Марказий Осиёдан етишиб чиққан мутафаккирлар ичида ўзининг бой бадиий-эстетик мероси билан келажак авлодларга ноёб асарлар қолдирган давлат арбоби, шоир Алишер Навоийни бутун дунё аҳли яхши билади. Бугунги кунда Ўзбекистонда шоир бадиий ижодидан баҳра олмаган инсон топилмаса керак. Унинг бой эстетик меросини миллий ғоя ва қадриятлар билан уйғун равишда ўрганиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Чунки ёшларимиз ўз халқи тарихини билиши, шиорларнинг бадиий-эстетик меросини чуқур ўзлаштириши ва бугунги кунда амалга оширилаётган ижтимоий тараққиётга бефарқ бўлмасликлари лозим. Шу тариқа халқимиз Навоийнинг фаолиятини, унинг Ватан тараққиёти йўлида қилган хизматларини, бутун ҳаётини мамлакат ва миллат тарихи ҳаётидан ташқарида тасаввур этолмаганлигини англаб етади. Шу асосда Навоий жамиятда ҳар томонлама етук комил инсонни шакллантириш ҳар бир даврнинг долзарб масаласи эканлигини кун тартибига қўяди.
Унинг асарларида комил инсонни камол топтиришда фалсафий дунёқарашга алоҳида эътибор қаратади. Шоирнинг яратган асарлари, жамиятда миллий ғояни ривожлантиришга оид фикрлари барча инсонларни қизиқтириб келмоқда. Жамиятда комил инсонни шакллантириш, мамлакат кишиларининг соғ-саломатлиги, жисмоний бақувватлилигига, мустақилликка муносабатини юксалтириш борасида Навоий юксак маънавий-ахлоқий сифатларга алоҳида эътибор қаратган. Бу борада “мутафаккир шоир бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”[1: 370].
Мутафаккирнинг “Хамса”си ёшларда маънавий-ахлоқий сифатларни шакллантиришга алоҳида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Комил инсон ҳақида фикр юритганда, энг аввало, биз Алишер Навоийни яратган асарлари ва “Хамса”сидаги қарашларини ёдга оламиз. “Хамса”нинг достонларида Навоийни бадиий-эстетик қарашлари ёшларнинг бир-бирларига етишиш йўлидаги оғир заҳматлари орқали ёритиб берилади. Масалан, “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин” каби достонларидаги қиёфалар кейинги даврларда яратилган шарқ ривоятлари билан уйғунлашиб кетган бўлиб, кўпроқ достонларнинг мазмунида фожиавийликнинг намоён бўлишини кўришимиз мумкин. Навоий яратган қаҳрамонларнинг ички ҳис-туйғулари ва кечинмалари бадиий-эстетик қиёфалар жамиятдаги ижтимоий тузум ва халқнинг оғир ҳаёти билан боғлаб ёритилган. Достонларда муҳаббат ва эзгулик, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг бирлашиб ёвузликка қарши чиқиши, жамиятда адолат ва доноликнинг тантана қилиши масалалари акс этган. Бу мажозий қиёфаларда дунёлар гўзалликка, камолотга олиб борувчи миллийлик ғоялари, маънавий оламнинг серқирра жиҳатлари фалсафий тадқиқ этилган. Ушбу гўзал қиёфалар, юксак ахлоқий ғоялар дунёсидаги ижтимоий ҳаётнинг нозик қирралари, бадиий-эстетик омиллар кишига завқ бағишлайди. Навоийнинг “инсон ва маънавий ҳаёт, оламнинг яратилиши ва мақсади, инсоннинг тақдири ва бахт-саодати ҳақидаги чуқур ўй-фикрлари, мушоҳадалари икки буюк туйғуда Муҳаббат ва Гўзалликда ўз ифодасини топган. Ўрта аср фалсафий шеъриятида гўзаллик ўзининг ҳиссий моддий шаклида атрофимиздаги табиий муҳит, борлиқ сифатида шарҳланади, муҳаббат эса ҳаётнинг ўзидир. Муҳаббат кишилар дилида атроф оламга нисбатан самимий ҳис-туйғулар уйғотувчи маънавий куч сифатида ифодаланади. Гўзалликка эришиш воситаси ҳам мана шу куч – муҳаббатдир”[2: 169].
Алишер Навоий етук шахс, ўзида бутун инсоний фазилатларни мужассамлаштирган комил инсон сифатида тасвирланади. Алишер Навоийнинг бағрикенглиги, камтар ва юксак ақл эгаси эканлиги, меҳр-мурувватлилиги, мамлакат ободлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлари, шоиру давлат арбоби ва адолатпарварлиги, инсонпарварлик хусусиятлари шаклланганлигини кўришимиз мумкин бўлади.
Биз буюк мутафаккир Алишер Навоий асарларига назар соладиган бўлсак, комил инсонни вояга етказишда миллий ғояга бўлган қарашларини кўрамиз. Бундан ташқари, асрлар мобайнида халқимизнинг орзуси, истаги, идеали бўлиб келган миллий ғоя албатта комил инсонни вояга етказишда долзарб ҳисобланади. У тўғрисидаги тушунча, қарашлар ва тасаввурлар турли даврларда турлича талқин қилинган. Комил инсон тўғрисидаги ғояларнинг, такомиллашуви, унинг қандай бўлиши, характери, илм-фан, маданият, маънавий-ахлоқий муҳит, ижтимоий тараққиёт ривожига боғлиқ бўлган.
Бугунги кунда Алишер Навоийнинг асарларини ҳар томонлама ўрганиш, унга янгича ёндашиш бошланди. Бу ёндашишлар орасида Алишер Навоий асарларидаги комил инсон ғоясини бугунги кундаги аҳамиятини таҳлил қилиш ва уни қайси услубни қўллаб ёритиш масаласи муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу мавзу тўғрисида охирги йилларда туркум мақолалар нашр қилинди, бу эса комил инсон ғоясини тадқиқ қилиш ҳозирги вақтда ғоят долзарблигини кўрсатади.
Алишер Навоий бадиий-эстетик меросида маънавий-ахлоқий қарашлар, комил инсоннинг хулқ-одоб қоидалари, инсоннинг меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва одамийлик каби хислатлари, адолат, табиат ва инсонни севиш тўғрисидаги ғояларини ёшлар онгига сингдириш масалалари долзарб аҳамият касб этган. Табиат ҳақидаги қарашларида табиат ва экология қанчалик тоза ва озода бўлса инсонларга қувонч, шодлик, айниқса, соғлик ато этиши ҳақидаги фикрлари гўёки бугунги кундаги муаммоларга нисбатан айтилгандек бўлади. Бу ғоялар Алишер Навоийнинг “Хамса”си, шеърияти, ғазал ва достонлари, насрий асарларида ўз аксини топган.
Бундан кўриниб турибдики, бугунги кундаги ёш авлодни миллий ғоя руҳида тарбиялашда албатта Алишер Навоий асарларидан фойдаланган ҳолда фаолиятимизни олиб боришимиз муҳим ҳисобланади.
Бундан ташқари, қадимги ва илк ўрта асрларда яшаб ижод этган буюк донишмандларнинг комил инсон тўғрисидаги фалсафий қарашлари, бу борадаги қимматли фикрлари кейинги мутафаккирлар, хусусан ҳазрат Алишер Навоийнинг комил инсон ғоясига ҳам катта таъсир кўрсатди ва маънавий-ахлоқий қарашлари ёшларни комил инсон бўлиб вояга етишига муҳим ғоявий манба бўлиб хизмат қилди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ёшлар тарбиясига шарқ мутафаккирлари ҳар бир даврда ижобий фикрларини билдириб келишган. Жамият ва давлатда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ғоясининг аҳамияти англаб етилмаса, жамият ва давлат ҳаётида турли зиддиятлар, муаммолар вужудга келади, улар тинчлик ва барқарорликка хавф солади. Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда яшайдиган турли миллат вакиллари учун тенг имкониятларни яратилиши, айниқса, фалсафий масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб қонуний асосларда мустаҳкамланганлигини кўришимиз мумкин. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев нутқлари ва маърузаларида ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, миллатлар ва динлараро тинчликни таъминлаш, бағрикенглик муҳитини қўллаб-қувватлаш асосий тамойил сифатида илгари суриб келинмоқда. “Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил қилади”[3: 296]. Бундан келиб чиққан ҳолда, ёшларда бадиий-эстетик меросни шакллантиришимиз, маънавий-ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини кўришимиз мумкин.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий соҳадаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад Навоий ва бошқа файласуфларнинг ҳар томонлама етук комил инсонни тарбиялаш борасидаги ахлоқий сифатларга алоҳида эътибор берилмоқда. Жамиятда ёшларнинг маънавий онгини ўстириш ва ахлоқий камолот даражасини юксалтириш учун кенг имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилди. Бу борада Алишер Навоий ўзининг «Хамса»сида ёшлардаги меҳнатга завқий муносабат табиий эҳтиёж эканлигини таъкидлайди. Унинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги канал қазувчиларга Фарҳоднинг ёрдам бериши ҳақидаги меҳнат гўзаллиги билан боғлиқ жараён ёшларни эстетик руҳда тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Фарҳод канал қазувчиларнинг оғир аҳволда ишлаётганини кўриб:
деб канал қазувчиларга ёрдам бериши ва тез орада канални битказиб, қақраб ётган чўлларни гулзорга, боғу роғларга айлантириши меҳнатнинг эвазига келган роҳатдир.
Алишер Навоий Фарҳод образи орқали ёшларнинг жисмоний-ақлий қобилиятларини меҳнат билан уйғунлаштириш лозимлиги ҳамда меҳнат барча бойликларнинг негизи эканлигини бадиий шаклда тасвирлаб берган”[4: 94]. Шу боисдан фарзандларимизни соғлом ва ахлоқий етук сифатларга эга қилиб тарбиялаш бизнинг бош мақсадимиздир.
Давлатимиз раҳбари ўзининг маърузаларида доимий равишда ёшларнинг эртанги кунини Навоий ижоди билан уйғунлиги борасида сўз юритадилар. Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз”[5: 448]. Ёшларнинг маънавий-ахлоқий сифатларини оширишга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишда Навоий асарларининг ўрни каттадир.
Ёшлар камолотида муҳим ўрин тутган Навоийнинг ахлоқий ва бадиий-эстетик ғоялари инсон қалбидаги энг нозик ва гўзал туйғуларни ифодалаб, эзгу амаллар қилишга барчани чорлайди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов шоирнинг миллий адабиётимиз тарихида тутган ўрни ҳақида таъкидлаганидек, “Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир. Таъбир жоиз бўлса, оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса. Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”[6: 47].
Алишер Навоий фалсафасининг эстетик жиҳатдан жозибадорлиги сирини, унинг эстетик онг эволюциясининг қандай босқичига тегишли эканини тасаввур қилиш имкониятига эга бўламиз. Чунки айни шу фалсафа олий ақлнинг эмас, ҳатто нурланган ақлнинг ҳам эмас, балки эстетик мероснинг маҳсули эканлиги билан алоҳида ажралиб туради. Низомий Ганжавий, Ҳусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Саноий, Ҳофиз, Саъдий ва бошқа буюк зотларнинг поэтик-фалсафий ижоди эса айни шу эстетик илҳом поғонасига тегишлидир. Уларнинг асарлари оддий поэзия эмас, балки “Ан ал-Ҳақ”ликка эришган зотларнинг фалсафий-эстетик поэзиясидир. Зеро, бу поэзия эстетик мерос маҳсулидир.
“Алишер Навоийиинг бадиий-эстетик қарашлари кўплаб олимлар томонидан тадқиқ қилинган. Бироқ шоирнинг эстетик олами бадиий ижоди каби чексиз ва бепоёндир. Биз унинг гўзаллик, ижод жараёни, илҳом ва нафосат ҳақидаги қарашлари, фикрларини кўздан кечирганимизда ҳали қатор масалалар ёритилмаганлиги, улуғ мутафаккирнинг салоҳияти ва тафаккурий қудратини белгиловчи хизматлари етарли баҳосини олмаганини кўрамиз. Унинг асарларидаги эстетик қарашларида айрим мулоҳаза ва фикрлар ҳам янги давр, янгича фикрлаш талаби билан ўзгаришга учради”[7: 11].
Навоий бадиий-эстетик мероси ёш авлод учун зарурлигини унинг яратган асарларидаги фалсафий мушоҳадалар орқали ҳам англаб етиш мумкин. Унинг фикрича, инсоннинг гўзаллиги унинг тили орқали намоён бўлади. Ана инсонда тил бўлмаганда эди у ўлик одамдан фарқланмас эди. Ана шу тилгина инсонга тириклик бахш этди, шу орқали эзгулик, адолат йўлига кирди.
Навоий асарларида ёрга вафо, севги, муҳаббат мазмунидаги ғоялар кўп учрайди. Бу, бир томондан, ахлоқий характердаги фикрларнинг баёни сифатида ифодаланса, иккинчи томондан, одамнинг психологик хусусиятлари ички кечинмалари, руҳий ҳолати, хатти-ҳаракатининг баёнида ўз ифодасини топган. Навоий кишининг ваъдасига вафо қилишини, айтган сўзининг устидан чиқиши кераклигини асоси деб билади.
Навоийнинг бадиий-эстетик қарашлари ёшларни миллий ғоя руҳида тарбиялашга қаратилган фалсафий дунёқараш билан уйғунлашган. Унинг асарларида акс этган қаҳрамонларнинг образлари ёшларни Ватанга муҳаббат, ёрга садоқат, юртга содиқ, ўз танлаган касбига фидойи қилиб тарбиялашни кўзда тутади. Навоий наздида бадиий-илмий мерос Аллоҳдан инсон қалбига нузул этадиган жуда нафислик нур ирмоғи бўлиб, у тафаккурдан беҳад юксакдир. Айни пайтда у инсон қалбига ортиқча зўриқишсиз, содда ва равон оқиб киради. Шундай экан, шоирнинг яратган асарлари ва бой адабий-эстетик меросидан инсониятнинг баҳраманд бўлиши, халқ дардини очиб бериши барчамизни огоҳликка, эзгулик йўлида адолат билан меҳнат қилишга чорлаб қолади.
-
Мирзиёев Ш.М. Нияти улуғ халқнинг иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. 3-жилд, –Т.: Ўзбекистон, 2019.
-
Ўзбекистонда ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихидан. –Т.: Ўзбекистон, 1995.
-
Mирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. 1-жилд. –Т.: Ўзбекистон НМИУ, 2018.
-
Gʻaybullaev O. Shaxs maʼnaviy kamoloti va estetik madaniyat. –T.: Chashma print, 2008.
-
Мирзиёев Ш.М. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. –Т.: Ўзбекистон, 2-жилд, 2018.
-
Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008.
-
Қудратуллаев Ҳ. Навоийнинг адабий-эстетик олами. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991.