Рўза араб тилида “сиём” деб аталиб, тийилмоқни билдиради. Шариат истилоҳида эса: “Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир”. Рўзани очувчи нарсалар деганда, емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ кабилар кўзда тутилган.
Рамазон ойининг рўзаси ҳижрий иккинчи йил шаъбон ойида фарз қилинган. Бу ойнинг Рамазон деб аталишида ўзига хос ҳикмат бор. “Рамазон” сўзи арабчада иссиқда куйиб йўқ бўлиш, жазирамада қовурилиш, жигарнинг иссиқда қовжираб қолиши каби маъноларни англатади. Яъни, бу ойда мусулмон бандаларнинг гуноҳлари куйиб, йўқ бўлиб кетади.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 183-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз”, деб рўзанинг фарзини эълон қилди. 185-оятда: “Paмaзoн oйиĸи, yндa oдaмлapгa ҳидoят ҳaмдa ҳидoятy фypқoндaн ибopaт oчиқ бaёнoтлap бўлиб, Қypъoн тyшиpилгaндиp. Cиздaн ĸим y oйдa ҳoзиp бўлca, pўзacини тyтcин”, деб бу ойга етиб келганларга рўза тутишни амр қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча муборак ҳадисларида Рамазон ойининг рўзаси фарз эканини таъкилаганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб айтганлар: “Рўза дўзах ўтидан асровчи воситадир! Бинобарин, рўза тутган киши ҳақоратли сўзларни тилга олмасин, сўзлашганда бақирмасин, бировни масхара қилмасин! Агар бирор киши рўзадор билан уришса ёки уни ҳақорат қилса, рўзадор икки бор: “Мен рўзадорман”, десин! Жоним қўлида бўлган Зот – Аллоҳга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳнинг наздида мушки анбардан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Рўзадор Мени деб еб-ичмайди ва Мени деб рўза тутади, бинобарин, унинг мукофотини ўзим бераман ва ҳар бир яхшилиги эвазига мендан ўн баробар мукофот олади”, дейди”[1], дедилар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу – Абдураҳмон ибн Сохр Давсий. Абу Ҳурайра унинг куняси бўлган. Нима сабабдан Абу Ҳурайра деб лақаб олганини бундай ҳикоя қилади: “Бир мушукча топиб олгандим ва уни енгимда олиб юрардим. Шу сабабдан мени Абу Ҳурайра (мушукча эгаси) дея чақирадиган бўлишди”. Ҳижратнинг еттинчи йилида исломни қабул қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларининг баракоти сабабли у зотдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобийдир. Аллоҳ таолонинг фазли билан уч йилда 600000 ҳадис ёд олган. Бу ҳадис ривоят қилиш борасида Абу Ҳурайра алоҳида мақомга эга эканини англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайрани яктакларига ўтқазиб, уни яктаклари билан ўраб: “Эй Абу Ҳурайра, илм сенга юқсин!” деб дуо қилганлар. Абу Ҳурайра: “Ўшандан кейин ҳеч нарса эсимдан чиқиб кетмайдиган бўлди”, деб ривоят қилади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра ҳақида: “Биз ўз экинимиз, боғларимиз, чорвамиз билан машғул бўлиб турганимизда Абу Ҳурайра Пайғамбаримизнинг ёнларида аҳли суфа билан у зотдан илм ёд олар эди”, деган.
Абу Ҳурайра Абдураҳмон ибн Сохр Давсий розияллоҳу анҳу 78 ёшида ҳижрий 57 йили Мадинада вафот этган.
Ҳадиснинг умумий маъноси:
“Рўза дўзах ўтидан асровчи воситадир!”
Рамазон ойи келиши сабабли жаннат эшиклари очиб, дўзах эшиклари беркитилар экан. Шайтонлар кишанбанд қилиниб, Аллоҳ таолонинг раҳмат фаришталари ер юзига тушаркан. Рамазон ойининг фазилатларидан бири рўза ўз соҳибини дўзах ўтидан асрашидир. Инсон рўза тутиш билан гуноҳ ишлардан сақланишга ҳаракат қилади. Рўза инсондаги шаҳвоний ҳирсни бўғиб туради. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ибодатини “дўзахдан асровчи восита” деганлар.
Бинобарин, рўза тутган киши ҳақоратли сўзларни тилга олмасин, сўзлашганда бақирмасин, бировни масхара қилмасин!
Рўза тутмоқ фақат еб-ичишдан тийилиш ва шаҳвоний ҳирсни жиловлашдан иборат эмас. Рўза фарз қилинишининг асосий ҳикмати бандаларда тақво ҳосил қилиш, мусулмонларнинг маънавий-руҳий дунёсини поклашдир. Буни Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида маълум қилган.
Инсоннинг руҳий ва маънавий дунёсини поклаб, хулқини олий даражага кўтарадиган ишлардан бири бемаъни сўзлар; ҳақорат, масхаралаш, беҳуда гап-сўз, ғийбат, бўҳтонлардан тийилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутган киши ўзини мана шундай қабиҳликлардан сақлаши кераклигини таъкидлаяптилар. Тилни бундай беъмани нарсалардан сақламаслик рўзанинг асл моҳиятига путур етказиб, унинг савобидан маҳрум бўлишга олиб келиши мумкин.
“Агар бирор киши рўзадор билан уришса ёки уни ҳақорат қилса, рўзадор икки бор: “Мен рўзадорман” десин!”
Рўза тутган кишига хос бўлган одоблардан бири атрофидагилар билан чиройли муомаладир. Улардан бирортаси билан жанжаллашиб қолгудек бўлса, биродарига ўзининг рўзадор эканини эслатиб қўйиши даркор. Зеро, рўзани бузувчи омиллар сирасига фақат еб-ичиш эмас, балки тилдан чиқадиган бемаъни сўзлар ҳам киради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзанинг фазилати, мазмун-моҳияти, уни бузувчи амалларга ишора қилиб ўтганларидан кейин рўзадорнинг фазилатлари ва унинг савобларини баён қиляптилар:
“Жоним қўлида бўлган Зот – Аллоҳга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳнинг наздида мушки анбардан ҳам хушбўйроқдир”.
Рўзадор одамнинг ошқозонидан очлик сабабли чиқаётган ҳид мажозий маънода мушки анбарнинг ҳидидан ҳам афзалроқдир. Чунки бунга сабаб бўлган нарса Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиб, еб-ичишдан сақланишдир.
“Чунки Аллоҳ таоло: “Рўзадор Мени деб еб-ичмайди ва Мени деб рўза тутади, бинобарин, унинг мукофотини ўзим бераман”, дейди”.
Мусулмон одам еб-ичишдан тийилиб рўза тутишининг сабаби Аллоҳ таолонинг амрига итоат ва Унинг розилигига эришиш истагидир. Фаришталар мусулмон кишининг ҳар бир савоб амалини ёзиб боради, фақат рўза мустаснодир. Чунки, унинг савоби қанчалигини на инсон ва на фаришталар билади. Бандалар қилган бошқа хайрли, савобли ишларда холислик камайиши ёки риё аломатлари бўлиши мумкин экан, аммо фақат рўза амалида бундай ҳолатлар бўлмас экан. Шу сабабли Аллоҳ таоло банданинг рўзаси савобини фақат Ўзи билиши ва шунга яраша мукофотини ҳам Ўзи беришини айтяпти.
“…ва ҳар бир яхшилиги эвазига мендан ўн баробар мукофот олади”.
Шунингдек, рўзадор инсон қилган бошқа хайрли, савобли ишларининг ҳар бири учун камида ўн баробар мукофот олади.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Рўза – дўзахдан асраб, жаннатга элтувчи восита.
- Рўза фақат еб-ичиш ва шаҳватдан тийилишдан иборат эмас.
- Ҳақоратли, бемаъни, фаҳш сўзлар рўзани бузади.
- Рўзадор киши бошқаларга чиройли муомала қилиши зарур.
- Рўза – нафснинг тарбиячиси.
- Рўза тутишнинг ўзига хос фазилатлари бор.
- Рўзадорнинг савоби миқдорини фақат Аллоҳ таоло билади.
- Рўза тутган киши амалини холис Аллоҳ учун қилиши керак.
- Динда буюрилган амаллардан фақат рўзада риё бўлмайди.
- Рўзадор рўзадан бошқа яхши амалларининг ҳар бири эвазига ўн баробардан етти юз баробаргача савоб олади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида рўза ва унинг фазилатлари, рўзадорнинг зиммасидаги бурчлар, унинг ажр-савобларини бирма-бир баён қилганлар. Дарҳақиқат, муборак Рамазон ойи келиши билан бандаларга мана шундай улкан савоб-ажрлар эшиги очилади.
Рамазон ҳақида қуйидагиларни ҳам эслатиб ўтамиз. Бу ойда илоҳий самодан ер осмонига Қуръони карим нозил қилинган. Рамазон аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охирги ўн кунлиги дўзахдан озод бўлиш ойидир. Бу ойдаги рўзаси сабабли инсон бир йилга етгулик тақво зоди роҳиласини йиғади. Аллоҳ таолога имон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутган кишининг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади. Жаннатнинг “Раййон” деб аталадиган дарвозасидан фақат рўзадорлар киради. Шунингдек, Рамазонда Қадр кечаси борки, унинг фазилатлари Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда ўз ифодасини топган.
[1] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. – Б 311. Рўза китоби, 2-Боб. Рўза тутмоқнинг фазилати. 1894-ҳадис.