иғвогарлик қилишдан сақланмоғи, эътиборсиз интернет саҳифаларидан, фаҳш гап-сўзлар бўладиган гапхоналардан, шаҳвоний ҳис-туйғуларни ҳаракатга келтирадиган беҳаё сувратлар ҳамда видеолавҳалардан, тинч ва осойишта яшаб келаётган одамлар орасига парокандалик соладиган гап-сўзлардан ўзини олиб қочиши лозим. Зеро, нафслар яратилиш табиатига кўра шаҳвоний нарсаларга мойил қилиб, ҳавои нафсга қўшилиб қаерга тортса ўша ёққа кетаверадиган қилиб яратилгани боис порох, бензин ва бошқа тез аланга олгувчи ёқилғига ўхшайди. Ана шу ёқилғилар олов учқунидан қанча олисда бўлса шунча хавфсиз бўлганидек, инсоннинг нафси ҳам уни ҳаракатга келтирадиган шаҳвоний нарсалардан қанчалик олисда бўлса, у шунчалик сокин, шунчалик босиқ бўлиб туради.
- Кўзни тийиш:
Баъзан инсоннинг ўзи истамаса ҳам унинг кўзи қабиҳ ва фаҳш сувратларга тушиб қолади. Агар у кўзини ўша суратдан тийса ҳам Парвардигорини рози қилади, ҳам ўзининг қалбига роҳат бахш этади. Зеро, кўз қалбнинг ойнасидир. Кўзни ўз ихтиёрига қўйиб қўйиш кишига зарар олиб келса, кўзни тийиб юриш унга роҳат ато қилади. Банда кўзини тийса қалб ҳам ўз шаҳвати ва истагини тийиб туради. Агар банда кўзига эрк бериб қўйса, унинг қалби ҳам шаҳватларига эрк бериб қўяди.
Яратган Зот Ўзининг Каломи шарифида: “Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир”, (Нур сураси, 30-ояти) дея марҳамат қилади. Ана шу ояти каримада Парвардигор кўзни тийиш ва фаржни сақлашни нафсни поклашнинг энг кучли усули деб белгиламоқда. Нафс покланса фаҳш ишлар, зулм, ширк, ёлғон ва шу сингари барча ёмонликлар ўз-ўзидан барҳам топади.
- Ишонч ҳосил қилиш:
Инсон интернетда ишлаш давомида гапираётган, эшитаётган, ўқиётган ва кўраётган нарсаларидан ишонч ҳосил қилиши зарур. Кишининг ақли, имони ва улуғворлиги ана шу билан маълум бўлади.
Ахир, интернетда хоҳлаган одам хоҳлаган ном остида ўзи истаган гапни ёзиши мумкин бўла туриб ҳам қандай қилиб ўша ёзилган гапларга ишонч ҳосил қилмаслик мумкин? Шундай экан, оқил одам бу ишнинг оқибатига назар солиши, агар бирор хабар ёки воқеа ҳақида ўқиб қоладиган бўлса, унинг ростлигига ишонч ҳосил қилиши лозим бўлади. Агар ўша хабар ёки иш одамлар учун, жамият учун фойдали бўлса, уни бошқаларга ҳам илинади. Йўқса, ундан юзини ўгириб, эътиборсиз қолдиради.
Биз айтаётган ана шу гапга амал қилинмагани ортидан қанча-қанча ёмонликлар юзага келмади ва одамлар қанчадан-қанча зарар кўрмадилар дейсиз.
Интернетни умуман ноҳақлик ва ёлғон аралашмайдиган илоҳий ваҳий каби биладиган қанчадан-қанча одамлар ундаги маълумотларга алданиб қолиб оҳу войлар қилмадилар дейсиз.
Етук ақл эгаси бўлган кишилар эса интернетдаги ҳар қандай маълумотни текшириб, унинг ростлигига ишонч ҳосил қиладилар, кимлиги номаълум бўлган кишилар у ёқда турсин кимлиги аниқ ва ўзлари ишончли бўлган кишиларнинг гапларини ўқиб қолсалар ҳам шошқалоқлик қилмасдан, обдон текшириб кўрадилар.
Киши ўзи эшитган ҳар қандай гапни гапириб юришидан қайтариб, Пайғамбар (с.а.в.) шундай дейдилар: “Киши ўзи эшитган ҳар қандай гапни гапириб юриши унинг ёлғончи эканига кифоя қилади”. (Имом Муслим ривояти)
Айниқса, фитналар урчиган, бало-офатлар авжига чиққан ҳозирги вақтларда оқил одам ўзини саломат сақлаши учун ҳам ана шу кўрсатмага риоя қилиши керак бўлади.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 83-оятида: “Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш-хабар етса, уни тарқатадилар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз”, дея марҳамат қилган. Мана шу оятда одоб-ахлоққа оид бир қоидага кўрсатма берилган. Яъни бирор бир иш юзасидан одамлар ўртасида баҳс-мунозара кўтариладиган бўлса ана шу ишни унга лаёқатли бўлган кишилар ихтиёрига топшириш лозим. Чунки шундай йўл тутилса тўғри бўлади ва хатога йўл қўйишдан саломат бўлинади.
Шунингдек, юқоридаги ояти каримада бирор бир гапни эшитганда уни шошқалоқлик қилиб, дарҳол одамлар орасида тарқатиб юбормаслик кераклиги, етти ўйлаб кейин гапириш, унда одамлар учун бирор манфаат борми ёки йўқлигини тааммул қилиб кўриш лозимлиги уқтирилмоқда.
Давоми бор…