Юртимизда ислом дини халқимизнинг кўп асрлик тарихий тараққиётида шахс маънавияти, айниқса ўсиб келаётган ёш авлод шаклланишига катта таъсир кўрсатган. Шу асосда ислом дини жамиятдаги мафкуравий қарашлар ва ғояларда муҳим ўрин тутган, инсонларни ахлоқий покликка ва маънавий гўзалликка даъват этган инсонпарварлик динидир. Бу дин халқимизнинг, хусусан мусулмон шахсининг моддий, маънавий, ахлоқий ва эстетик маданияти шаклланиши ва юксалишига катта таъсир кўрсатган диний таълимотдир. Шахснинг улуғлиги, унинг олий жонзот сифатида эстетик маданиятни намоён этувчи эканлигини Қуръони каримнинг «Инсон» сураси 21-оятида кийиниш маданияти билан боғлаб тушунтириларкан, «Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанганлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шаробла суғорганлар»[1: 477], дейилади.
Юртимизда барпо этилган ва этилаётган эстетик маданият ёдгорликлари, меъморий иншоотларнинг яратилишида исломий анъаналарга амал қилинган бўлса, бадиий адабиёт, шеърият, хаттотлик ва санъатнинг бошқа турларида Қуръони карим ва ҳадисларда илгари сурилган асосий ғоялар тарғиб қилинди ва шу асосда ёшларни маънавий гўзал, ахлоқий пок ҳамда баркамол қилиб тарбиялашнинг бутун бир тизими ишлаб чиқилди.
Ислом дини ёшларнинг эстетик маданияти ва идеалларини ахлоқий ғоялар билан боғлиқ ҳолда ривожлантирди. Ислом дини фан, адабиёт, маданият ва нафосат соҳаларини бир-бирига узвий алоқадорлигини ўзида мужассамлаштирди. Унда шахснинг турмуш тарзи, урф-одат ва маросимлари диний гўзаллик туйғулари билан йўғрилиб, ёшларга билим бериш учун диний мактаблар яратилди. Ислом шахсни маърифатли, маънавий-ахлоқий ва эстетик дидли бўлишга чорлади.
Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони каримда инсоннинг эстетик маданияти сермазмун ва нафис сўзлар орқали ифодаланди. Исломдаги ёшлар эстетик маданияти бу Қуръони каримнинг оятлари ва сураларида, ҳадис китобларида сирли-синоатли шеъриятли, бежирим кўзни қамаштирувчи нақшлар тарзида баён этилади.
Қуръони каримнинг «Бақара» сураси 195-оятида «Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади»[1: 23], деб таъкидланади.
Ислом динида гўзаллик тушунчаси диний асосда талқин қилиниб, моддий дунё гўзаллигидан руҳий дунё гўзаллиги устун қўйилади. Қуръони каримнинг «Оли имрон» сураси 14-оятида «Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-текинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир. (Яъни ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ лозим)» [1: 37], деб таълим берилади.
Шахснинг эстетик маданиятга эришуви масалалари инсонпарварлик ғоялари ва гўзаллик дунёси билан боғлиқ равишда Аллоҳ номи билан узвийлашган тарзда талқин қилинади. Бу борада юқоридаги суранинг 148-оятида «Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади»[1: 48], деб таъкидланади.
Қуръони карим жамиятда ёшларнинг маънавий олами ва ҳаётига чуқур ўрнашиб қолган юксак эстетик маданият ва диний маросимларга эга. Бу борада «Бақара» сурасининг 83-оятида «Фақат Аллоҳгагина ибодат қиласизлар, ота-она, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар. Кишиларга чиройли сўзлар сўзласангиз ва намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг»[1: 12], – деган сўзлар баён қилинган. Ислом динида сўз воситаси асосида ёшларнинг гўзалликка бўлган интилиши, воқеликни идрок этиб бориши, яхшилик сари талпиниши фалсафий мушоҳада этиб борилади.
