АОКАда ўтказилган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов Марказ томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Марказнинг илмий тадқиқотлар бўлими томонидан 2022 йил январь-май ойлари давомида қуйидаги асарлар нашрга тайёрланди:
Ўтган йиллар давомида таржима қилинган Абд ибн Ҳумайд Кешийни ҳадис илмига оид “Муснад” китобининг 1, 2, 3 жилдлари. Муснад асар деганда, саҳобалардан ривоят қилинган ҳадислар жамланмаси тушунилади. Бу китобда 150 нафар машҳур саҳобадан ҳадислар келтирилган бўлиб, уларнинг 118 нафари саҳоба, 32 нафари саҳобиядир. “Муснади Кеший”даги ҳадисларнинг 1005 таси “Саҳиҳ” ва 594 таси “Бошқаси билан саҳиҳ ва исноди саҳиҳ бўлган” ҳадислардан иборат бўлиб, умумий сони 1599 тани ташкил қилади.
Имом Доримийнинг “Сунани Доримийдан сайланма ҳадислар” асари. Сайланмада жами мингга яқин ҳадис келтирилган. Жумладан, ижтимоий-ахлоқий кўрсатмалар, шаръий масалаларда илмсизлик ва жоҳиллик билан фатво бермаслик, шариат илмини эгаллаган кишилар фатво масаласида жуда эҳтиёт бўлишга чақирилгани тўғрисидаги ҳадислар бор.
Имом Бухорийнинг “Тарихус сағир”, яъни “Кичик тарих” асари. Унда 2997 нафар ровийлар ҳақида маълумотлар жамланган. Асарда машҳур саҳобалар, тобеинлар ва уларнинг издошлари ва улар вафот этган йиллар, наслу насаби, ўзаро мулоқотлари ҳақида сўз юритилган.
Алоуддин Косонийнинг “Эътиқоди косоний” китоби. Муаллиф “Маликул уламо” – “Олимлар подшоҳи” унвонига сазовор бўлган. Рисолада ҳанафийлик мазҳабининг қарор топиши ва мотуридийлик таълимотининг тараққий этишида беқиёс ўринга эга бўлган фақиҳ ва мутакаллим Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Косоний раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва илмий мероси ёритилган.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамойили Бухорий” асари. Муаллиф Имом Бухорийнинг шогирди ва котиби наҳвшунос олим бўлиб, рисолани устози Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий таржимаи ҳолига бағишлаган. Рисолада Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий фаолияти, асарлари ҳақида қизиқарли маълумотлар жамланган.
“Имом Термизийнинг ақидавий қарашлари” китоби. Буюк ватандошимиз Абу Исо Термизийнинг “Сунани Термизий” асарида келган ақидавий қарашлари асосида Абу Муоз Ториқ ибн Ивазуллоҳ ибн Муҳаммад томонидан ёзилган мазкур асар ўзида ҳли сунна вал жамоага тааллқули кўплаб ақидавий қарашларни жамлаган.
Шунингдек, илмий ходимлар томонидан:
Абу Азабанинг “Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги гўзал чаманзор”;
Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳли сунна”;
Абул Мунтаҳо Шаҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Мағнисовийнинг “Шарҳи фиқҳул акбар”;
“Муснади Кешийдан дурдоналар” номли китоб ва рисолалари нашрга тайёрланиб,
Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснад Шоший” асаридан сайланма ва Аъло Бухорийнинг “Рисола фил ақоид” асарларини таҳрир қилиш ишлари давом этирилмоқда.
Ҳозирги вақтда Марказ таржимонлари Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум”, Саййид Абдул Можид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари” ва Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Талхисул адилла ли қаваидит тавҳид” асарлари таржимаси устида ҳам иш олиб боришмоқда.
Бўлим илмий ходимлари томонидан шунингдек, “10 хақиқат ва 10 рисола” лойиҳаси доирасида Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Имом Мотуридий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби алломалар ҳақида 10 хақиқат ва халқчил рисолалар нашрга тайёрланди.
“Ўзбекистон тарихи” телеканалида “Халқ мулки: Муҳаддислар султони – Имом Бухорий қолдирган мерос” рукнида туркум кўрсатувлар тайёрланиб эфирга узатилмоқда.
Илмий ходимлар томонидан ҳадис, ақида, одоб-ахлоқ ва бошқа мавзуларга оид 12 та видеодарслар таёрланди, жумладан
“Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Талхийсул адилла” асари” (кириш қисми);
“Ҳақ ва ботилнинг моҳияти”;
“Авлиёларнинг каромати ҳақдир” (1 қисм);
“Ақл далолат қилган ишлар ҳақида”;
“Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламини ёзишдаги саҳиҳлик шартлари ва бошқа ҳадис тўпламлардан устунлик жиҳатлари” (1-қисм);
“Фарз амаллар соқит бўлмайди”;
“Муҳтожларни тўйдирмоқ Яратганнинг мукофотига сазовор қилади!”;
“Муҳтожларга мурувват икки дунё саодатига сабаб”;
Абу Бакр Косонийнинг “Эътиқод” рисоласи “Катта ва кичик гуноҳлар мўминни кофир қилмайди”;
“Илҳом илми ҳақида”;
“Анбиёлар ва ашараи мубашширадан бошқа ҳеч кимни жаннати деб ҳукм қилмаймиз”;
“Таълим олиш фарзлиги ҳақидаги далиллар” мавзуларида видеодарслар тайёрланиб, Марказнинг bukhari.uz номли веб-сайти ва бошқа ижтимоий тармоқларида эълон қилинди.
Илмий тадқиқот бўлими илмий ходимларининг 40 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалари маҳаллий ва хорижий илмий журналларида ҳамда конференция тўпламларида эълон қилинди.