Ҳар бир комил инсон сабр-тоқатли ва дунё имтиҳонлари олдида матонатли бўлишга интилиб яшайди. Инсониятга шодлик ва қайғу ёнма-ён келишини англаб яшаган ҳар бир шахс, доимо олдида келажак имтиҳонларда тайёр туради.
Қуръони каримнинг Бақара сураси 155-оятида: “Албатта, биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга ва меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер[1]” – деб марҳамат қилган. Шу аснода синовларга ғам чекмасдан келажак ютуқларига интилиш лозимдир.
У зот алайҳиссалом дедилар: “Аллоҳ бирор бандани яхши кўрадиган бўлса, уни чораси йўқ мусибат билан имтиҳон қилади. Агар банда уларга сабр қилса, уни ихтиёр қилади. Агар у рози бўлса, Аллоҳ уни Ўзи танлаб олган бандалардан бири қилиб қўяди”[2].
Боболаримиз ҳикматларида сабр масаласида қуйидаги маълумотлар шоҳиди бўламиз:
“Шошиб қилма ишни, сукут қил-сабр,
Шоша қилган ишлар охири жабр
Жами ишда шошма, босиб тут ўзинг,
Сабрли қўлини қилар бег давр[3]” деб бежиз қайд этилмаган.
Мол-дунё ва мансаб келганида ҳаддидан ошиш мумкин бўлмаганидек, мусийбат етганда ҳам сабрли бўлиш керак.
Қуръони каримнинг Бақара сураси 45-оятида: “Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир[4]”-деб марҳамат қилган.
Бу билан сабр- қилиш шарт экан деб ҳаракатсиз кутиш эмас, балки машаққатларни енгиш ва ечим излаш ҳам лозимдир.
У зот алайҳиссалом дедилар: “Сабр тўрт хилдир. Фарзларга (яъни, зиммасига фарз қилинган амалларни бажаришликда) сабр қилмоқ, мусибатга сабр қилмоқ, одамларнинг озорларига сабр қилмоқ ва фақирликка сабр қилмоқ. Бас, фарзларга сабр қилмоқ – тавфиқ, мусибатга сабр қилмоқ – савоб, одамларнинг озорларига сабр қилмоқ – муҳаббат ва фақирликка сабр қилмоқ – Аллоҳ таолонинг розилигидир”[5].
Хуллас, иймони мустаҳкам, ақли расо шахс сабр ила адолат йўлида ўз ҳаракатини давом эттирса ҳар қандай тўсиқларни забт этиши аниқ.