Ҳозирги глобаллашув жараёнида тинчлик дини – исломни инсонларга нотўғри талқин қилаётган гуруҳлар унга туҳмат тошлари отилишига сабабчи бўлмоқда. Дин ниқоби остида фаолият юритаётган оқимлар, партия ва ташкилотлар муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимизга катта зарар келтирмоқда. Шу ва бошқа кўплаб омиллар ислом ҳақида қўпорувчилик билан боғлиқ нотўғри тушунчаларни шакллантирди. Баъзи гуруҳлар номидан амалга оширилаётган террористик амалиётлар шундай хулосага сабаб бўлаётган ва буни амалга ошираётганлар исломни ёйишнинг биргина йўли – қуролдан фойдаланиш ва бу нарса манбаларда айтилган, деб алдасалар, бунга қарши туришда фақат шу манбаларга мурожаат қилиш орқалигина муваффақият қозониш мумкин.
Умумий жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда, исломнинг бошқа динлар билан муносабатини кўриб чиқиш, исломда инсоннинг мавқеи ва тинчлик устуворлигига эътибор қаратиш муҳим омил ҳисобланади.
Муқаддас китобига эга бўлган бошқа дин вакиллари – “аҳли китоб”ларни ўрганишда Қуръон матни ичида уч хил даражани ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу даражаларнинг биринчиси асл самовий матн – “Лавҳул Маҳфуз” бўлиб, у Қуръони каримда турли номлар билан келган, энг муҳимлари “Уммул китоб”, “Зикр”, “Яширинган китоб” ва “Очиқ имом”.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
يَمۡحُواْ ٱللَّهُ مَا يَشَآءُ وَيُثۡبِتُۖ وَعِندَهُۥٓ أُمُّ ٱلۡكِتَٰبِ
“Ўзи хоҳлаган нарсани (яъни ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) қолдиради. Она Китоб (Лавҳул маҳфуз) Унинг ҳузуридадир”[1].
Бошқа бир оятда:
وَإِنَّهُۥ فِيٓ أُمِّ ٱلۡكِتَٰبِ لَدَيۡنَا لَعَلِيٌّ حَكِيمٌ
“Дарҳақиқат, у (Қуръон) даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул маҳфузда) олий мақом ва пур ҳикмат (битик)дир”[2], дейилган бўлса, яна бирида:
وَلَقَدۡ كَتَبۡنَا فِي ٱلزَّبُورِ مِنۢ بَعۡدِ ٱلذِّكۡرِ أَنَّ ٱلۡأَرۡضَ يَرِثُهَا عِبَادِيَ ٱلصَّٰلِحُونَ
“Биз Зикрдан сўнг Забурда: “Албатта, ерга фақат Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар”, деб ёзиб қўйгандирмиз”[3], деб нозил қилинган.
Аввалги китоб ва саҳифалар
Маълумки, барча муқаддас китоблар, қайси тилда ёзилганидан қатъи назар, ушбу асл самовий матннинг кўринишларидан бири ҳисобланади.
“Китоб” сўзи диний тушунчада “пайғамбарларга нозил қилинган” маъносидаги кенг қамровли сўз бўлиб, умуман олганда, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларида исмлари зикр қилинган пайғамбарларга нозил қилинган “аввалги саҳифалар”ни ҳам ўз ичига олади.
Ибн Ҳиббон ўзининг “Саҳиҳ”ида, шунингдек, Ибн Мардувайҳ, Абд ибн Ҳумайд Кеший ва Ибн Асокир ривоят қилган ҳадисга кўра нозил қилинган китоблар сони бир юз тўрттага етади.
