Ўзининг Каломи шарифида «Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб марҳамат қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
«Ихтилоф қилманглар! Яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин!», деган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.
Ҳар бир масалани Қуръон ва ҳадис орқали батафсил баён қилиб, бизларга фақатгина амал қилишнигина қолдириб кетган уламоларимизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Ҳақиқатан ҳам аҳли сунна вал жамоа уламоларимиз ақидавий масала бўладими, фиқҳий ҳукмлар бўладими – барчаси ҳақида кечаларини бедор қилиб, не заҳматлар ила уларни баён қилиб кетганлар. Эндиликда бизларга уларни ўрганиб, тушуниб, ҳаётга татбиқ қилиш ва амал қилиш қоляпти, холос.
Баъзи жоҳил, илмсиз кишиларни учратамизки, уларнинг хаёли, бутун фикрию зикри фақат ихтилофда, мусулмонлар неча асрлардан бери тойилмай амал қилиб келаётган ишларда фитна чиқариш билан овора бўладилар. Чунки улар бу ишга ўзлари ҳақли бўлмасдан туриб, далиллар борасида ақллари етмасдан туриб киришиб олганлар, эндиликда уларга тўғри йўл кўрсатилса ҳам англамайдилар.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасининг 46-оятида ихтилоф, ўзаро тортишувнинг зарарларини баён қилади.
«Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир».
Демак, заифлашиш ва куч-қувватнинг кетишига асосий сабаб ўзаро тортишиш, ихтилофларга берилиш ва бундан келиб чиқадиган парокандалик экан.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кишининг бир оятни ўқиганини эшитдим, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундан бошқача ўқиганларини эшитган эдим. Шунда уни Набий соллаллоҳи алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келиб, У зотга бор гапни айтдим. У зотнинг юзларидан ёқтирмаганларини пайқадим. Шунда У зот: «Иккингиз ҳам тўғри қилгансиз. Ихтилоф қилманглар, чунки сизлардан аввалгилар ихтилоф қилишди ва ҳалок бўлишди», дедилар”.
Устозларимиздан бирлари айтган эдилар, саф масаласини ўқиганимда Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф роҳимаҳумаллоҳлар бир фатвони айтганлар. Имом Муҳаммад бўлса бошқа фатвони айтганлар. Бизнинг диёрларда бўлса Имом Муҳаммадникига амал қилинади. Ҳайрон бўлиб, югуриб бориб устозимдан нимага биз Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф роҳимаҳумоаллоҳларнинг фатвосини олмаганмиз, деб сўрасам, устозим сиз нима учун уларни олмаганмиз, деб эмас, нимага Имом Муҳаммаднинг фатвосини олганмиз, деб қидиринг дея жавоб берганлар. Ҳақиқий уламолар ана шундай йўлни тутганлар, яъни, халқни тафриқага солишга эмас, балки бирлаштиришга ҳаракат қилганлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги кунда баъзи ҳукмлар борасида ихтилофга тушиб қолинса, араб тилини билмайдиган, диний маълумоти бўлмаганлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари каби уламоларнинг китобларига мурожаат қилиши мумкин. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари халқимиз орасида тушунмовчиликка сабаб бўлган масалаларни жамлаб, «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар» номли алоҳида китоб ҳам таълиф этганлар. Шунингдек, диний идора қошида фатво маркази мавжуд бўлиб, ўша жойга хоҳ интернет орқали, хоҳ телефон орқали саволларимизни бериб, ўша заҳоти уламолардан батафсил ва илмий асосланган жавобларни олишимиз ва орамиздаги ихтилофларни бартараф этишимиз мумкин.