Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҚЎЛЁЗМАЛАР МОЗИЙДАН СЎЗЛАЙДИ

ҚЎЛЁЗМАЛАР МОЗИЙДАН СЎЗЛАЙДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари учун айни кунларда Марказда тадқиқот олиб бораётган франциялик олимлар иштирокида қадимий қўлёзма нусхалари ва уларнинг хусусиятларига бағишланган илмий семинар ташкил этилди.

Семинарда Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндори Мари Эфтимию “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Қуръон қўлёзмалари фонди тарихига оид кодикологик мушоҳадалар” мавзусида ҳамда айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб, Марказда илмий амалиёт ўтаётган франциялик олим, Париждаги Естиенне олий мактаби (École Supèrieure Estienne) босма санъат ўқитувчиси, Др.Жан Луи Эстев “Араб-ислом қоғозларининг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида маъруза ўқиди.

Маърузачилар бизгача етиб келган ва Шарқшунослик институтида сақланаётган Ўрта Осиё, хусусан Шарқий Туркистон қўлёзмаларининг келиб чиқиш тарихи ва уларнинг маҳаллий қўлёзмалар саноатида тутган ўрни борасида қимматли маълумотлар билан ўртоқлашдилар. Таъкидланишича ушбу қўлёзмалар ислом китобхонлигига оид юксак маданиятни ифодалаб, қадимги ноширлик санъатининг қоғозсозлик, муқовалаш, иллюминация, хаттотлик каби жабҳаларини ўрганишда катта ёрдам беради. Бундан ташқари Қуръон қўлёзмалари Марказий Осиё диндорларининг кундалик ҳаёт тарзи ҳамда маҳаллий ислом анъаналари ривожига ҳам гувоҳлик беради ва типологиясига кўра муҳим ўзига хосликларига эга. Спикерлар Қуръон нусхаларининг тоифалари ва хусусиятларини ажратиб, юксак тарихий аҳамиятини очиб беришди.

Семинар қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …