Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙНИНГ МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙНИНГ МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

Ўрта аср Шарқ мутафаккирлари жамият, унинг вужудга келиши, шаклланиши ва вазифалари ҳақида кўпгина асарлар ёзиб қолдирган. Шу жумладан, Абу Райҳон Берунийнинг (973-1048) илмий меросида ҳам жамиятнинг вужудга келиши ва эволюциясининг таҳлил этилганини кўришимиз мумкин.

Беруний жамият тузилишининг унсурлари орасидаги муносабат ва алоқаларни кўрсатиб, уларни ижтимоий ҳаётдаги ролини аниқлаган. Мутафаккир кишилик жамиятининг вужудга келиши, шаклланиши ва ривожланишини чуқур ўрганган ва ўз даври учун ҳам, бугунги давр учун ҳам аҳамиятли бўлган ижтимоий-фалсафий фикрларни билдирган олимдир. Берунийнинг фикрича, одамлар жамоага икки сабабга кўра, яъни яшаш учун курашда хавфни бартараф этиш ва биргаликда ишлаш учун бирлашган.

Беруний ўз даврининг фарзанди сифатида давлат тузумининг қонун-қоидаларини ёқлади. Аммо шу билан бирга ҳукмдорга ақл ва адолат хос бўлиши керак, деган фикрга келади. Шунингдек, ахлоқий меъёрларга зид хатти-ҳаракатларни қоралайди. У ҳукмдорлар бўлиши зарурлигини ҳам, ҳокимиятнинг меросийлик тамойилини ҳам, хусусий мулкнинг, шу жумладан, ер мулкчилигининг муқаррарлигини ҳам тан олган. Бироқ Берунийнинг фикрича, ҳукмдор зарур сифатларга, яъни адолатга ва ақлга эга бўлиши зарур. Беруний ҳар қандай зўравонлик, золимлик, шафқатсизлик, миллий, ирқий ва диний тенгсизликнинг душмани эди.

Берунийнинг жамият ҳақидаги қарашлари маҳаллий ва хорижий адабиётларда махсус ўрганилмаган. Олимнинг жамият ҳақидаги фикрлари ўзининг оригиналлиги билан катта қизиқиш уйғотади. Берунийнинг ижтимоий қарашларининг қизиқарли томони шундаки, у даставвал қомусий олим сифатида илмий-тадқиқот методини ишлаб чиқишга интилди. Бу методнинг асосий хусусияти ўрганилаётган ҳодисаларга тажрибавий, рационал ёндашиш бўлиб, унинг энг муҳим талаби – оғишмай ҳақиқатга интилишдан иборат.

Абу Наср Форобий ижтимоий масалалар бўйича яхлит таълимот яратган бўлса, Беруний ўзининг асарларида ўзи яшаган даврнинг ўзига хос хусусиятларини, тарихий воқеаларни мантиқий таҳлил қилган.

Аллома “Осор ал-боқия” асарида жамиятнинг вужудга келиши сабабларини башарият тарихи билан боғлайди. “Қадимги тарихларнинг энг аввалгиси ва энг машҳури башариятнинг бошланишидир. Китоб аҳллари бўлмиш яҳудийлар, христианлар, оташпарастлар ва буларнинг барча синфида башариятнинг бошланиши ва унинг тарих боши қилиб олиниши хусусида шундай ихтилофлар мавжудки, тарихлар ҳақида бу каби хилма-хиллик бўлиши мумкин эмас” [1:50], деб кўпгина тарихий воқеаларнинг нотўғри талқин этилганини исботлашга ҳаракат қилиб, уларни қиёсий таҳлил этган.

Беруний муқаддас китоблардаги башариятнинг вужудга келиши ҳақидаги хабарларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, “Биз аввало, мана шу башариятнинг бошланиш тарихига назар солсак, бу ҳақда у миллатларнинг орасида кўпгина ихтилофларни учратамиз. Ихтилофлар шуларки, эронийлар ва оташпарастлар оламнинг умри буржлар ва ойлар сонига мувофиқ ўн икки минг йил деб даъво қилган. Улар шариатининг асосчиси Зардушт эса олам пайдо бўлишидан то ўзи юзага чиққунича чорак кунлар қўшилиб уч минг йил ўтди” [1:51], дейди. Яъни Беруний бу масалани илмий-фалсафий жиҳатдан ўрганиб, пайғамбарлар ва муқаддас китоблардаги ихтилофларни кўрсатишга ҳаракат қилади.

