Юртимиздан етишиб чиққан энг машҳур муҳаддислардан бири, шубҳасиз, Имом Бухорийдир. У киши ўз даврида ҳадис илми ривожи учун беқиёс хизмат қилган.
Хатиб Бағдодий: “Имом Бухорий барча шаҳарлардаги муҳаддисларнинг олдига борган. Хуросон, Жибол, Ироқнинг барча шаҳарлари, Ҳижоз, Шом, Мисрда ҳадис ёзган ва Бағдодда бир-неча марта бўлган”, деган.
Демак, Имом Бухорий илм талаб қилиб Макка, Мадина, Тоиф, Жидда, Басра, Куфа, Бағдод, Миср ва Жазира (Дажла ва Фурот дарёсининг орасида жойлашган минтақа. Муҳим шаҳарлари – Ҳаррон, Руҳо, Раққа, Мавсил ва бошқалар)га сафар қилган.
Аммо Хуросон ва унинг атрофидаги Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Восит каби шаҳарлар Имом Бухорий кўп зиёрат қилиб юрган жойлар бўлган.
Имом Бухорий Насафга келиб, шу ерда бир муддат яшаган. Имом Бухорий Насаф уламоларига алоҳида эҳтиром билан қараган. Насафлик муҳаддисларнинг ишончли эканлигига гувоҳлик бериб, бошқаларни улардан ҳадис эшитишга чорлаган. Бухоролик муҳаддиснинг эҳтиромига сазовор бўлган ана шундай олимлардан бири Насафда эллик йилдан ортиқ қозилик вазифасини адо этган Абу Зайд Туфайл ибн Зайд Насафийдир.
Имом Бухорий Насафдан чиққан куни Абу Зайд Насафий ҳақида бундай дейди: “Илм аҳлидан Абдуллоҳ исмли мингта шайхни кўрдим, аммо улар орасида шайхингиз Туфайл ибн Зайддан одоблироқ кишини учратмадим”. Абу Зайд Насафий фиқҳ илми билан бирга ҳадис илмини ҳам пухта эгаллаган эди. Имом Бухорий олимнинг ҳадис илмида ишончли ровий эканлигига гувоҳлик бериб бундай дейди: “Туфайл ибн Зайддан Яҳё ибн Букайр ҳадисларини эшитинг”. Насафлик бир нечта уламолар “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан таълим олган.
Имом Бухорий Самарқандга ҳам келган ва ушбу шаҳардаги уламолар билан илмий суҳбат ўтказган. Эҳтимол, буюк муҳаддис Насафда яшаган пайтида Самарқандга ҳам келиб-кетгандир. Имом Бухорийнинг Самарқандга келганини, ушбу шаҳарда ҳадис илмининг ривожланганини ҳамда кўплаб муҳаддисларнинг бу жойда жам бўлиши ҳақидаги фикримизни қуйидаги маълумот ҳам тасдиқлайди.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий бундай дейди: “Мен Сулайм ибн Мужоҳиддан эшитдим. У: “Мен Абул Азҳардан эшитганман”, деди. Абул Азҳар: “Самарқандда тўрт юзта муҳаддис етти кун тўпланиб Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни адаштиришга ҳаракат қилди. Шомнинг санадини Ироқнинг санадига, Ироқнинг санадини Шомнинг санадига, Яманнинг санадини Ҳарамайн (Макка ва Мадина)нинг санадига ва Ҳарамайн (Макка ва Мадина)нинг санадини Яманнинг санадига алмаштирди. Улар Имом Бухорийни санадда ҳам матнда ҳам бирор хато билан тўхтата олмади”, деган эди”. Имом Бухорий Самарқандга келган вақтда бу шаҳарда бу кишини имтиҳон қилиб, буюк муҳаддис билан тенглаша оладиган ёки тенглашишга ҳаракат қилган тўрт юз муҳаддиснинг бу шаҳарда истиқомат қилишининг ўзи ҳам бу жойда ҳадис илмининг ривожланганига ишончли мисол бўла олади. Аммо Имом Бухорийнинг бу шаҳарга қачон келгани ва қанча муддат тургани ҳақида маълумот йўқ. Манбаларда юқорида келтирилган маълумотдан бошқасини учратмадик.
Тарихий манбалардан Имом Бухорийнинг Самарқандга иккинчи марта келгани ва Хартанг қишлоғида содир бўлган воқеалар ҳақидаги маълумотларни қидирганимизда, умрининг охирги кунларини Ғолиб ибн Жаброил Хартангийнинг уйида ўтказганига дуч келамиз.
Имом Бухорий Бухородан чиққанда, самарқандликлар унга мактуб ёзиб, Самарқандга чақирди. Аллома шу шаҳарга қараб йўлга чиқди. Самарқанддан уч фарсах масофадаги Хартанг қишлоғига етганда, самарқандликлар орасида ихтилоф чиққани ҳақидаги хабар келди. Бу қишлоқда унинг қариндошлари бор эди. Шу сабабли иш аниқ бўлгунча қариндошлариникида қолди.
Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Имом Бухорийнинг қариндошларидан бири бўлган.
Ибн Адий айтади: “Абдулқуддус ибн Абдужаббор Самарқандийнинг бундай деганини эшитдим: “Муҳаммад (ибн Исмоил Бухорий) Хартангдаги қариндошлариникига келганда, бир кеча намозни ўқиб бўлиб: “Эй Аллоҳим! Кенг ер менга торлик қилиб қолди. Менинг жонимни қабз қилиб, Ўз ҳузурингга олгин”, деб дуо қилганини эшитдим. Бир ой ўтмасдан вафот этди. Унинг қабри Хартангдадир”.
Шундан фараз қилиш мумкинки, Имом Бухорий Хартанг қишлоғига келганда, қариндоши Абу Мансурнинг уйида меҳмон бўлган ва чамаси бир ойча яшаган.
Хатиб Бағдодий “Ал-Муттафиқ вал муфтариқ” асарида Абу Мансурнинг таржимаи ҳолини келтирган. Хатиб Бағдодий айтади: “Азҳарий менга: “Бизга Абу Саъд Идрисий айтиб берган эди”, деб хабар қилди: “Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Самарқандий, куняси Абу Мансур бўлган шайхдир. Муҳаммад ибн Исмоил унинг уйига меҳмон бўлиб тушган ва унинг хонадонида вафот этган. Ғолиб ибн Жаброил унинг дафн маросимини ўтказган. Муҳаммад ибн Исмоилнинг нусха кўчирувчиси Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий ўшани Ғолиб ибн Жаброилдан ҳикоя қилган”.
Идрисий айтади: “Унинг муснад ҳадиси борлигини билмайман. У илм аҳлидан бўлган, дейилади. Ундан Муҳаммад ибн Исмоилнинг фазилатлари ҳақидаги ҳикоялар ривоят қилинган. Менга Ғолиб ибн Жаброил Имом Бухорийдан озгина кейин вафот этди ва унинг ёнига дафн этилишини васият қилди, деб айтилди”.
Абдулкарим Самъоний “Ансоб” асарида бундай дейди: “Хартанг Самарқанддан уч фарсах масофада жойлашган қишлоқ. Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий шу ерда вафот этган. Зиёрат қилиш учун у ерга тўрт марта борганман. Ушбу қишлоққа нисбат берилган машҳур кишилардан бири Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангийдир. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Хартангга келганда, унинг уйига тушган ва хонадонида вафот этган. У Имом Бухорийнинг дафн маросимини ўтказган. Айтилишича, у (Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий) илм аҳлидан бўлган. Ундан Имом Бухорийнинг фазилатлари ҳақидаги ҳикоялар ривоят қилинган. У Имом Бухорийдан озгина кейин вафот этган ва қабри ёнига дафн этилишини васият қилган. Имом Бухорий 256/870 йили Рамазон ҳайитига ўтар кечаси вафот этган”.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Уйига Абу Абдуллоҳ Бухорий меҳмон бўлиб тушган Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброилнинг бундай деганини эшитдим: “У бизникида бир неча кун яшади. Сўнг бетоб бўлиб, аҳволи оғирлашди. Ҳатто Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни олиб кетиш ҳақида Самарқанд шаҳрига элчи юборилган эди. Элчи етиб келиши билан сафарга тайёргарлик бошланди. У икки маҳсисини кийиб, салласини ўради. Мен бир қўлидан, бошқа бир одам иккинчи қўлидан ушлаб, уловига миндириш учун етакладик. Чамамда йигирма қадам нари-бери юрди. Шунда у: “Мени қўйинг, заифлашиб қолибман”, деди-да, узоқ дуо қилди. Сўнг ҳолсизлиги янада кучайиб, ерга чалқанча бўлиб ётди-да, шу ҳолда вафот этди.
Унинг баданидан таърифга тил ожиз бўладиган даражада кўп тер чиқди. Кафанлагунимизга қадар тўхтамади. У бизга: “Мени қомис (кўйлак) ва имома (салла)си бўлмаган учта оқ кийим билан кафанланг”, деб васият қилган эди. Айтганидек қилдик. Дафн қилганимизда қабри тупроғидан атрофга мушкдан-да хушбўйроқ ўткир ҳид тарала бошлади ва бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сўнг осмонга Имом Бухорий қабри узра оппоқ чўзиқ доира кўтарилди. Одамлар бундан ҳайратга тушиб қолди. Афсуски, улар қабр тупроғини олиб кета бошлади. Ҳатто қабр очилиб қолаёзди. Биз қабрга қўриқчилик қилишга ҳарчанд уринмайлик, бунинг уддасидан чиқа олмадик.
Шунда қабрга ҳеч ким тегмаслиги учун атрофига ёғочдан панжара ўрнатдик. Сўнг бидъатчилар марқад атрофидаги тупроқларни олиб кета бошлади, лекин қабрнинг тупроғига тегина ололмади. Хушбўй ҳид таралиши анча вақтгача давом этди. Шаҳар аҳолиси ажабланиб, буни гапиришдан тўхтамади. Унинг мартабаси вафотидан кейин душманлари наздида ҳам аниқ-равшан бўлди. Баъзи душманлари қабрига келиб, қилган ёмон ишларидан пушаймонлик билдирди ва тавба қилди”.
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Имом Бухорийдан кейин жуда кам умр кўрди. Вафотидан кейин ўзини Имом Бухорийнинг ёнига дафн этишни васият қилди”.
Ушбу маълумотлардан Имом Бухорийнинг котиби ва хос шогирди Абу Жаъфар Варроқ Бухорий устози билан бирга Самарқандга келмаганини билиб олиш мумкин. Чунки у Имом Бухорийнинг Хартанг қишлоғига келгани, қариндошлариникида қолгани, шу ерда бетоб бўлиб, вафот этгани ва шундан сўнг содир бўлган ажойиб воқеалар ҳақидаги маълумотларни Ғолиб ибн Жаброилдан ҳикоя қилган.
Тарих китобларида келтирилган маълумотлардан қўйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:
* Имом Бухорий Насафда бир муддат яшаган ва шу ердаги талабаларга “Саҳиҳул Бухорий”дан дарс берган. Бир нечта насафлик уламолар ушбу китобдан дарс бериш учун ижозат олиб қолган.
* Насафда яшаган пайтида Самарқандга келган ва ушбу шаҳардаги тўрт юзта муҳаддис етти кун тўпланиб Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни имтиҳон қилган.
* Имом Бухорий Самарқандга келган вақтда бу шаҳарда буюк муҳаддис билан тенглаша оладиган ёки тенглашишга ҳаракат қилган тўрт юз муҳаддис истиқомат қилган.
* Имом Бухорий умрининг охирида Бухородан чиқиб, Самарқандга йўл олган ва баъзи сабабларга кўра Хартангда яшайдиган қариндошларидан бири Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброилнинг уйида қолган.
* Шу ерда бетоб бўлиб, вафот этган ва дафн қилинган.
* Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Самарқандий илм аҳлидан бўлган ва Имом Бухорийнинг дафн маросимини ўтказган.
* Абу Мансурдан Имом Бухорийнинг фазилатлари ҳақидаги ҳикоялар ва вафот этганидан кейин содир бўлган ажойиб воқеалар ривоят қилинган.
* Абу Мансур Хартангий Имом Бухорийдан кейин жуда кам яшаган ва вафотидан сўнг буюк муҳаддиснинг ёнига дафн этилган.