Шу боис ислом эстетик маданиятида ҳар бир шахс сўз воситасида ўзини Аллоҳга бахшида этади, яъни юракдан айтаётган сўзи туфайли инсон ўзини Аллоҳга топширади. Сўзнинг қудратли кучи туфайли ёшлар оламдаги гўзалликларни ва азобу уқубатларни бир-биридан фарқлайди. Шу тарзда ёшлар дунёвий ва диний билимларни эгаллаб, комил инсон даражасига кўтарилади. Бу ҳақда Зумар сурасининг 23-оятида «Аллоҳ энг гўзал сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир китоб – Қуръон қилиб нозил қилибдики» [1: 340], деб бу китобдаги сўзларнинг эстетик моҳиятига эътибор қаратилади.
Ислом эстетик маданиятида сўзнинг ролини эътироф этган ҳолда Навоий «сўз санъатининг эстетик ҳиссий-руҳий қувватини алоҳида таъкидлар экан, шоир-санъаткор хулқ-атворига ва эстетик маданиятига алоҳида ўрин ажратади. Чунки одоб-ахлоқ ислом эстетикасининг таркибий қисми бўлиб, мусулмон киши ҳаёти ва фаолияти одоб қоидалари мезони бўлиб баҳоланади»[2: 25], дейди. Ислом маданиятида сўз шахсни, қолаверса, ёшларни гуноҳлардан фориғ қилиб, уни яхшилик ва гўзалликка интилишга чорлайди. Бунинг моҳияти Қуръони каримнинг “Сажда” сурасида Аллоҳнинг сифати билан уйғунлашган тарзда эътироф этилиб, юксак эстетик маданиятнинг намунаси сифатида 7-оятда «У барча нарсани чиройли қилиб яратган зотдир»[1: 229] ва ҳадислардаги «Тангри гўзалдир, гўзалликни яхши кўради»[3: 40], дейилган фикрларда ислом динининг эстетик моҳияти ўзини мужассам этади. Шу сабабдан Аллоҳ ҳамиша гўзалликка ошиқдир. У 18 минг оламни яратган экан, унда яшайдиган барча мавжудотларни гўзал бўлишини истайди. Бу ҳақда, яъни оламнинг ва инсоннинг яратилиши ҳақида Қуръони каримда фикрлар баён қилиниб, уни яратган Аллоҳга ҳамду санолар айтилади. «Мўминлар» сурасининг 14-оятида «Бас энг гўзал яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли-буюкдир»[1: 245], деб таъкидланади.
Қуръони каримнинг “Шўро” сураси 23-оятида шахснинг гўзал фазилатлари ва эстетик маданиятининг нозик қирралари ҳақида сўз юритилиб, «Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)да яна ҳуснни зиёда қилурмиз (яъни зиёда савоб ато этурмиз)»[1: 359], деб таъкидланади. Шундай экан, ёруғ оламга ҳукмрон қилиб яратилган инсон ва у учун зарур бўлган барча нарсалар ҳамиша гўзал бўлади.
Шунингдек, ислом динининг инсон қўли билан яратилган нафосат олами, яъни меъморий обидлари ҳам чиройли эканлиги айтиб ўтилади. Исломнинг меъморий обидалари бўлган масжид, мадраса, мақбара ва бошқа диний обидалар нафосат оламини ўзида кўз-кўз қилиб туради. Шу боисдан ислом эстетикасининг моҳияти «Каҳф» сурасининг 7-оятида ёшларнинг ахлоқий гўзаллиги масаласи билан боғлиқ меъморий обидаларни ўзида ифодалаган ҳолда «Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат-безак қилиб қўйдик (яъни ўша безакларга алданиб, мағрурланиб қолмаган кишилар Бизнинг синовимиздан ўтурлар)»[1: 205] дейилган. Бу синаладиган гўзалликларнинг маъно-мазмунини биз кўпроқ исломий обидалардан излашимиз лозим.
Ислом меъморий обидаларидаги эшикларни ўймакорлик ва наққошлик санъати билан безаш, деворларига ганчлардан турли шакллар ясаш, устунларини араб ёзуви асосида нақшлар билан безатиш бугунги кунда кенг тус олган бўлиб, бу санъат намуналари ёшларда эстетик маданиятни ривожлантириш учун хизмат қилади. Бу ҳақда Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ шундай дейди: «Араб ёзувининг гўзаллигига алоҳида эътибор берилгани ва унинг турли-туман шаклларда дид ва нафосат билан ишлатилиши сабабли, араб хати фақат маъно ташиш воситаси эмас, балки кишиларга юксак эстетик завқ берувчи санъат намунаси сифатида машҳурдир»[4: 267].
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз доим ёшларни ахлоқий жиҳатдан мукаммал ва гўзал туйғулар билан турмуш кечиришини ўзининг саҳобаларига билдирган фикрларида баён этган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг «Юнус» сураси 26 оятида «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир»[1: 139], дейилади. Бугунги кунда ислом маданияти ва эстетикасини ёшларга чуқур ўргатиш ва халқнинг онгига етказиб бериш борасида мана шундай улуғ зотлар учун гўзал оқибатларнинг маҳсули сифатида республикамизда кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1998 йил октябрида Самарқандда И.А. Каримовнинг шахсий ташаббуси билан ва унинг лойиҳаси асосида буюк зотнинг номларини эъзозлаш ва қадрлаш мақсадида ҳазрат Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси очилди. «Имом ал-Бухорий тўплаган ҳадисларда – деб ёзади Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ, – фақат Ислом дини таълимотига оид қоидалар акс эттирилибгина қолмай, улар меҳр-муҳаббат, ҳалоллик-поклик, сахийлик, ота-она, катталарга ҳурмат, етим-есир, бева-бечораларга мурувват, меҳнатсеварлик, ватанга муҳаббат каби олийжаноб инсоний фазилатлар мажмуидир»[4: 49].
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг ҳадисларида шахс эстетик маданиятининг олий кўриниши ислом дини асосида ёрқин ифодалаб берилди. Бизга «Ал-Бухорий бебаҳо мерос қолдирди. Энг ишончли ҳадислар тўплами «Ал Жомиъ ас-Саҳиҳ» шу мероснинг гултожидир»[5: 175]. Бу ислом оламининг юксак эстетик маданияти орасидан сара гулларини териб, келгуси авлодга етказиб берган бобокалонимиз учун қанча хизмат қилсак, шунчалар камдир.
Ҳадисларда ёшларнинг эстетик маданиятига оид хилма-хил фикрлар мавжуд. Ҳадисларни ўқиганимизда шундай эстетик фикрлар борлигини биламиз. Унда ҳар бир шахснинг тўғрисўзлиги, хушмуомалалиги, ўзида эстетик маданиятни намоён этиши масалаларига ҳам катта эътибор берилган бўлиб, «Кишининг гўзаллиги – унинг тилидан билинур»[3: 80], «Кишининг бемаъни гаплардан тилини тийиши – унинг мўминлиги нақадар чиройли эканлигидан дарак беради»[3: 138], деб таъкидланади.
Ёшларнинг эстетик маданиятини ёрқин ифодалаб берувчи ҳадисларда ахлоқ ва гўзалликнинг алоқадорлиги масаласи ҳам чиройли тарзда баён этилган. Хусусан, «Сизларнинг яхшиларингиз – хушхулқ, ширин суҳбатлиларингиздир», «Сизларнинг яхшиларингиз ўз олган қарзларини чиройли қайтарадиганларингиздир» каби ҳадисларда шахс маънавияти ва маданиятининг муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилади. Шундай экан, ҳар бир «Мўмин кишига берилган нарсаларнинг яхшиси чиройли хулқдир. Унга берилган нарсаларнинг ёмони эса, кўриниши чиройли бўлса-да, қалбида ёмонлиги боридир»[3: 88], дейилади.
Ҳадисларда ёшлар эстетик маданияти, дунёвий гўзаллик ва инсоний гўзаллик уйғунлигига ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу борада «Дунё ям-яшил ва гўзалдир. Кимки ундан ҳақли равишда ҳалоллик билан олса, ундан барака топади. Кимки нафс хоҳиши билан дунёни муккасидан кетиб эгалласа, қиёмат куни дўзахдан бошқа нарсага эришмайди»[3: 92] дейилади. Бу ҳадисда табиат, жамият ва инсон (ёшлар) гўзаллиги борасида эстетик маданиятга оид фикрлар баён этилган. Бу ҳадисларда ёшларнинг эстетик маданияти беғубор ва мусаффо, кўркам дидли, маънавий қадриятлари нафосат ғояларига бой, покиза қалбли бўлишлари тасвирланган.
Ҳадисларда ёшлар маънавий гўзаллиги унинг бахтли ҳаёти билан алоқадорлиги масаласига ҳам эътибор қаратилган. Бу ҳақда «Кимки қалбини имон учун холис ва соғлом, тилини ростгўй, ўзини хотиржам, хулқини тўғри, қулоғини тингловчи, кўзни ибрат назари билан боқувчи қилиб олган бўлса, демак, у бахтлидир» дейилган ҳадисда ёшларнинг сабр-тоқати, матонати, иродаси ва имони гўзаллик олами асосида талқин этилади.
Ҳадисларни ўқиганимизда ҳар биримиз шахс бўлиб вояга етишишимиз учун хизмат қилган ота-онамизни кўз олдимизга келтирамиз. Одоб-ахлоқли фарзандни тарбиялаш масаласи ҳам ислом динидаги муҳим масалалардан бири бўлиб, «Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу одобдан буюкроқ мерос беролмайди»[3: 136], деб таъкидланади ҳадисларда.
Ислом эстетик маданиятини гўзал ҳис-туйғуларини, теран томирларини Ибн Сино ўзининг асарларида келажакка хотира сифатида нақшлайди. Бу борада «Fарб олимларининг фикрича, Ибн Сино инсоний муҳаббат, жинслар муҳаббатига ижобий баҳо бериб, руҳнинг илоҳий севги даражасига кўтарилиши ва илоҳият билан тавҳидга келишини қайд этган»[6: 9].
Исломнинг эстетик маданияти ғояларини илгари сурган Ибн Сино нафақат ўз юрти, қолаверса, бутун мусулмон дунёсини маданияти ва адабиётини ривожланишига хизмат қилган. Буюк боболаримиз сингари бугунги кунда муқаддас динимизнинг нозик ва мураккаб жиҳатларини Биринчи Президентимиз И.А. Каримов шундай таъкидлайди. «Агар мендан, нега миллий қадриятларимиз шунча замонлар оша безавол яшаб келяпти, деб сўрашса, бу – аввало муқаддас динимиз ҳисобидан, деб жавоб берган бўлур эдим»[7: 2].
Ислом эстетик маданияти доимо шахснинг, қолаверса ёшларнинг илоҳий севгиси, диний илм хазинаси, маънавий маданиятини юксалишига катта таъсир этган. Ислом эстетик маданиятини илм-фан, билимлар, одоб-ахлоқ, ҳуқуқий воситалар, нафосат олами асосида англамас эканмиз, унинг моҳиятини ҳеч қачон тушунолмаймиз! Шундай экан, ислом эстетик маданияти шахсни ҳар томонлама ривожланишига, уни ҳам диний, ҳам дунёвий билимларга, улуғвор туйғуларга эга бўлишига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам ёшларда эстетик маданиятни шакллантиришда ислом манбаларидан фойдаланиш ахлоқий аҳамият касб этади. Унда аждодларимизнинг буюк мероси ислом дини негизида вужудга келганлиги ўзининг ёрқин ифодасини топади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур. – Т., Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 1992.
- Э.Умаров, Р.Каримов, М.Мирсаидова, Г.Ойхўжаева. Эстетика асослари. Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. –Т., 2007.
- Ахлоқ-одобга оид ҳадис намуналари. – Т., Фан, 1990.
- Ҳожи Исматуллоҳ Абдулоҳ. Марказий Осиёда Ислом маданияти. Шарқ, – Т.,
- М.С. Гафарли, А.Ч. Касаев. Ривожланишнинг ўзбек модели: тинчлик ва барқарорлик – тараққиёт асоси. Ўзбекистон, – Т., 2001.
- Ҳ.Кароматов. Қуръон ва ўзбек адабиёти. –Т., Фан, 1993.
- Каримов И.А. Донишманд халқимизнинг мустаҳкам иродасига ишонаман. «Халқ сўзи» газетаси, 2000 йил 10 июнь.