Буни Суютий “Ад-Дуррул мансур”да ва Қуртубий “Тафсир”ида қуйидагича келтиради:
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳ таоло нечта китоб нозил қилган?” деб сўради. У зот: “Бир юз тўрт китоб. Шис алайҳиссаломга эллик саҳифа, Идрис алайҳиссаломга ўттиз саҳифа, Иброҳим алайҳиссаломга ўн саҳифа, Тавротдан олдин Мусо алайҳиссаломга ўн саҳифа, Таврот, Инжил, Забур ва Фурқонни нозил қилди”, дедилар”.
Исломда инсон мавқеи
“Инсон” сўзи Қуръони карим оятларида жуда кўп зикр қилинади. Уларда бу сўзнинг ўзи ёки одамлар, киши, эркак, аёл, нафс каби бошқа сўзлар билан бирга келади. Эътиборни тортадиган нарса шундаки, инсоннинг борлиқдаги саёҳати унинг туғилишидан аввал бошланади:
وَلَقَدۡ خَلَقۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ مِن سُلَٰلَةٖ مِّن طِينٖ ثُمَّ جَعَلۡنَٰهُ نُطۡفَةٗ فِي قَرَارٖ مَّكِينٖ ثُمَّ خَلَقۡنَا ٱلنُّطۡفَةَ عَلَقَةٗ فَخَلَقۡنَا ٱلۡعَلَقَةَ مُضۡغَةٗ فَخَلَقۡنَا ٱلۡمُضۡغَةَ عِظَٰمٗا فَكَسَوۡنَا ٱلۡعِظَٰمَ لَحۡمٗا ثُمَّ أَنشَأۡنَٰهُ خَلۡقًا ءَاخَرَۚ فَتَبَارَكَ ٱللَّهُ أَحۡسَنُ ٱلۡخَٰلِقِينَ
“Қасамки, Биз инсонни (Одамни) лойнинг сарасидан яратдик. Сўнгра уни (инсон наслини, аввало) мустаҳкам қароргоҳ (бачадон)даги маний қилдик. Сўнгра (бу) манийни лахта қон қилиб яратдик, бас, лахта қонни парча гўшт қилиб яратдик, бас, парча гўштни суяклар қилиб яратиб, (бу) суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киритиб, олдинги ҳолидан бутунлай) бошқача бир вужудни пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали – Аллоҳ баракотлидир!”[4]
Кейин ўлим бекатига келади:
ثُمَّ إِنَّكُم بَعۡدَ ذَٰلِكَ لَمَيِّتُونَ
“Сўнгра, албатта, сизлар (эй инсонлар!). Мана шундан кейин, албатта, вафот этувчидирсиз”[5].
Ундан кейин охиратдаги ҳисоб-китоб уни кутиб туради:
ثُمَّ إِنَّكُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ تُبۡعَثُونَ
“Сўнгра сизлар, албатта, қиёмат куни қайта тирилурсиз”[6].
Қуръон инсоннинг бу икки бекат орасидаги ўзгарувчан, бир ҳолатда қарор топмайдиган ҳаётини мисли кўрилмаган тарзда тасвирлаган:
يُرِيدُ ٱللَّهُ أَن يُخَفِّفَ عَنكُمۡۚ وَخُلِقَ ٱلۡإِنسَٰنُ ضَعِيفٗا
“Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилганда![7]
قُل لَّوۡ أَنتُمۡ تَمۡلِكُونَ خَزَآئِنَ رَحۡمَةِ رَبِّيٓ إِذٗا لَّأَمۡسَكۡتُمۡ خَشۡيَةَ ٱلۡإِنفَاقِۚ وَكَانَ ٱلۡإِنسَٰنُ قَتُورٗا
(Эй, Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: “Агар сизлар Раббим-нинг раҳмат (ризқ) хазиналарига эга бўлсангиз, ўшанда ҳам (уни) ишлатишдан қўрқиб, мумсиклик (бахиллик) қилган бўлур эдингиз”. (Чунки) инсон зоти хасис бўлур[8].
إِنَّا عَرَضۡنَا ٱلۡأَمَانَةَ عَلَى ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَٱلۡجِبَالِ فَأَبَيۡنَ أَن يَحۡمِلۡنَهَا وَأَشۡفَقۡنَ مِنۡهَا وَحَمَلَهَا ٱلۡإِنسَٰنُۖ إِنَّهُۥ كَانَ ظَلُومٗا جَهُولٗا
Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир”[9].
۞إِنَّ ٱلۡإِنسَٰنَ خُلِقَ هَلُوعًا إِذَا مَسَّهُ ٱلشَّرُّ جَزُوعٗا وَإِذَا مَسَّهُ ٱلۡخَيۡرُ مَنُوعًا
“Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки, унга ёмонлик (камбағаллик ёки мусибат) етса, у ўта бардошсизлик қилувчидир. Қачонки, унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта ман этувчи (бахил)дир”[10].
Барча одамларнинг келиб чиқиши ирқи, ранги ва эътиқодидан қатъи назар бирдир:
وَهُوَ ٱلَّذِيٓ أَنشَأَكُم مِّن نَّفۡسٖ وَٰحِدَةٖ فَمُسۡتَقَرّٞ وَمُسۡتَوۡدَعٞۗ قَدۡ فَصَّلۡنَا ٱلۡأٓيَٰتِ لِقَوۡمٖ يَفۡقَهُونَ
“У сизларни бир жон (Одам алайҳиссалом)дан пайдо қилган зотдир. Демак, (инсон учун она қорни) қароргоҳ ва (ота пушти) омонатгоҳ (экан). Фаҳмлайдиган қавм учун оятлар тафсилотини бердик”[11].
Қуръоннинг бошқа кўплаб оятлари ҳам инсониятнинг асли бир эканини турли шаклларда таъкидлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Видолашув хутбаларида одамларнинг Раббиси ва отаси бир эканига ишора қилганлар.
Инсон эса ҳурмат-эҳтиромга лойиқ, Худонинг ердаги ўринбосари эмасми?
Фаришталар сажда қилган зот эмасми?
Фақат у омонатни адо қилишга розилик бермаганмиди?
Исломда инсонни шу тарзда улуғлаш орқали унинг қадр-қиммати этник, миллий ва диний томондан фарқланмайди, унинг умумбашарий бирлиги ҳақидаги нуқтаи назарига кўра, инсониятнинг илоҳий ҳурмат ва ердаги ўринбосарлик жиҳатларида тенглиги англанади.
Инсоний ўлчовнинг бундай етук тушунчасидан келиб чиқиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийнинг тобутига эҳтиром учун туриши ажабланарли эмас эди.
Демак, одамга таҳдид ёки бошқа йўл билан инсон ҳаётининг муқаддаслиги бузилмаслиги керак:
مِنۡ أَجۡلِ ذَٰلِكَ كَتَبۡنَا عَلَىٰ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ أَنَّهُۥ مَن قَتَلَ نَفۡسَۢا بِغَيۡرِ نَفۡسٍ أَوۡ فَسَادٖ فِي ٱلۡأَرۡضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ ٱلنَّاسَ جَمِيعٗا وَمَنۡ أَحۡيَاهَا فَكَأَنَّمَآ أَحۡيَا ٱلنَّاسَ جَمِيعٗاۚ وَلَقَدۡ جَآءَتۡهُمۡ رُسُلُنَا بِٱلۡبَيِّنَٰتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرٗا مِّنۡهُم بَعۡدَ ذَٰلِكَ فِي ٱلۡأَرۡضِ لَمُسۡرِفُونَ
“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”. Уларга расулларимиз (илоҳий) ҳужжатларни келтирганлар. Сўнгра уларнинг кўпчилиги ўшандан кейин (ҳам) Ерда исроф қилувчилардир”[12].
Оятда зикр қилинганидек бир одамни ўлдириш, гўё барча одамларни ўлдиргандек оғир гуноҳ бўлади. Ва бу фақат яҳудийларга эмас, балки динидан қатъи назар, бутун инсониятга тегишли экани аниқ кўриниб турибди.
Ало Солиҳ Абдунаим Ҳилот оятни тафсир қилиб: “Аллоҳ таоло бу оятда мусулмон билан ғайримусулмонни, эркак ва аёлни, ирқ, жинс, уруғ ёки қабилани бир-биридан ажратмаган”, дейди.
Инсон ҳаётини асраб-авайлаш жонни ҳимоя қилиш доирасига киради, бу диннинг бешта зарурий мақсадларидан биридир.
Тинчлик устуворлиги
Ислом сўзи тинчлик, омонлик, бўйсуниш ва саломатлик каби маъноларни англатиши бежиз эмас. Ислом тинчлик дини бўлгани учун, мусулмон киши кимга дуч келса, унга яхшилик ва омонлик тилаб салом беришни жорий қилди.
Бундан ташқари, “Салом” Аллоҳнинг энг гўзал исмларидан бири:
هُوَ ٱللَّهُ ٱلَّذِي لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡمَلِكُ ٱلۡقُدُّوسُ ٱلسَّلَٰمُ ٱلۡمُؤۡمِنُ ٱلۡمُهَيۡمِنُ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡجَبَّارُ ٱلۡمُتَكَبِّرُۚ سُبۡحَٰنَ ٱللَّهِ عَمَّا يُشۡرِكُونَ
“У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчидир”[13].
Тинчлик сўзи урушнинг муқобили сифатида тор маънода бўлиши мумкин. Лекин у кечиримлилик, зўравонликдан сақланиш, вазминлик, меҳрибонлик, бағрикенглик, низоларни ҳал қилиш, одил ҳакамлик ва жоҳиллар билан оқилона суҳбатлашиш маъноларида кенг қамровли тушунчадир.
Масалан, тинчликка интилиш Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларида яққол кўзга ташланади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир гуруҳ яҳудийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кириб, “Ассому алайка” (Сенга ўлим бўлсин), дейишди. У зот: “Сизларга ҳам”, дедилар. Оиша: “Сизларга ҳам ўлим бўлсин, Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошилма, эй Оиша! Қўполлик ва фаҳшдан сақлан”, дедилар. У: “Улар нима деганини эшитмадингизми?!” деди. “Мен ҳам “Сизларга ҳам”, деганимни эшитмадингми? Улар ҳақида айтганларим ижобат қилинади, уларнинг мен ҳақимда айтгани ижобат қилинмайди”, дедилар”[14].
Тинчлик биринчи ислом жамиятида, мусулмонларнинг аҳли китоб билан муносабатларини ички доирада тартибга солиш учун “Мадина шартномаси” номи билан машҳур ҳужжатда тасдиқланган бўлса, ташқи алоқалар даражасида давлатнинг бошқа давлатлар билан тинчлик ва уруш ҳолатида тузган кўплаб шартномалари асосида ўрнатилади.
Бироқ, экстремистик оқимларнинг айнан мусулмонлар орасида пайдо бўлаётганига гувоҳ бўлиб турган кўпчилик ислом уруш дини эканини таъкидлайди. Натижада, Қуръони карим даъват этган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳолларида ўз аксини топган тинчликка мойиллик эътибордан четда қолади.
Улар баъзи оятлар ва айрим ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини ушлаб олиб, бағрикенглик, тажовуз қилмаслик ва тинчликка чорловчи юзлаб оят-ҳадисларни унутишади. Ваҳоланки,
لَآ إِكۡرَاهَ فِي ٱلدِّينِۖ قَد تَّبَيَّنَ ٱلرُّشۡدُ مِنَ ٱلۡغَيِّۚ
“Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”[15].
Қолаверса, бошқа бир оятда:
ٱدۡعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِٱلۡحِكۡمَةِ وَٱلۡمَوۡعِظَةِ ٱلۡحَسَنَةِۖ وَجَٰدِلۡهُم بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُۚ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعۡلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِۦ وَهُوَ أَعۡلَمُ بِٱلۡمُهۡتَدِينَ
“(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!”[16] деб марҳамат қилинган.
Ислом одамларни унга киришга мажбурламайдиган, нотинчлик позициясидан устун турувчи, мусулмон бўлмаганларга ҳам инсон сифатида эҳтиром кўрсатишимизни буюрувчи дин экани таъкидланган.
وَإِنۡ أَحَدٞ مِّنَ ٱلۡمُشۡرِكِينَ ٱسۡتَجَارَكَ فَأَجِرۡهُ حَتَّىٰ يَسۡمَعَ كَلَٰمَ ٱللَّهِ ثُمَّ أَبۡلِغۡهُ مَأۡمَنَهُۥۚ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمۡ قَوۡمٞ لَّا يَعۡلَمُونَ
“Агар мушриклардан бирортаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни хавфсиз жойига етказиб қўйинг! Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари сабаблидир”[17].
Муҳаммад Абдуллоҳ Дарроз: “Кўряпсизми, биз мусулмон бўлмаганларни ҳам ҳимоя қилишимиз, уларга бошпана беришимиз ва фақат ўз маҳалламиздаги хавфсизликни кафолатлашимиз, уларни ҳақ ва тўғри йўлга йўналтиришимиз ҳам етарли эмас экан. Балки, улар хоҳлаган жойга етгунларича уларни ҳимоя қилиш ва ҳаракатларида ғамхўрлик қилишни буюрмоқда”, дейди.
Жиҳод тушунчаси
Исломда жиҳод соф мудофаа характерига эга экани исботланган ва жанг қилиш ҳақидаги барча буйруқлар, биринчи ўринда фақат ўзини ҳимоя қилиш учун бўлгани билан таъкидланади. Аввало уларнинг ҳеч бири тажовузкор уруш олиб боришга ишора қилмайди, иккинчидан, улар вақтинчалик хусусиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим ва келажак авлод учун мажбурий буйруқ сифатида қаралмаслиги керак.
Ва яна шуни қўшимча қилиш керакки, “жиҳод” сўзи классик араб тилида инсоннинг бор кучини кўрсатиши, ҳаракат қилиши, курашиши ёки ўзини қатъият, тиришқоқлик, матонат, жиддийлик, иштиёқ билан ишлашга ундашини англатади.
Ислом фатҳлари уруш ахлоқи бўйича умумбашарий сабоқлар беради, бу унда қўпорувчилик хулқ-атвори йўқлигини кўрсатиб, бошқа тузумлардан ажралиб туришига сабаб бўлади.
Бунинг яққол мисолини биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳижрий 12 йилда Усома ибн Зайд бошчилигидаги қўшинни исломни ёйиш учун Шомга юбораётганида айтган хутбаларида кўрамиз:
“Бузғунчилик, адоват ва хиёнат қилманглар. Ёш болаларни, қарияларни ва аёлларни ўлдирманг, хурмо дарахтларини кесманг ва ёқиб юборманг, мевали дарахтни кесманг. Қўй, сигир ва туяларни овқатдан бошқа нарса учун сўйманг. Ўзларини ибодатхоналарга бағишлаган одамларнинг ёнидан ўтасизлар, уларни тек қўйинг”[18].
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, тинчлик ислом дини таянган энг муҳим тамойиллардан бири. Бу нарса унинг ўша даврда дунёнинг турли бурчакларигача тез тарқалишига асосий сабаблардан бири бўлган. Бу эса ислом дини қилич билан тарқалди, деган нотўғри тушунчани бутунлай йўққа чиқаради. Мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан алоқалар ўрнатмаганида ва инсоний қадриятларни улар билан баҳам кўрмаганида, бу иш амалга ошмаган бўларди.