Беруний жамият ҳақидаги қарашларида ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий вазиятидан келиб чиқиб, давлатни бошқаришда ворисийлик масаласини олдинги ўринга қўйганини қуйидаги фикрларидан билиб олиш мумкин. “Табиат жиҳатидан бошқариш ва сиёсат ишига қизиқувчи, бошлиқ бўлишга фазилати ва кучи билан ҳақли, фикрда саботли, давлатни ўзидан кейингиларга қолдириб, уларнинг ўз ота-боболарига қарши бўлмаслигини мақсад қилиб олган киши берган ҳар бир буйруқ, буюрилган киши олдида, турғун тоғлар сингари маҳкам бўлиб, бу буйруқ кўп вақтлар ва узун замонлар ўтса ҳам, кейингилар ҳам бўйсунади [2:88]. Яъни Берунийнинг давлатни бошқаришда собитқадамлик, адолатли бўлиш, қонун устуворлиги ҳақидаги ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Шу билан бирга “агар подшоҳ буйруқни беришда миллий ва диний бирон томонга асосланса, бир қориндан бир вақтда икки бола туғилганидек, подшоҳлик ва дин иши бирлашиб буйруқ тўлиқ ва тугал бўлади, тўлиқликнинг нариги томонида кўзда тутиладиган ғоя ва мақсад йўқ” [2:88]. Бундан кўринадики, давлатни бошқаришда дин ва дунёвий ишлар қонун асосида мутаносиб бўлиши кераклиги айтилмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Берунийнинг ижтимоий борлиқ ҳақидаги қарашлари ҳанузгача чуқур тадқиқ этилмаган. Олимнинг ижтимоий борлиқ ҳақидаги қарашларининг аҳамиятли томони шундаки, у қомусий олим сифатида жамият ҳаётини ўрганиш методини ишлаб чиқишга интилган.

Мутафаккир жамиятни шунчаки кишиларнинг йиғиндиси деб эмас, балки ўзаро бир-бири билан ижтимоий-маънавий, ахлоқий алоқада бўлган кишиларнинг бирлигини ифодаловчи тушунча деб ҳисоблайди. У инсоннинг ёлғиз ўзи ҳал қилувчи қудратга молик эмас, унга куч-қудратни фақат жамият бера олади, деган илғор конструктив ғояни илгари суради.

Мутафаккир: “Жамиятнинг ҳар бир онгли аъзоси ўз касб-кори ва ихтисосидан қатъий назар, жамият тўғрисидаги билимларни чуқур эгаллаш орқалигина теварак-атрофда рўй бераётган ижтимоий ҳодиса ва жараёнларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини билиш, уларни бошқариш қобилиятига эга бўлади”, деган хулосага келади. Шунингдек, у: “Жамият тўғрисидаги билимларгина барча халқларга хос ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий ҳодисаларнинг умумий асосини аниқлашга, яъни ижтимоий-сиёсий ҳаёт барқарорлигининг фундаментал асосларини белгилашга, жамиятни яхлит ҳолда сақлаб қолишга имкон беради”, деб таъкидлайди. Берунийнинг бу қарашлари Абу Наср Форобийнинг жамият тўғрисидаги ғояларига тўғри келади.

Форобий ўзининг жамият ҳақидаги қарашларида одамларни турли белгиларга қараб гуруҳларга бўлади. У инсоннинг миллатига, диний мазҳабига, ирқига қараб эмас, балки табиий хусусиятига, қобилиятига, аввало ақлий иқтидорига ва илмни ўрганиш, ҳаётий тажриба тўплаш жараёнида орттирган билим ва кўникмасига қараб баҳолайди. У итоаткорликка даъват этувчи таълимотларни кескин танқид остига олади [3:39].

Беруний эса, Форобийнинг ғояларига қўшилиб, “Зўрлик ва ёллаш йўли билан амалга ошириладиган мажбурий меҳнат номаъқул ва беқарордир” [4:11], деб, ҳар бир инсон ўз меҳнатига яраша ҳақ олиши керак деган фикрни илгари суради.

Инсоннинг эҳтиёжлари турли-туман ва сон-саноқсиздир. Бу эҳтиёжларни қондириш зарурати уларни бирлашишга, бирга яшашга даъват этади. Бу эса, ўз навбатида, инсонлар ҳаёт кечирувчи қишлоқ ва шаҳар каби ижтимоий марказларнинг пайдо бўлишига олиб келди.

Беруний жамиятнинг юзага келишида инсоннинг шарафли мотивларини – ўзаро ёрдамнинг зарурлигини, ўзаро фойда, биргаликда эҳтиёжларни қондириш заруратини тушуниб етган ва одамларнинг умумий манфаатини кўрган. У жамият кишиларнинг ҳамкорликда фаолият юритишларига бўлган заруратдан келиб чиққан дейди.

Беруний инсоннинг жамиятда тутган ўрни наслнинг қадимийлиги, аждодларнинг хизматлари билан белгиланишига қарши чиқади. “Инсон бундай юқори мансабга ўзининг келиб чиқиши билан тааллуқли бўлмаса ҳам, унинг уруғининг қадимийлигига қараб эмас, балки кўрсатган хизматлари эвазига кўтарилади” [4:11].

Беруний жамият ҳақидаги назарий мулоҳазаларида доимо жуда кенг маънодаги икки иборадан фойдаланади: Хосса (кўплиги ҳавосс) – сараланганлар, аъёнлар, зодагонлар, аристократлар, олийжаноблар, яхшилар, маърифатлилар; омма (кўплиги авомм) – қора халқни назарда тутади. Лекин Беруний бу ибораларни қўллашда уларга моддий ва молиявий маъно бермай, кўпроқ кишиларнинг интеллектуал, ақлий, маънавий жиҳатдан эришган поғоналарига урғу беради.

Мутафаккир инсон табиатининг ва мижозининг турлича бўлишига географик омилларнинг таъсирини кўрсатиб бундай дейди: “Одамларнинг тузилиши – ранг, сурат, табиат ва ахлоқда турлича бўлиши фақатгина насабларининг турлича бўлишидан эмас, балки тупроқ, сув, ҳаво ва ернинг, (одам) яшайдиган жойларнинг турличалигидан ҳамдир. Тилларнинг турлича  бўлганига сабаб одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-биридан узоқ туриши, уларнинг ҳар бирида турли хоҳишларни ифодалаш учун (зарур) бўлган сўзларга эҳтиёж туғилишидир. Узоқ замонлар ўтиши билан ҳалиги иборалар кўпайиб ёдда сақланган ва такрорланиш натижасида таркиб топиб, тартибга тушган” [1.16].

Беруний жамиятда узлуксиз равишда бўлиб турадиган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида муҳим ижтимоий-фалсафий ғояларни илгари суради ва исботлаб беради. У жамиятда бўлиб турадиган ўзгаришлар, яъни тузилиш ва бузилишларнинг пайдо бўлиши ва йўқолишининг ўзига хос сабаблари борлиги ҳақида фалсафий мулоҳазаларни ўртага ташлайди.

Абу Наср Форобий ҳам давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти ҳақида қимматли маълумотларни келтириб ўтган. Форобий “Бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида рисола”, “Бахт саодатга эришув ҳақида рисола” номли асарларида “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир, бу эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида қўлга киритилади” [3:39], деб ёзади. Яъни давлатни бошқаришни монархия, аристократия, демократия каби шакллари ҳақида гапириб, уни етук хислатга эга бўлган шахслар бошқариши кераклигини таъкидлайди.

Беруний жамиятда одамларнинг табақаланиши ва мартабаларга ажратилишига ҳам эътибор қаратади. У бунга ўз муносабатини билдириб: “Қадимги подшоҳлар одамларни табақа ва мартабаларга ажратишга кўпроқ эътибор бериб, уларни бир-бирига қўшилиш ва ишига қотишишдан сақлар, табақаси сабабли подшоҳларга аралашишдан ман қилар ва ҳар бир табақанинг ўзига тегишли иш ёки санъат ва ҳунар билан ҳамиша машғул бўлишга буюрар, ҳеч бир кишининг ўз мартаба ва даражасидан ўтишга рухсат бермас ва ўз табақаси билан кифояланмаган кишига азоб ва уқубат берар эди”, дейди. Ва бу ҳолни Эрон подшоҳлари мисолида келтиради: “Ҳатто Бобак ўғли Ардашер Эрон подшоҳлигини янгидан “оёққа” турғазганида одамларни ҳам янгидан табақаларга ажратиб, аскар бошлиқлари ва подшоҳларнинг болаларини биринчи табақага; обидлар, олов ибодатхоналарида хизмат қилувчилар ва дин арбобларини эса иккинчи табақага; табиблар, мунажжимлар ва турли илм эгаларини учинчи табақага; деҳқон ва ҳунармандларни тўртинчи табақага қўйган”. Яна ҳинд жамияти мисолида ҳам келтириб қуйидагича ёзади: “Ҳиндлар шу кунларда бу хусусга жуда кўп эътибор беради. Ҳатто биз мусулмонларнинг ҳиндларга тескари бўлишимиз, ҳамма халқни бир текисда кўриб фақатгина тақводор кишиларга ортиқ даража беришимиз улар билан мусулмонларнинг орасидаги айирмаларнинг энг каттасидир. Улар табақаларни Варна, яъни ранглар деб атаб насаб жиҳатидан уларга Жотака дейилади, бу эса насллар демакдир. Шу табақалар тўртга бўлинади” [2:88-89]. Яъни, мутафаккир ҳинд жамиятини қиёсий таҳлил этиб кучли табақаланиш мавжудлигини кўрсатишга ҳаракат қилган. Қадимги ҳинд одатига кўра, инсон қайсидир табақада бўлса, у ҳеч қачон бошқа табақага ўта олмайди.

Шарқ халқларининг маданияти тарихида муҳим ўрин тутган буюк мутафаккир Абу Али ибн Синонинг ҳам ижтимоий-фалсафий қарашлари беқиёс аҳамиятга эга. Унинг дунёқараши Форобий асарларининг таъсирида шаклланди. У ижтимоий-фалсафий масалада Форобийнинг қарашларини давом эттириб янги табиий-илмий фикрлар билан бойитди. Ибн Сино: “Инсонлар ҳақиқий ахлоқий фазилатларга ва идеал жамоага шу мавжуд дунёда эришиши мумкин, улар жамиятда ўзаро ёрдам асосида яшашлари керак”, деб таъкидлайди. Аллома жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини таъкидлайди. Унинг фикрича жамият аъзоларининг ҳаммаси бу қонунга итоат этишлари лозим. Башарти ҳоким, подшонинг ўзи адолатсизликка йўл қўйса, халқнинг унга қарши қўзғолони тўғри ва жамият томонидан қўллаб-қувватланмоғи лозим. Бу қарашларда Форобий, Ибн Сино, Берунийнинг фикрлари ҳамоҳанг бўлиб, жамиятни бошқаришда қонун устуворлигини таъминлаш зарурлигини кўрсатади.

Академик И.М.Мўминов Берунийнинг ижтимоий-фалсафий, жамият ва давлат ҳақидаги қарашларига алоҳида эътибор қаратиб, унинг “Минералогия” асаридаги қуйидаги фикрларини келтирган эди: “Олис Мағрибдаги шаҳарлардан бирининг аҳолиси ҳақида нақл қиладиларким, зодагонлар ва ер эгалари мазкур шаҳарни навбатма-навбат бошқарар экан. Кимга навбат келса, ўша уч ой давомида ҳокимлик вазифасини адо этаркан. Муддат тугагач, ўз ихтиёри билан ҳокимликдан воз кечиб, оғир вазифадан қутулгани учун эл-юртга хайр-садақа улашар экан. Бунинг боиси шундаки, бошқариш ва бошчилик қилиш бу зўравонлар томонидан жабрланган кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш йўли билан фуқаро ҳаловатини таъминлаш ниятида ўз ҳаловатидан маҳрум бўлиш демакдир” [5:42]. Яъни Беруний давлатни демократия асосида бошқариш мумкинлигини кўрсатишга ҳаракат қилган.

Беруний жамиятдаги иқтисодий масалаларга ҳам эътибор қаратган. У пулнинг келиб чиқишини даставвал меҳнат тақсимоти билан боғлиқ эканини уқтириб, пулнинг моҳияти ва табиати ҳақида ўз даврига нисбатан чуқур тасаввурга эга бўлган.

Пул фақат айирбошлаш туфайли қийматга эга бўлади. Пул жамиятда фақат умумий ўлчов сифатида, умумий эквивалент сифатида аҳамиятга эга, чунки булар пулнинг асосий вазифалари ҳисобланади. “Лекин бу уларнинг табиати ҳамда маълум табиий қонун асосида бўлмай, балки шартли келишув туфайли содир бўлган. Чунки олтин ва кумушлар даставвал ўз мазмуни билан инсонни на тўйдиради, на чанқоғини босади, на зўрлик ёки зулм хавфидан қутқаза олади. Инсон ҳаётини сақлай оладиган, унинг уруғини давом эттирадиган, истеъмол қиладиган мол бўлмаса, ёки ёмонликдан, ёхуд иссиқ ва совуқ азобидан қўриқлайдиган кийим-бош бўлмаса, ёки ўзи учун бошпана, ёки зулмдан қутулиш чораси бўлмаса, ўз табиати жиҳатидан таҳсинга сазовор бўлмайди” [4:13]. Пулнинг нотўғри ишлатилиши туфайли ёвузлик келтирувчи бойлик юзага келди. Бу ўз навбатида, мажбурий меҳнат ва зулмни келтириб чиқарди.

Берунийнинг фикрича, пул туфайли фақат турли товарлар айирбош қилинмай, балки бегона куч ҳам ёлланди. “Бири иккинчисини ёллайди, яъни бир киши иккинчисига адолатли шартнома туфайли доимо ишлаши керак, бунинг эвазига у мукофотланади” [4.12]. Бироқ аллома ёлланма меҳнатни тушунишда янада чуқурлашиб фақат одил шартномани кўрибгина қолмайди, балки ҳар қандай мажбурий меҳнатга қарши чиқади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Берунийнинг жамият ҳақидаги қарашларида инсоннинг қиёфаси табиат таъсирининг натижаси экани, унинг ички қиёфасида чексиз саъй-ҳаракатлар натижасида туб ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги айтилади. Ҳар бир инсон ўз хулқ-атворининг эгасидир. Жамият босқичма-босқич ўзгаришлар орқали ривожланиб боради. Берунийнинг жамиятда адолатли бўлиш, инсон учун қайғуриш, жамиятни ақл, илм, адолат, қонунлар, ўрнатилган тартиблар билан бошқариш кераклиги ҳақидаги фалсафий таҳлили ўша даврда фуқаролик жамияти асосларининг шаклланганидан далолат беради. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР: 
  1. Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. I том. / Таржимон А.Расулов. Изоҳларни И.Абдуллаев ва А.Расулов тузган. Масъул муҳаррирлар: И.Абдуллаев ва О.Файзуллаев. –Т.: Фан, 1968.
  2. Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. Том Ҳиндистон. Арабчадан А.Расулов, Ю.Ҳакимжонов, Ғ.Жалолов таржимаси. Сўз боши ва изоҳлар А.Ирисов. – Т.: Фан, 1965.
  3. Буюк сиймолар, алломалар: (Ўрта Осиёлик машҳур мутафаккир ва донишмандлар). К.1. – /Нашрга тайёрловчи М.М.Хайруллаев. – Т.: Маънавият, 1995.
  4. Абу Райҳон Беруний. “Китоб ал-жамоҳир фи-маърифат ал-жавоҳир” (Минералогия). – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2017.
  5. И.М.Муминов. Ўзбекистондаги табиий-илмий ва ижтимоий-фалсафий тафаккур тарихидан лавҳалар (ΙΧ-ΧΧ асрнинг бошларигача). – Т.: Фан, 1999. 
Маърифат ХАНДАМОВА,
Самарқанд давлат чет тиллар институти
Фалсафа фанлари доктори (DSc), доцент

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …