Home / МАҚОЛАЛАР / Ақидапараст оқимларнинг ғоялари Исломга зиддир

Ақидапараст оқимларнинг ғоялари Исломга зиддир

Ислом – тинчлик ва бағрикенглик динидир. У Аллоҳ таоло томонидан  инсонларга Ўзининг элчиси Муҳаммад (с.а.в.) орқали юборилган таълимотдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир”[1] – деб келтиради.

Исломнинг мазмун-моҳияти, ғояси – инсонларнинг ҳалол, пок, бағрикенг ва тинч-тотув яшашлиги лозимлигини ўз ичига олади.

Исломда инсонларнинг кўнглига озор бериш, бировнинг ҳақини ейиш, ёлғон гапириш, инсонлар орасида бузғунчи ғояларни тарғиб қилиш каби жамиятнинг тинчлигига раҳна соладиган бу каби салбий иллатлар қораланади.

Ҳозирги кунимизда ядровий полигонларга нисбатан мафкуравий полигонларнинг таъсири каттадир. Глобаллашув жараёнида турли хил ғоялар, мафкуралар кураши авж олиб бормоқда. Айниқса, ушбу мафкуравий курашларга динни ниқоб қилиб олиш ачинарли ҳолатдир. Бундай ғоявий-ақидавий курашлардан Ислом дини ҳам холи эмас. 

Ўзларининг ботил ғояларини тарғиб қилиш орқали динни ниқоб қилиб олаётган турли хил гуруҳлар, бузуқ ақидавий фирқалар Исломнинг соф фитратига, тинчлик каби азиз неъматга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бундай фирқалар, оқимлар бугун пайдо бўлиб қолмаган, балки унинг тарихий илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади, албатта. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) даврларида ҳам динни бузишга ҳаракат қилган турли гуруҳлар, сохта пайғамбарлар чиқиб турган. Салафи солиҳлар[2] ва ундан кейинги даврларда ҳам хаворижлар, мўътазилийлар, қарматийлар, карромийлар ва жаҳмийлар каби турли оқимлар фаолияти кузатилади. Қарматийлар йўлда қароқчилик билан кун кечириб, ҳаттоки, Каъбага отланган ҳожиларнинг карвонларини ҳам беаёв таладилар, ўзларини ўлдирдилар, молларини ўлжа қилиб олдилар[3].

Бу каби номлар остидаги фирқалар ҳозирги кунда мавжуд эмас. Аммо уларнинг ғоялари, ботил ақидалари асосида  шаклланиб фаолият юритаётган оқимлар мавжуд.

Сўнги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом давридаги яшаш тарзига қайтишга тарғиб қилаётган “Сохта салафийлар”, “Мусулмон биродарлар”, “Нурчилар”, “Таблиғчилар”, “Ҳибу-т-таҳрир” ва шу каби кўплаб оқимлар ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Улар илгари сураётган ғоялар соф исломий асосларга зиддир. Масалан, Сохта салафийларнинг ақидавий ва фалсафий қарашлари бевосита суриялик Ибн Таймия (1263-1328) фаолиятига боғлиқ. Ибн Таймия қарашларининг нотўғрилиги ва исломга зидлиги ўша давр уламолари томонидан исботлаб берилган. У умри давомида тўрт марта қамоққа олинган ва 1328 йил қамоқхонада вафот этган. Бундан кўринадики, сохта салафийлар асос қилиб олган маънавий “устоз”ининг қарашларининг ўзи ҳам нотўғридир.

Аҳли сунна ва-л-жамоа эътиқодига кўра, исломда бешта: имон, намоз, рўза, закот ва ҳаж арконлари мавжуд. Сохта салафийлар эса унга жиҳодни ҳам қўшиб, “жиҳод – олтинчи аркон ва жиҳод қилиш ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир” – деган ғояни илгари суради[4]. Жиҳодни асосан қуролли кураш сифатида талқин қилиниши экстремизмнинг янгича шакл ва мазмун касб этишига олиб келди.

Бундан ташқари, улар ҳар қандай янгиликларни бидъат ҳисоблайди, мазҳабларни инкор этади, тасаввуфни тан олмайди ва қабрларни зиёрат қилишни қаттиқ қоралайди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) қабрларни зиёрат қилишга тарғиб қилганлар. Бу бир қанча ҳадиси шарифларда ўз аксини топган.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қиладики:  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар.

Бу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат изн бердилар, балки бу ишга буюриб, тарғиб этганлар. 

Экстремистик оқимлар ислом давлати қуриш, халифалик тузумини қайта тиклашни қаттиқ тарғиб қиладилар ва бунга ҳар қандай йўл билан эришишни мақсад қилиб олганлар. Ҳатто, “Ҳизбу-т-таҳрир”нинг даъвосича, “ягона халифалик давлати”ни тиклаш исломдаги муҳим фарз амаллардан ҳисобланиб, уч кундан ортиқ мусулмонларнинг халифасиз яшашлари ҳаромдир.

“Таҳрирчилар”нинг ушбу даъвоси Қуръон ва ҳадисларга зиддир. Чунки мусулмонларнинг ягона халифалик остида яшашлари ҳақида буйруқ ёки кўрсатма мавжуд эмас. Улар халифаликсиз давлатларда раҳбарларга бўйсунишни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” [5]– деб марҳамат қилади.

Ҳизбчилар одоб-ахлоқ, хушмуомалали бўлиш, одамлар билан яхши муносабатда бўлиш каби инсоний муносабатлардан воз кечиб, мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳар қандай ношаръий ва номақбул услубларни қўллаш мумкин деб даъво қиладилар. Ислом эътиқодида одоб-ахлоқ, меҳр-саховат, хушмуомалали бўлиш, инсонларни кўнглига заррача бўлса ҳам зиён етказиш қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло китобида: “Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга… яхшилик қилинглар”[6] – деб марҳамат қилади. Ва яна: “Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади”[7] – деб айтади.

Бу борада буюк аждодимиз Алишер Навоий:

“Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай” – деб айтади.

 Яъни бир ғамга тушган кишини кўнглини кўтариб, шод қилиш, Каъбани қайта қуриш даражасидаги хайрли ишга тенглаштирилаяпти.

Ҳозирда дунё жамоатчилигининг тинчлигига салбий таъсирини кўрсатаётган турли гуруҳларнинг фаолияти бизнинг мамлакатимизга ҳам хавф солмаяпти деб айтиб бўлмайди. Дунёнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам турли экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб қолиш ҳолатлари кузатилиб турилмоқда. Ушбу ҳолатлар, айниқса, ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Бу каби салбий иллатларни олдини олиш мақсадида мамлакатимизда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан халқ маънавиятини янада бойитиш, диний билимсизликни бартараф этиш мақсадида турли институтлар, университет, масжид ва мадрасалар барпо этилиб, кўплаб имкониятлар яратиб берилмоқда. Ушбу имкониятлардан фойдаланиб, маънавий дунёқарашини бойитиб, юқорида айтиб ўтилган оқимларнинг ғояларига алданиб қолмаслик ҳар бир каттаю-кичикларга лозим ва лобуддир.

ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
Р. Элмуродов
[1] Оли Имрон. 19-оят.
[2] Пайғамбаримиз (с.а.в) даврида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмолар.
[3] З.Ҳусниддинов. Ўзбекистонда диний бағрикенглик. Т:. “Тошкент ислом университети”, 2006. –Б.110.
[4] А.Тулепов. Ислом ва ақидапараст оқимлар. Т:. “Мовароуннаҳр”, 2014. –Б.267.
[5] Нисо. 59-оят.
[6] Нисо. 36-оят.
[7] Моида. 13-оят.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …