Айни пайтда Ўзбекистонда бўлиб турган Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид университети олимлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов ва бошқа илмий ходимлар кутиб олишди.
Анқара Йилдирим Боязид университети Тарих факультети декани, профессор Ҳусайн Чинар, Инсон ва ижтимоий фанлар факультети профессори, темурийлар даври бўйича мутахассис, доктор Мусо Шомил Юксал, университет ҳузуридаги Ислом илмлари тадқиқот маркази директори ўринбосари Али Асқархон Қосимовлардан иборат Туркия делегацияси Марказ музейи, кутубхонаси ва илмий ходимлар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Меҳмонлар билан ўтказилган мулоқот чоғида университет билан Марказ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг айни ҳолати эътироф этилиб, илмий-тадқиқот йўналишидаги қўшма лойиҳалар самарадорлигини янада ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташриф сўнгида меҳмонларга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар ва эсдалик совғалари топширилди.