Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “ДАВЛАТ ГЕРБИ – ИФТИХОР РАМЗИ”

“ДАВЛАТ ГЕРБИ – ИФТИХОР РАМЗИ”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Давлат герби – ифтихор рамзи” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев ҳамда Марказ директори Бош маслаҳатчиси фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг нафақат давлат рамзи, балки миллат ифтихори сифатидаги юксак аҳамиятини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, герб – ҳар бир давлатнинг рамзи, халқнинг тимсоли! Ундаги ҳар бир тасвир, ранг, чизиқ ва белги улуғлик, фидойилик ва олийжаноблик нишонаси бўлиб, ўзида тинчлик, яхшилик, бахт-саодат ва юртнинг фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.

Бу ҳақда Марказ илмий ходими Баёзхон Маҳмудов ўз маърузасида батафсил тўхталиб, мустақиллигимиз белгиси бўлган гербимизни мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча шахслар ҳурмат қилишлари заруратини таъкидлади. Чунки, герб орқали халқимиз ўзи истаган ва танлаган йўл – озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида муқаддас тимсолга эга бўлиш билан бирга мамлакатимиз мустақиллиги таъминланди.

Нотиқ маърузасининг сўнггида ўзининг Ўзбекистон Давлат гербини мадҳ этувчи “Давлат герби – ифтихор рамзи” номли шеърини ўқиб эшиттирди.

«Давлат герби — ифтихор рамзи»

Миллатнинг шонини нақшга йўйиб,
Ҳурликдан сўзловчи буюк бир белги.
Юртимнинг жамолин дунёга ёйиб,
Мағрур нур сочади Давлатим герби.
 
Саодат қанотин мардларча кериб,
Ҳумо қуши сочар зийнату-зеби.
Буюк мақсадларни шонадек териб,
Юксакликка ундар Давлатим герби.
 
Бугун қадринг баланд, мақсадга етиб,
Таниди оламнинг  шарқию-ғарби.
Юксак марраларни аста мавҳ этиб,
Буюкликка етдинг миллатим герби.
 
У билан  қалбларда умид yйғонар
Турар у  манглайда мисли тилло қош.
Пештоқларга боқсанг кўзинг қувонар.
Бугун юрт рамзига тўлди ўттиз ёш.

Тадбир байрамона руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …