Парвардигори олам бир-бирини тушунсин, бир-бирига ёрдами тегсин ва аҳил яшасин деб, инсонларни бир-бирига дўст-биродар қилиб қўйди. Инсон ҳаётида чин дўстларнинг кўп бўлиши унинг бахтидир. Бунда инсоннинг гўзал одоби ва комил ахлоқи муҳим ўрин тутади.
Пайғамбар алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: “Эй Абу Ҳурайра! Гўзал ахлоқли, чиройли одобли бўлгин”, дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Ё Расуллуллоҳ! Гўзал одоб, юксак ахлоқнинг меъёри, унинг қоидаси, қандай?” деди. У зот: “Гўзал одоб ва юксак ахлоқ уч нарсада мужассам бўлади. Бу сен билан алоқани узган кишини зиёрат қилишинг, сенга зулм қилганни кечиришинг, сенга яхшилик қилмаган кишига яхшилик қилишингдир. Ана шунда гўзал одоб ва юксак ахлоқли бўласан”, деб жавоб бердилар.
Дарҳақиқат, чин мусулмон ҳаммага фойдаси тегадиган, ўзига раво кўрганини бошқага раво кўрадиган одамдир. Муқаддас динимизда Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлиш савоби улуғ ибодатлардан ҳисобланади.
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Менинг ризолигим учун бир-бирини яхши кўрганлар, ака-ука тутинган ва ўтириб суҳбат қурганлар, бир-бирига ёрдам берганлар ва бир-бирларини зиёрат қилганлар Менинг муҳаббатимни қозонгай”.
Аллоҳ йўлидаги садоқатли дўстлик ҳамиша, ҳар ерда ва ҳар шароитда ишончли бўлади. Мусулмончиликда дўстлик қандай бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Мусулмон мусулмон учун ака-укадир. Унга зулм қилмайди, молини ноҳақ тортиб олмайди, хаққини ҳам камайтирмай беради”, деб таъкидлаганлар.
Ислом дини инсонларни ҳамжиҳат ва бир-бирларига бағрикенг бўлиб яшашга буюради. Зеро, инсон ҳаёти дўстлар билан биргатурмуш қувончлари ва ташвишларини баҳам кўриш ила гўзал ва мазмунли бўлади.
Ҳақиқий дўст биродаридан ёрдамини аямайди. Унинг мушкулотларини осон қилишга, унга етадиган жабр-зулмни қайтаришга ҳаракат қилади. Ўзига суянилганда, ишончни оқлайди. Биродарини таҳқирламайди, устидан кулмайди, масхара қилмайди. Зеро, ҳар қандай инсон бир жиҳатдан заифроқ ёки фақирроқ бўлиши мумкин. Ислом динида инсонни қашшоқ, мискин, кучсиз бўлгани учун ҳақоратлаш жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Чунки ҳамма ҳам Аллоҳнинг бандаси. Бирини қудратлироқ, фаровонроқ, иккинчисини кучсизроқ, камбағалроқ яратган. Аммо фақир мўминлар ўз тақдирига рози бўлгани туфайли Аллоҳ таоло наздида уларнинг қадр-қиймати баланд, дуолари ҳам мустажобдир. Шу боис мўмин-мусулмоннинг вазифаси биродарини таҳқирлаш эмас, балки унга ёрдам қўлини чўзиб, дуосини олишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни истаса, унга яхши инсонларни дўстлаштириб қўяди, яхшиларни ёндош қилади. Яхши дўст эса Аллоҳни, ибодатни, яхшиликни у эсдан чиқарганингда эсга солади. Эсингда бўлганида яхшиликда кўпроқ бардавом бўлишингга ёрдам беради”, деганлар.
Албатта, вақтини кўпинча бирга ўтказган кишилар бир-биридан таъсирланади. Таъсир эса яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун дўст танлашда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Олимлар ва фозиллар билан дўст бўлганлар илм ва фозилликка юз тутиши аниқ. Қозонга яқинлар эса фақат қорасини юқтиради. Шу сабабли, доимо фақат яхшилар билан дўст бўлишга ҳаракат қилиш лозим.