Home / МАҚОЛАЛАР / САЪДУДДИН ТАФТАЗОНИЙ “ШАРҲ АЛ-АҚОИД” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ ТАРИХИ ВА ИЖТИМОИЙ ЗАРУРАТИ

САЪДУДДИН ТАФТАЗОНИЙ “ШАРҲ АЛ-АҚОИД” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ ТАРИХИ ВА ИЖТИМОИЙ ЗАРУРАТИ

Бугунги дунё илмий жамоатчилиги эътироф этаётган асосий ижтимоий воқеликлардан бири илм-фан ва ислом дини тамаддунига ўзларининг бетакрор ҳиссасини қўшган Марказий Осиёлик олиму мутафаккирларнинг маънавий меросидир. “Маълумки, қадимий маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз авлиёлар етишиб чиққан”[1]. Марказий Осиёлик олимлар ўз асарларида инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат, ўзаро ёрдам кўрсатиш, миллатлар, халқлар ва динлар ўртасида сабр-тоқат, ҳурмат ва умумий бирдамлик ҳамда ҳамкорлик руҳидаги алоқаларни мустаҳкамлашни объектив зарурият деб билганлар. Бундай чуқур илмий ва назарий мулоҳазаларга асосланган қоидалар ва мезонлар маърифий исломни тушуниш ва ўрганишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Инсоният тарихининг сўнгги чорагида жаҳон миқёсида диний ихтилофлар мураккаблашиб, якдил эътиқод сифатида шаклланган ислом динида мутаассиб оқимлар фаолияти кучайиб бораётганлиги ҳаммамизга аён. Бундай ўзига хос мафкуравий кураш жараёнида соф ақида ва калом илмлари хулосаларига таяниш ҳар бир кишига тўғри йўлни танлаш имкониятини беради.

Глобаллашув шароитида бузғунчи ғоялар таъсирида мураккаблашиб, асл мазмун-моҳиятини йўқотаётган имон, тавҳид, фиқҳ, калом ва шу каби мавзулардаги тушунчаларни ватандошимиз Абу Хафс Насафий (1069-1142йй.)нинг “Ақоид ан-Насафий” асари орқали ёритиб бериш ўзига хос аҳамиятга эга. Мусулмон оламида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳанафий-мотуридийлик таълимотининг асосий манбаси ҳисобланган ушбу асар соф ислом ақидаси амаллари ва маърифий исломни ўрганишда муҳим қўлланма бўлиб келмоқда.

  Насафийнинг “Ақоид” асари гарчи ҳажм жиҳатидан кичик, яъни атига 12 саҳифадан иборат бўлсада, калом илмидаги қимматбаҳо манба ҳисобланади. Шу жиҳатни эътиборга олиб, асрлар давомида мазкур асарга жуда кўп дин уламолари томонидан шарҳлар ёзилган. Улар орасида энг машҳур бўлгани Саъдуддин Тафтазоний шарҳидир.

Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид” асари ислом диний адабиётларининг ақоид йўналишига мансуб бўлиб, бу йўналиш ислом фалсафий илоҳиёти ва ҳуқуқ тизимининг тартибга солиниши даври, яъни VIII асрда вужудга келган. Бу турдаги асарларда калом йўналишининг вужудга келиши ва шаклланиш ҳолати ҳамда диний-ақидавий масалалар ихчам, лунда тарзда ёритилган. Ислом дини арконларининг бошланғич ва асосий атрибути ҳисобланган “иймон” тушунчасига ҳам қисқа таъриф берилган. Таниқли исломшунос олим, Халқаро ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулализ Мансур Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асарини ўзбек тилига таржима қилган[2: 55].

Диний манбаларни тадқиқ қилишда ақида ёки ақоид сўзларига бир неча бор дуч келинди. Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” китобидаги маълумотларни ёритишдан олдин “ақида”, “ақоид” сўзларини луғат ва истилоҳдаги маънолари билан таништиришни лозим топдик. Ақида форс тилидан олинган “тугиб қўйиш” маъносидаги “ақд” ўзагидан ясалган сўз, ақоид эса унинг кўплик шаклидир. Истилоҳда Муҳаммад (с.а.в.) томонидан етказилган барча маълумотларнинг ростлигини тасдиқлаб, қалб ва кўнгил боғлаб ишонилиши лозим бўлган маълумотларга ақоид дейилади[3]. Ақоидга доир билимларни қамраб олган илмлар мажмуаси ақоид илми дейилади. Ақидавий амаллар ҳақида мутафаккир бобомиз Сўфи Оллоҳёр шундай дейди:

Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса, елдир[4: 8].

Бу билан бобомиз Сўфи Оллоҳёр ҳар бир кишини тўғри йўлга, манфаат келтирадиган илмга ва маърифатга чорлаб қолади.

“Ақоид ан-Насафий” тўғрисидаги фикрларни давом эттириб айтиш мумкинки, мазкур асар 1843 йилдан бошлаб европалик исломшунос олимларнинг тадқиқот объектига айланган[5: 60]. Исломшунос Н.Ф. Катановнинг таъкидлашича, “Мазкур асар мусулмон догматикасининг қисқа ва лўнда, айни вақтда энг ишонарли манбалардан биридир”[6: 83].  Бу асар ўз даврида Қозон диний академияси жамоасининг ҳам эътиборидан четда қолмаган. Асар катта қизиқиш билан ўрганилган. Масалан, ўша вақтда академияда чоп этиладиган ғайриисломий миссионерлик мақолалар тўпламида ҳам фамилияси Александр Леопольдов бўлган тадқиқотчи ўзининг тадқиқот ишида бир неча бор “Ақоид ан-Насафий”га мурожаат қилганлиги тўғрисида маълумотлар келади[7]. Тадқиқотчи талабаларнинг ишларидаги ажабланарли жиҳат шундаки, ғайриисломий миссионерлик мақолалар тўпламида “Ақоид ан-Насафий”дан келтирилган маълумотлар тадқиқот ишининг жуда-жуда кўплаб саҳифаларида мавжудлигидадир. Ваҳоланки, улар академиянинг ғайриисломий фанлар факультети талабалари эди.

Турк тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-ақоид” китоби билан ислом оламида шуҳрат қозонган[8: 14]. “Ақоид ан-Насафий” суннийлик эътиқодидаги аниқ, қисқа ва лўнда ҳамда айни вақтда ёд олиш осон шаклда ёзилган эди. Яна бир насафлик мутафаккир Абул Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” асари мазкур асар ёзилишига асосий манба вазифасини бажарган. Шу жиҳатдан олганда, немис исломшунос тадқиқотчиси Ульрих Рудольф Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари мотуридия таълимотига, шаклан эса Абул Муин Насафийнинг  “Табсират ул-адилла” асарига асосланган”, – дея таъкидлаган[9: 250].

Татар исломшуносларидан Жамол Валидийнинг таъкидлашича, татар-мусулмон мадрасаларида энг оммабоп асар Тафтазонийнинг шарҳи билан келтирилган “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафий” асаридир[1: 19]. Инқилобга қадар қозонлик татар талабалар мадрасаларда бу асарни Тафтазонийнинг шарҳи билан бирга ёд олишган ва Қозонда чоп этилган қўшимча изоҳларини ҳам ўрганишган. 

Юқорида айтиб ўтилганидек, Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид” асарига ёзилган шарҳлардан энг машҳури ва оммабопи Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-ақоид” асаридир. Ҳожи Ҳалифанинг “Кашф аз-зуннун” асарида айтилишича, “Ақоид ан-Насафий” асарига Тафтазоний билан бир вақтда 50га яқин муаллиф томонидан шарҳлар ёзилган. Уларнинг ичида Саъдуддин Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳ ал-ақоид” асари ҳар томонлама энг мукаммал шарҳ сифатида эътироф этилади.

Мазкур шарҳни яратган Саъдуддин Тафтазоний ҳаёти ва ижодига тўхталганимизда айтиш мумкинки, мутафаккир Мовароуннаҳрнинг бир неча шаҳарларида таълим олди ва таълим берди. У ўзининг “Шарҳ ал-ақоид” асарини ҳижрий 768 йил шаъбон ойида, милодий 1367 йил апрел ойида Хоразмда ёзиб тугатди. Бирор-бир ислом диёридаги билим даргоҳларини мисол қилиб олмайлик, уларнинг барчасида ақоид илмини ўрганиш борасида Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳ ал-ақоид”га мурожаат қилганликларини гувоҳи бўламиз.

Америкалик исломшунос олим Эрл Эдгар Элдер (1882-1968) Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-ақоид” асарини 1950 йилда инглиз тилига таржима қилди[11]. Бу жараён америкалик мусулмон жамоаларининг ислом дини ақидавий масалалари юзасидан илмий билимларини яна бир поғона кўтарилишига сабаб бўлди.

Усмонийлар давлатида ҳам “Шарҳ ал-ақоид” асари мадрасаларда расман дастур асосида ўқитилган ва бир неча марта усмонийлар давлати тилига таржима қилинган. Буларнинг барчаси, мазкур асарга нисбатан диний-ижтимоий тус берилганлигидан далолат беради. Шундан айтиш мумкинки, кўпчилик усмонийлар давлатидаги калом илми вакиллари ўзларининг илмий ишлари ва тадқиқотларида “Шарҳ ал-ақоид”га яқиндан ёндошганлиги маълум бўлади.

Ҳозирда ҳам Тафтазонийнинг шарҳи суннийлик таълимотини ўргатувчи асар сифатида таълим даргоҳларининг ўқув дастурларига киритилган. Ажабланарлиси шундаки, бу асар исломдаги “реформатор”ларни ҳам эътиборидан четда қолмаган. Жумладан, Жамолиддин Афғоний каби реформатор ҳам  Мисрга борганида ўзига хайрихоҳ талабалар билан бўлган биринчи дарсини Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-ақоид” асаридан бошлаган[12: 17]. Бундан маълум бўладики, айрим исломий арконларини тан олмайдиган, радикал руҳдаги ғоялар таъсири остида бўлган Афғоний ҳам, “Шарҳ ал-ақоид” асарини инкор эта олмаган.

Тафтазонийнинг мазкур асари илмий жамоатчиликни асрлар давомида эътирофини қозониб келмоқда. Замонавий истилоҳда қўлланилаётган “bestseller” даражадаги асар сифатида энг кўп чоп этилган китоблар қаторидан ўрин олган. Бу китоб қўлёзма нусхалари кўпгина Европа кутубхоналарида ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда. Ушбу асар асосан, Истанбул, Қоҳира ва Ҳиндистонда нашр этилган. Қозон татар мусулмонлари жамоасида ҳам ушбу асарга қизиқиш юқори бўлган ва бир неча марта чоп этилган. Резеда Сайфулинанинг таъкидлашича, “Шарҳ ал-ақоид” татар мусулмонлари томонидан тахминан 15 маротаба нашр этилган[13: 13].

Республикамиз миқёсида “Шарҳ ал-ақоид”нинг энг қадимий қўлёзма нусхалари Тошкент Ислом Университети Манбалар фондида №175 инвентарь рақам остида сақланади, бу қўлёзма Аҳмад ибн Мусо Хаёлий (ваф. 1456 й.) томонидан ёзилган.

Асарнинг ёзилиши тарихи ва сабаблари  тўғрисида айтиш мумкинки, Тафтазоний “Шарҳ ал-ақоид”нинг аввал бошида ақида илми тарихи ва унга бўлган жамиятдаги ижтимоий зарурат тўғрисида тўхталиб ўтади. Ислом дини пайдо бўлган даврда кишилик жамиятидаги муҳит мусаффо ва шаффоф бўлганлиги, ихтилофли ва баҳс-мунозарали воқеа-ҳодисаларнинг камлиги, ақидавий масалаларга пайғамбар (с.а.в.)нинг бевосита ўзлари томонидан ечим топилганлиги таъкидлаб ўтилади.

Кейинчалик даврлар ўтиши билан мусулмонлар жамоаси орасида келишмовчиликларнинг пайдо бўлиши, динда янгиликларни юзага келиши, фитналар, диндорларга қарши тажовузлар кўпайиши, диний уламоларга муайян масалалар юзасидан савол-мурожаатларнинг сони ортиб бориши ва бу мурожаатлар бўйича жавоб-фатволар кўпайиши, хуллас, диндаги умумий фикрлар тўқнашуви натижасида асарнинг ёзилишига ижтимоий зарурат пайдо бўлди.

Тафтазоний ўз шарҳининг бошида мотуридий ақидавий мазҳабидаги бошқа олимлар каби маърифат ҳосил қилиш воситаларини баён қилиш жараёнида ақлнинг тутган ўрни ва аҳамиятини тушунтиради[14: 39]. Асар давомида мутафаккир исломдан ажралиб чиққан муътазилийлар, жабарийлар, қадарийлар ва карромийлар каби ботил фирқаларнинг фикрларидан иқтибос келтириб уларни таҳлил қилади. Уларга нисбатан суннийлик (аҳли сунна ва вал жамоа) раддияларини бериб борган.

Асарда баҳс-мунозарага сабаб бўлган ақидавий масалалардан бири Яратувчи-илоҳни кўриш масаласига эътиборни қаратиб қуйидагиларни айтиб ўтади.

“Аллоҳ таолонинг кўриш ақлда жоиз ва нақлда вожибдур. Охират масканида мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришлари заруриятига самъий далиллар ворид бўлгандир. Демак, Аллоҳ таоло кўрилади, бу кўриш маконда эмас, юзма-юз туриладиган тарафда эмас. Ёки ёруғликнинг тушуви, кўрувчи билан Аллоҳ таоло орасида масофа қарор топиши ҳам бўлмайди[15].

Юқоридаги ақлий далилларни мантиқий мушоҳадали фикрлар асосида ҳамда ақидавий масалалар асосида тушунтиришга ҳаракат қилинади. Келтириб ўтилган фикрларни исботлаш учун нақлий далилларга, яъни муайян бир манбага мурожаат қилинган, янаҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, исломнинг асосий  манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан факт келтиради.

Қуръондан: “У кунда яшнар юзлар бор – Роббига назар солувчилар”[16].

Ҳадисдан: “Албатта сизлар Роббингизни худди тўлин ой кечаси ойни кўргандек кўрасизлар”. Таъкидлаш жоизки, ислом дини тараққиётга юз тутаётган ўша макон ва замонда Яратувчининг зоҳир бўлиши ҳақидаги таълимотлар турли йўналиш ва оқимлар томонидан турлича талқин қилинди. Жумладан, IX-XIII асрлар Бағдод ҳалифалигининг марказий ва шарқий вилоятларида тарқалган карромийлик деб номланувчи ақидавий оқим. Асосчиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Карром. Карромий[17: 377] ларнинг фикрича, худо бутун борлиқнинг бирламчи асоси. У муайян жисмга эга. Худо барча нарсаларнинг яратувчиси. Аммо инсон ўз фаолиятининг натижаларига таъсир кўрсата олади. