Home / АЛЛОМАЛАР / Мужоҳид ибн Мусо – хоразмлик ишончли ровий

Мужоҳид ибн Мусо – хоразмлик ишончли ровий

Ислом дини Мовароуннаҳрга VIII аср бошларида кириб келган бўлса, шу асрнинг иккинчи ярмидан турли исломий илмлар ривожлана бошлади. Ҳадисшунослик энг тараққий этган соҳалардан бири бўлди. Самарқанд, Бухоро, Насаф каби шаҳарлар қатори Хоразмдан ҳам кўплаб буюк муҳаддислар етишиб чиқди. Мужоҳид ибн Мусо Хоразмийни улар қаторига қўшсак бўлади.

Алломанинг тўлиқ исми Абу Али Мужоҳид ибн Мусо ибн Фаррух Хоразмий бўлиб, ҳофиз, имом, зоҳид деб тан олинган муҳаддис ҳисобланади.

Мужоҳид ибн Мусо 158/775 йили Хоразмда туғилган. Дастлабки таълимни шу ерда олган. Кейинчалик бир муддат Хатлонда (Самарқанд яқинидаги жой) истиқомат қилган. Сўнг Бағдодга илмий сафар қилган ва у ерда узоқ қолган. У ерда Суфён ибн Уяйна, Ҳушайм ибн Башир, Абдуллоҳ ибн Идрис, Қосим ибн Молик Музаний, Яҳё ибн Салим Тоифий, Абу Бакр ибн Айёш, Яҳё ибн Одам, Абу Муовия Дарир, Исмоил ибн Улайя ва Абдураҳмон ибн Маҳдийдан ҳадис тинглаган.

Жарҳ ва таъдил уламоларининг барчаси Мужоҳид ибн Мусонинг ҳадис ривоятида ишончли эканини таъкидлаган.

Абу Бакр Барқоний (хоразмлик муҳаддис) Муҳаммад ибн Аббосдан ривоят қилиб айтади: “Бизга Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Масъада Фаззорий сўзлаб берди, у Жаъфар ибн Дарставайҳдан, у Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Қосим ибн Муҳриздан сўзлади: Яҳё ибн Маиндан Мужоҳид ибн Мусо Хоразмий ҳақида сўрадим, у: “Сиқа, ишончли”, деди”.

Мужоҳид ибн Мусодан Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий, Абу Зуръа, Абу Ҳотим Розий, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Жунайд, Мусо ибн Ҳорун, Абу Абдураҳмон Насоий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Бағавий ва кўплаб бошқа машҳур муҳаддислар ҳадис ривоят қилган.

Ундан келган ҳадислар “Саҳиҳи Муслим”, тўрт “Сунан” ва бошқа ҳадис тўпламларида учрайди.

Бу ўринда Насоий ривоят қилган мана бу ҳадисни келтирамиз:

“Бизга Мужоҳид ибн Мусо хабар қилди: “Исмоил ибн Улайя бизга Юнусдан, у Ҳасандан, у Абу Мусо Ашъаридан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар икки мусулмон бир-бирига қилич ўқталса ва биттаси шеригини ўлдирса, ўлдирувчи ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир”, дедилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, мана бу-ку қотил, ўлдирилган нима учун?” деди. У зот: “Чунки у ҳам шеригини ўлдирмоқчи эди”, дедилар”.

“Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” асарига мурожаат қиладиган бўлсак, қуйидаги ҳадисни келтириш ўринлидир:

Бизга Абу Яъло хабар берди: Мужоҳид ибн Мусо бизга хабар берди: Исҳоқ Азрақ айтди: Закариё ибн Абу Зоида бизга Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Саъд ибн Зурорадан, у Ибн Каъб ибн Моликдан, у отасидан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар орасига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмонроқдир”, дедилар”.

Муҳаммад ибн Али Муқрий айтади: “Ҳофиз Нишопурий айтди: Абу Аҳмад Али ибн Муҳаммад Хубайбий менга Марвда хабар берди: Солиҳ ибн Муҳаммаддан Мужоҳид ибн Мусо ҳақида сўрадим: “У ростгўйдир”, деди”.

Сурий айтади: “Таробулус (ҳозирги Триполи) қозиси Абу Ҳасан Убайдуллоҳ Ҳамдоний бизга Абу Исо Абдураҳмон ибн Исмоил Арудийдан, у Абу Абдураҳмон Насоийдан сўзлаб берди: “Мужоҳид ибн Мусо Бағдодий сиқа ровий, асли хуросонлик”, деди”.

Муҳаддис саксон олти ёшида, 244/858 йил рабиул аввал ойида, жума куни вафот этган.

Баҳодир МИРЗАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …