Home / МАҚОЛАЛАР / ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИДА ИДЕНТИФИКАЦИЯ МУАММОСИ

ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИДА ИДЕНТИФИКАЦИЯ МУАММОСИ

Ота-боболаримиз, аждодларимиз, айниқса илм-фан борасидаги алломаларимиз кишиларнинг камолоти масаласига  алоҳида эьтибор берганлар. Улар инсоннинг ўз­-ўзини англаши, жамиятда ўз ўрнини топиши, ижтимоий­психологик тараққий этиб боришини узоқ йиллар давомида ўрганишган.

Форобий – «Маълум халқ ва бутун инсоният тўплаб келган маънавий-миллий мероси, «руҳлар»и, яъни шахсларнинг маънавияти, онги миллийлашиб, бир-бири билан қўшилиб боради» [3] – деган эди. Форобий қарашларининг фазилатларидан бири халқларни бир-бирига қарши ва бир-биридан устун қўймаган, балки уларни бутун инсониятнинг ажралмас қисми сифатида талқин қилади. Абу Наср Форобийнинг адолатли жамият, оламнинг абадийлиги, ватанпарварлик ҳақидаги ғоялари, ёш авлодни ватанпарварлик, ўз ватанига ва халқига сидқи дилдан ҳурмат эҳтиром руҳида тарбиялашда маънавий озуқа бўлиб хизмат қилади.

Абу Райҳон Беруний илм фаннинг буюк ҳомийси ва мухлиси сифатида мамлакатимизнинг ободончилиги, илм-фаннинг гуллаб-яшнаши, одамнинг бахти, унинг билими ва маърифатида деб билади. Унинг яратган асарларида ҳар бир инсон ўз қалбининг фармойишига кўра хайр-эзгуликка интилишини таъкидлайди. Беруний асарларида ҳам мансублик масаласи ўз ифодасини топган. Беруний қараши бўйича, «ҳар бир халқ қандайдир фан ёки тажрибанинг ривожланганлиги билан фарқланади» [1]. У «Тарихул Ҳинд», «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» каби асарларида бошқа халқлар вакилларининг у ёки бу илмий соҳалардаги муваффақиятларини очиқ кўнгил билан таҳлил қилади ва бошқа миллат, халқларни  камситмайдиган фикрлар асосида уларнинг ҳам онгида ўзига хос миллийлик шаклланиб боришини кўрсатади. Беруний олға сурган инсонпарварлик ғоялари, маънавий қадриятлар хусусидаги фикр ўгитлари мустақиллик даврида ёшларни баркамол инсон этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Буюк қомусий олим сифатида барча ҳодисаларнинг моҳиятини илмий жиҳатдан очиб беришга ҳаракат қилган Шарқ мутафаккирларидан бири Абу Али Ибн Синодир. Унинг педагогик-психологик қарашлари илмий асосда қурилган бўлиб, у бола характери ва тасаввурлари тарбиясида умуминсоний ғоялар қўлланилишини ёқлаб чиққан ва тарбиячи, ота-оналарга уни қаттиқ тан жазосидан кўра, шахсий ибрат орқали тарбиялаш маъқуллигини кўрсатган. Унинг фикрча, болада мансубликнинг шаклланиши, аввало, ота­онанинг таъсирида кечади.  Мутафаккирнинг «Донишнома», «Рисолаи ишқ», «Уй хўжалиги», «Тиб қонунлари» каби қатор асарлари Ўрта Осиё халқлари одоб-ахлоқи психологияси ва табобат оламида алоҳида ўрин тутган йирик тадқиқотлардан ҳисобланади. Мутафаккирнинг меҳнатсеварлик ҳисси борасидаги фикрлари ҳам диққатга сазовордир. Жумладан, у ҳар бир болани бирор ҳунарга ўргатмоқ шарт дейди. Ёш йигит бирор ҳунарни ўрганса, уни ҳаётга татбиқ эта олса ва мустақил ҳунар туфайли оилани таъминлайдиган бўлсагина, отаси уни уйлантириб қўймоғи лозим, деб ҳисоблайди. Ўспирин ҳунар эгаллаши билан унда нафақат ахлоқий ҳислар, балки характернинг иродавий ҳислари ҳам таркиб топиб, мустаҳкамлана бошлайди. Ҳунар эгаллаш орқали ўспиринларда сабр бардошлилик, чидамлилик, меҳнатсеварлик, ишбилармонлик, тадбиркорлик, зукколик каби сифатлар вужудга келади.

ХI асрнинг буюк мутафаккири ва шоири Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг «Қутадғу билик» асарида этика ва ҳаётга оид қарашларини баён қилади. У одамнинг Аллоҳ томонидан яратилганлигини ҳамда одамнинг дунёга келиши ва унинг келажакда қандай одам бўлиб вояга етишиши, аждоди ва келиб чиқишига, ҳаётда шуғулланаётган фаолиятига, атрофга нисбатан муносабатига боғлиқлигини айтиб: «Кимнинг насли отадан бошлаб тоза бўлса, ундан элга яхшилик, кўп манфаатлар келади», деб ҳисоблайди. Юсуф Хос Ҳожибнинг ўқтиришича, – «Ҳар бир киши жамиятга муносиб бўлиб камол топмоғи даркор. Бунинг учун у туғилган кунидан бошлаб зарур тарбияни олмоғи лозим» [4] – деган фикрни олға суради.

Башарият шоири Жалолиддин Румий ҳазратлари ҳам инсон ўзини англаши тўғрисида қимматли фикрларни келтириб, қуйидагиларни ёзади: «Сен ҳамма нарсани унутишинг мумкин, ёлғиз бир нарсани нечун дунёга келгансан, шуни унутмасанг бас. Ўзингни арзон сотмагайсан, илло баҳойинг баланд»[2]. Умумбашарий, маънавий қадриятлар қолдирган алломаларимизнинг ўгитлари, ҳикматлари, панд-насиҳатлари бугунги кунда ёшларни маънан бой ҳамда ўзлигини англашида жуда қўл келмоқда.

Улар умр бўйи олам моҳияти, инсон моҳиятини тадқиқ этишга имкон берувчи ҳикматлар яратган, ватанпарварликни, ўз-ўзини англашни, эл-юртга садоқатни ва софликни куйлаганлар.

Шундай қилиб таъкидлаш керакки, буюк алломаларимиз минг йиллар давомида инсон шахсини камолоти асосида уни ўз-ўзини англашини қўйганлар. Улар олдинга сурган ватанпарварлик, инсонпарварлик ғоялари, маънавий қадриятлар тўғрисидаги фикр, ўгитлари мустақиллик даврида ёшларни комиллигини таъминлашда катта ўрин эгалламоқда.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
  1. Абу Райҳон Беруний. Тарихул Ҳинд. Танланган асарлар. – Т., 1997. – 20-40 б.
  2. Жалолиддин Румий . Ичиндаги ичиндадур. – Т.: «Янги аср авлоди», 2003. – Б. 199.
  3. Форобий. Фозил одамлар шаҳри. – Т., 1993. – Б. 162.
  4. Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билик». – Т.: Юлдузча, 1971. – 84 б.
Темур МАРАТОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …