Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ИБН УМАР ФАҲРИДДИН РОЗИЙ АСАРЛАРИНИНГ ҚИСҚАЧА ШАРҲИ

МУҲАММАД ИБН УМАР ФАҲРИДДИН РОЗИЙ АСАРЛАРИНИНГ ҚИСҚАЧА ШАРҲИ

Ватанимиз азалдан илм-маърифат ўчоғи бўлиб келган. Бу юртдан кўплаб қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар қолдирган улкан илмий мерос гарчи турли босқинлар даврида йўқ қилинган, олиб кетилган бўлсада, бизнинг давримизгача етиб келганларининг адади, ҳисобга олинганлари ҳам кишини ҳайратга солади. Ана шундай маънавий меросимиз сақланаётган илмий даргоҳ – ЎзФА Шарқшунослик институти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди ўзининг бойлиги, турли фан соҳаларининг хилма-хиллиги бўйича дунёдаги энг бой қўлёзма фондидан биридир. Қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларнинг ичида энг қадимийси IX асрга (Қуръони каримнинг куфий хати билан китобат қилинган нусхаси), энг янгилари эса ХХ асрнинг ўрталарига оид [1].

Қўлёзмалар мажмуасидаги асарлар ўзбек, араб, форс, тожик, урду, пушту, озарбайжон, турк, татар, туркман, уйғур ва бошқа шарқ халқларининг тилларида ёзилган. Бу асарлар ўрта аср ва ундан кейинги давр фанининг турли тармоғига, яъни тарих, адабиёт, фалсафа, ҳуқуқ, фалакиёт, кимё, табобат, жуғрофия, доришунослик, тил, мусиқа, математика, маъданшунослик ва бошқа соҳаларга оид.

Бу хазинада сақланаётган асарларни биринчи навбатда иккита катта гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳ – қўлёзма асарлар, иккинчи гуруҳ эса, тошбосма ва нашр этилган китоблар ҳисобланади. Ҳозирги вақтда қўлёзмалар хазинасида (асосий фонд – 13559та, дублет фонд – 5237та, Ҳамид Сулаймон фонди – 7586та) жами 26382 жилд китоб сақланаётган бўлса, тошбосма ва нашр этилган китобларнинг (асосий фонд – 23569та, дублет фонд – 3243та, махсус фонд – 6389та, Ҳамид Сулаймон фонди – 6875та) умумий сони 40076 жилдан ортиқни ташкил этади [1]. Улар Ўрта Осиё, шунингдек, Шарқ мамлакатлари – араб давлатлари, Афғонистон, Покистон, Туркия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон тарихини ўрганишда ўта муҳим манба ҳисобланади. Шунингдек, Институтнинг қўлёзмалар хазинасида 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлар ҳам сақланади.

Биз бу кичик ҳажмли тадқиқотимизда институтнинг фондида сақланаётган Муҳаммад ибн Умар Фаҳриддин Розийнинг қаламига мансуб қўлёзмаларга тўхталиб ўтмоқчимиз. Институтнинг асосий фондида Розийнинг 14 номдаги асарларининг 39та қўлёзма нусхалари сақланмоқда. Уларнинг ичида энг кўп – 21 нусхадагиси «Ал -Тафсир ал-кабир» ёки «Мафатиҳ ул-ғайб» асари ҳисобланади. Қуйида Фаҳриддин Розийнинг қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларининг рўйхатини ва улар тўғрисида қисқача малумот бериб ўтамиз.

  1. Ал-Тафсир ал-кабир ёки Мафатиҳ ул-ғайб тафсир илмига оид асар ҳисобланади. Бу улкан Қуръон шарҳини тахминан 595/1199 йилда ёзиш бошланган. Аммо асарни Розий ёзиб тугата олмаган. Кейинчалик унинг шогирдлари тугатган [2:10]. Қўлёзмалар институти асосий фондида 9237, 9238, 6834, 5109, 9236, 5108, 5106, 5110, 4719, 5107, 9473, 7295, 4776, 2157, 5986, 5326, 2062, 4754, 4755, 3248, 4736 сонли инвентарь рақамлар остида сақланади. Ушбу қўлёзмалар арабча, насталиқ, насх, сулс ёзувларида кўчирилган.
  2. Жами ул-улум асарининг 10583, 415, 5514 инвентарь рақамли 3та қўлёзма нусхалари мавжудлигини аниқладик. Араб тилида, насталиқ ёзувида кўчирилган. Бу асар хоразмшох Такашнинг илтимосига биноан ёзилган. Асар XII-XIII асрлар мусулмон шарқидаги олтмишга яқин фан ва уларнинг таснифи ҳақида маълумот беради.
  3. Асрар ал-танзил ва анвар ал-тавил асари Розийнинг илоҳий мавзуларни Қуръон оятлари асосида тадқиқ этувчи тугалланмаган асари ҳисобланади. У «Ал-Тафсир ал-кабир» асаридан кейин ёзилган кўринади ва кейинг манбаларда баъзан Қуръоннинг кичик шарҳи (Ал-Тафсир ал-сағир) деб ҳам юритилади [2:10]. Араб тилида, насталиқ ёзувида кўчирилган. Инвентарь рақами 10691 ҳисобланади.
  4. Латоиф ул-ғиёсиёт қўлёзмасининг асосий фондда 2та нусхаси мавжудлигини аниқладик. Булар 10873 ва 2355 инвентарь рақамли қўлёзма нусхаларидир. Аввалги илмий тадқиқотларимизда 10873 рақамли қўлёзма нусхаси доирасида тадқиқот олиб борган эдик [3]. Биринчи қўлёзма нусха 1265/1848 йилда кўчирилган. Котиб исми берилмаган. Котиб бу асарни ўқиган инсонлар кўчирувчи ҳаққига дуо қилиб қўйишни сўраган, яъни дуо талаб қилган [4]. Асар учта катта мақоладан иборат:
  5. Илмнинг фазилати ҳақида
  6. Борлиқнинг ва оламнинг яратувчиси борлигининг далиллари тўғрисида
  7. Инсон аҳволининг сифатлари ҳақида [5:1060].

Форс тилида, насталиқ ёзувида кўчирилган. 120 варақдан иборат. Розийнинг бу асарининг номи «Кашф ал-зунун»да берилмаган. 2355 рақамли нусхаси тожик тилида, насталиқ ёзувида Утман ибн Мир Муҳаммад 1060/1650 йилда кўчирган. 100 варақдан иборат (154-55). Эътиборли жиҳати шундаки, бу асар илмий жамоатчиликка маълум эмас эди. Бу асар Розийнинг тадқиқотчилар ўрганмаган асари ҳисобланади.

  1. Ҳадоиқ ул-анвар фи-ҳақоиқ ул-асрар қўлёзманинг 2та нусхаси мавжуд. 2671 ва 10287 инвентарь рақамлари остида асосий фондда сақланади. 2671 инвентарь рақамли нусхаси 1113/1701 йилда форс тили, насталиқ ёзувида кўчирилган.
  2. Рисалат тахқиқ калимату-ла илаҳа иллаллаҳ қўлёзмаси, инвентарь рақами: 562.
  3. Рисалат ал-камалия фи ҳақаиқ ал-илаҳийя 2536 инвентарь рақамли қўлёзма нусхаси Ҳиндистонда 1076/1665 йилда форс тилида, насталиқ хатида кўчирилган. Мисрил Мактум худди шу асарнинг 2687 рақамли қўлёзмасининг тожикча таржимасини насталиқ ёзувида кўчирган.
  4. Рисалат фиттавҳид қўлёзма инвентарь рақами 5600, араб тилида, насталиқ ёзувида кўчирилган. Ҳажми 4 варақ ҳисобланади.
  5. 9. Шарх ал-Ишарат ва-л-танбиҳат асари асосий фонднинг 4957 I ва 4957 III инвентарь рақамлари остида сақланади. Таҳминан 580/1184 йилда ёзилган. Бу асар Ибн Синонинг «Ал-Ишарат ва-л-танбиҳат» асарига Розийнинг машҳур танқидий шарҳидир [6:1]. Мантиқ бўлими ҳалигача нашр қилинмаган [2:9]. Араб тилида, насталиқ ёзувида кўчирилган.
  6. Ал-Мабаҳис ал-машриқийя. Бу қўлёзмани ҳижрий 665 йилда Али ибн Муҳаммад араб тилида, насталиқ ёзувида кўчирган. Асосий фонд, Инвентарь рақами 2432. Асар Розийнинг дастлабки илмий мероси ҳисобланади ва унга Ибн Сино (в.429/1037), Абул Баракот Бағдодий (в.560/1164-5), Абу Бакр Розий (в.313/925)ларнинг фалсафий асарлари таъсир кўрсатган. Бу асар Розий фалсафасининг етуклигини англатмайди, лекин унинг кейинги ва олдинги қарашларидан кескин фарқ қилувчи фикрларни ўз ичига олади. Розий бу асарида фалсафадаги ҳамкасбларини қадимги ва исломий кучлар асослаб берган далиллар ва усулларга бўйсунишда айблайди [7:21].
  7. Масаил фиттиб. 3125 рақамли араб тили, насталиқ ёзувида кўчирилган қўлёзма ҳисобланади. Бу қўлёзма асар Абу Бакр Розийнинг қаламига мансуб бўлиши ҳам мумкин.
  8. Ниҳаят ал-уқул қўлёзмаси асосий фонднинг 10129 рақамли нусхаси ҳисобланади. Насх хатида, араб ёзувида 680/1281 йилда Али ибн Муҳаммад ибн Али ан-насафий кўчирган, 200 варақдан иборат. Ҳалигача нашр қилинмаган. Бу Калом илми ҳақидаги асар ислом илоҳиёти тарихига жуда катта тасъир кўрсатган. Бу Розийнинг олдинги Ашъарий тафаккури билан кейинги фалсафий илоҳиёт ўртасидаги ҳал қилувчи қисқа босқични ифодалайди [2:8].
  9. Рисалат фи-танбиҳ алал баадал асрар ал-мувадаат фи баадал асвар қўлёзмаси 2820 рақамли қўлёзма ҳисобланади. 1099/1688 йилда Муҳаммад Садиқ ибн Ҳабибуллоҳ насталиқ хатида, тожик тилида кўчирган. 3 варақ (276-274)ни ташкил этади.
  10. Васиятномаи Разий. 2213 рақамли қўлёзма, тожик тилида кўчирилган. 4 варақ (28-25)ни ташкил этади.

Умуман олганда Розийнинг қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларини ўрганиш натижасида диёримизда ўша даврда ҳам илм-фаннинг ривожланганини кўришимиз ва қимматли маълумотлар олишимиз мумкин.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. https://beruni.uz/en-ca/tuzilma/institut-tarixi2.html
  2. 2. Ayman Shihadeh, The Teleological ethics of Fahr al-Din al-Razi. Brill Leiden-Boston, 2006.
  3. 3. Umarjonov S, Fahriddin Muhammad ar-Roziyning (1149-1209) “Latoif ul-g’iyosiyot” asarining falsafiy-germenevtik tahlili. Magistr akademik darajasini olish uchun yozilgan dissertatsiya. –: 2020.
  4. فخر الدين رازي. لتف ال غيسيت. (Fahr Addin Raziy “Latoif ul-Giyosiyot” arab va fors tillarida) O’zbekiston FA Sharqshunoslik institutida saqlanadi (inv №10873)
  5. С.С.Умаржонов, М.К.Сафаров. Fahriddin Roziyning “Latoif ul-g’iyosiyot” qo’lyozma asarida aql va e’tiqod masalasining qo’yilishi va uning diniy-falsafiy germenevtik tahlili”. Oriental renaissance: Innovative, educational, natural and social sciences (электрон журнал). 2021-йил июн.
  6. 6. Ayman Shihadeh, Fahr al-Din al-Razi’s Response to Sharaf al-Din al Mas’udi’s critical commentary on Avicenna’s Isharat. The Muslim World, volume 104, January/april 2014.
  7. 7. Tariq Jaffer, Razi Master of Qur’anic Interpretation and Theological Reasoning. Oxford University Press, 2015.
Соҳибжон УМАРЖОНОВ,
ТДИУ таянч докторанти

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …