Хабарингиз бор, айни пайтда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ҳаж ва умра хизматлари конференция-кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги юртимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Сафар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комиловнинг «Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги муштарак муносабатлар ҳар икки давлатнинг тараққиётига хизмат қилмоқда» номли мақоласи Саудия Арабистони оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Жумладан, мақолада Ўзбекистон ўзининг тарихи ва цивилизацияси, араб ва ислом илмларини йўлга қўйишдаги улкан илмий аҳамияти билан Марказий Осиёнинг энг муҳим давлатларидан бири экани таъкидланган. Шу билан бирга, Ўзбекистон – Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз борган.
“Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. 2022 йилда икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланди.
Ўтган даврни ҳисобга оладиган бўлсак, ўзаро муносабатлар изчил ривожланиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Бунинг асосий сабаби ҳар икки давлатни боғлаб турган тарихий, маданий, маърифий, ижтимоий ва диний алоқалардир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан умумий манфаатларга эришишга асосланган дўстона ташқи сиёсат самарасида Подшоҳлик билан ҳамкорлик алоқалари, айниқса, кейинги олти йилда ривожланиб, юксак босқичга кўтарилди”, дейилади мақолада.
Шунингдек, муаллиф икки давлат делегацияларининг йиллар давомидаги алоқаларини алоҳида эътироф этади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигига расмий ташрифи ана шу муносабатларнинг авж нуқтаси бўлганини қайд этади.
Хабарингиз бор, 2022 йилнинг 29-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзан Ал-Рабия бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Унда муқаддас қадамжоларга саёҳатлар ташкил этиш, жумладан, фуқароларимизнинг Саудия Арабистони Подшоҳлигида бўлишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшма ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинганди. Мақолада мазкур ташриф ҳақида сўз юритилар экан, Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотаси икки бараварга кўпайтирилиб, 24 минг нафар ҳожига, зиёратчилар улушини эса 100 минг нафарга етказиш бўйича келишув имзолангани ўзаро алоқаларнинг муштарак эканидан дарак бериши қайд этилади.
Академия ректорининг мазкур мақоласи Саудия Арабистони оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиб, юксак эътирофларга сазовор бўлди.
Айни пайтда делегация аъзоларининг хизмат сафари давом этмоқда.