Абу Зайд Дабусий Ўрта Осиё фақиҳлари орасида ўзига хос янги илмий асослари ва теран фалсафий тафаккури билан шуҳрат қозонган аллома. У асарлари орқали фаннинг усулул фиқҳ, илмул хилоф (қиёсий ҳуқуқшунослик), фуруъул фиқҳ ва бошқа илм соҳаларида катта янгиликлар яратди.
Имом Дабусийнинг «Тақвимул адилла» китоби усулул фиқҳга доир бўлиб, ҳанафий уламоларининг йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир. Уламолар бу асарларни зўр қизиқиш билан ўрганиб, кундалик фаолиятларида ундан фойдаланганлар ва унга шарҳлар ёзганлар.
Олим ушбу асарининг бошида илм-маърифатга чиройли таъриф берган бўлиб, бу маълумотларни билиш ҳар бир замон учун аҳамиятлидир.
“Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан шундай деймиз: Аллоҳ таоло инсонда мусибатни англаш учун руҳ ва ақл, ҳаво ва нафсни жамлаб яратди. Нафс ҳаво билан бирга жоҳиллик майдонига чорлайди. Руҳ ақл билан илмнинг натижасига чорлайди. Шунга кўра инсонлар тўрт табақага ажралади:
- Нафсининг аслини билмасдан, ҳавосига алданувчи.
- Албатта иш ўз ўрнида шундай, деган гумон билан нафсига алданувчи.
- Шариат далиллари билан қувватланган нарсаларни ақлий далилларга биноан ҳидоят қилинган киши.
- Шаръий ва ақлий нурлардаги “руҳул–қудс” билан ҳидоят қилинган киши.
Бу тўртинчи табақадаги уларнинг раҳнамоларидир. Руҳнинг нури аслийдир. Ақлнинг нури фаръийдир. Биз буларни “Умдул–ақсо” ва “Хизанатул–ҳидоя ” китобларида баён қилганмиз”. Дарҳақиқат, инсон билганини нима эканлигини аниқлаштириб олиши жуда зарур.
Муаллиф усулул фиқҳга узоқдан кириб келиши, кейин баён қилинадиган маълумотларни тўғри тушунишга ёрдам беради. Бу “ким нафсини таниса, Роббисини танийди”, деган ҳикматга мувофиқ келади.
Ҳар бир инсонда нафс ва ҳаво, руҳ ва ақл бўлиб, шунга кўра инсон нафсининг ҳавосига ёки нафсининг гумонига эргашувчи ёхуд шаръий ва ақлий далилларга суянувчи бўлади.
“Кейин бу тўртта табақа яна тўртта гуруҳга ажратилади:
- Қуръон, суннат, фиқҳ ва ҳикмат тафсирини билмасдан Роббисини таниш. Шоядки у бидъат ва фасоддан саломат бўлса.
- Қуръон ва суннатнинг тафсирини билиб, лекин фиқҳни ўрганмай ва қалбни тайёрламасдан Роббисини таниш. Шоядки у залолат ва шубҳаланишдан саломат бўлса. Ҳодисалар узоқдан–узоқ чўзилгани ва ҳужжатлар кўплиги учун, у илмда етиб бормаган нарсаларда шубҳага тушидан ёки адашиб кетишидан омонда бўлмайди.
- Шариатнинг ҳужжатларидаги фиқҳ йўлларини эмас, балки қалбининг махфий раъйини тушунувчи бўлиб, Роббисини таниш. Шоядки, нафсу ҳавоси ва ўзидан ажабланиши сабаб ҳалок бўлишдан саломат қолса. Ақлнинг ёлғиз ўзи ҳидоят чегараларига олиб борувчи эмас. Ақлдан кейинги нарса шариат бўлмайди, илло ҳаво бўлади.
- Шариат ҳужжатларини тафсирдан таъвилигача, шариат усулларидаги фиқҳ йўлларини иллатларигача билувчи кишининг Роббисини таниши. Бу киши уларнинг пешвосидир. Лекин у фисқдан саломат бўлиши лозим” .
Бу ўринда муаллиф юқорида келган тўртта табақаларнинг ҳолатини баён қилмоқда. Ҳар қайси табақа омонда бўлмайдиган вазиятларни кўрсатиб ўтган. Биринчи табақа ақлий ва шаръий далилларни билмайдиган киши бўлиб, у нафсининг ҳавосига берилиб, адашади. Албатта, бидъат ва фасодга дучор бўлади. “Шоядки” сўзи таъкид маъносида келган. “Ҳаво” сўзига на ақлга тўғри келадиган ва на шариатга мос келадиган нарса, деб таъриф берган.
Мазкур иккинчи табақа, бизнинг ҳозирги кунимиздаги Қуръон ва ҳадисларни ёки уларнинг таржимасини зоҳирини ушлаб, уни фиқҳини ўрганмай ва қалбини унга тайёрламай туриб, олимликни даъво қилувчилар тоифасидир, десак ҳам бўлади. Булар “нафсининг гумонига эргашувчилар”, деб номланди. Уларга эргашиб бўлмайди. Чунки улар ўзларини ҳам залолат ва шубҳаю гумонлардан сақлаб қола олмайдилар.
Учинчи табақадагилар фиқҳни қўйиб, ақлни ёки ўзларидаги илҳомни устун кўрувчилар бўлиб, ожиз ақллари ва қалбий илҳомларини шаръий далиллардан устун кўришади. Булар шариатни қатъий ҳукмларини ўз ақлларига мословчи кишилар ва баъзи тариқатни ўзига нисбат берувчилардир. Бу тоифадаги инсонлар ҳам эргашишликка муносиб эмас.
Тўртинчи табақадаги кишилар ақлан етук, шариат илмларини тўлиқ эгаллаган, тариқат йўлларида барқарор олим инсонлардир. Фақат шу тоифадагиларга эргашиш мумкин. Муаллиф ҳам шуни айтиб ўтган.
“Илм дунё ва охират касбларини, Аллоҳ ва одамларни талабларини ислоҳ қилувчидир. Лекин у буйруқ билан қайтарилган ишлардан нажот бермайди. Фақат амаллар ва ҳолларнинг қисмларида махфий нарсага назар солиш билан бўлади. Булар ҳам тўртта қисмдир:
1.Илм билан амални енгил санаш қисми.
- Илмни олиб, унга амал қилиш қисми.
Енгил сановчи ҳам икки қисмдир:
- Илмни дунёга эришиш учун олади.
- Керак бўлгунча миқдордаги илм билан кифояланиш.
Бу икки қисм адашишдир. Илм унга амал қилиш биландир. Амал дунёни ҳозирги мукофотга ишора қилувчи ҳавою нафсга қарши бўлган ҳолда охират учун тарк қилишди.
Амал қилувчи ҳам икки қисмдир:
- Бир жойда турмаслик ва ёлғиз амал қилувчи.
- Бир жойда туриб ва бошқаларни ҳам даъват қилиб амал қилувчи” .
Ушбу маълумотлар бундан ўн аср олдин ёзилган бўлса-да, муаллиф ҳозирги кунимизда ҳам учратиш мумкин бўлган ҳолатларни айтиб ўтган. Инсонлар орасида бу икки ҳолат ҳам учраб туради. Биринчи гуруҳ илм бўлса бўлди, амал шарт эмас. Илмни фазилати жуда ҳам улуғ. Ушбу фазилатнинг ўзи етарли, дейди. Ўзларини фойдасига маълум ақлий ва шаръий далилларни келтиришади. Илмини дунёнинг ўзигагина ишлатади ёки керак бўлгунча миқдордаги илм билан кифояланади. Бу биринчи гуруҳдагиларнинг белгисидир. Иккинчи гуруҳдагилар илмни амал учун ўрганадилар. Аммо бу ҳам икки қисмга бўлинади. Бир қисм кишилар ёлғиз ўзи ва бир жойда муқим турмасдан амал қилса, иккинчиси илмини кўпчиликка етказиб, бир жойда қарор топиб амал қилишади. Муаллиф буларни “албатта бу уларнинг пешвосидир”, яъни шуларга эргашиш керак, деб таърифлаган.
Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, Абу Зайд Дабусийга кўра, “шариат ҳужжатларини тафсирдан таъвилигача, шариат усулларидаги фиқҳ йўлларини иллатларигача билувчи ва бу билан ўзини гуноҳдан сақлаган, бир жойда муқим туриб, бошқаларни ҳам даъват қилиб, илмига амал қилувчи киши” инсонларнинг пешвосидир.
“Аллоҳ таолога даъват қилишдаги банданинг энг юқори мартабаси Пайғамбар алайҳиссаломлар мартабасидир. Улар бу мартабани олимларга мерос қилиб қолдирдилар. Чунки Аллоҳ таоло оятлари билан ҳаққа чақирувчидир. Банда унинг амри билан унга амал қилувчидир” .
-
Абу Зайд Дабусий. Тақвим ал–адилла // Шайх Халил Муҳйиддин ал–Мийс таҳқиқи асосида /. Дор ал–кутуб ал–илмия, 2001.
-
Абу Зайд Дабусий. (Аднон Алий таҳқиқи асосида) “Тақвим ал–адилла фи усул ал–фиқҳ”. – Байрут:Мактабат ал–асрийя, 2006.
-
Абдурахмон ибн Муҳаммад ибн Халдун. Муқаддамту ибн Халдун. Димашқ.”Дар юъраб”.2003.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар. -Т: “Шарқ”,2011.
-
https://azon.uz/content/views/buyuk–mutafakkirlarimiz–abu–zayd–dabusiy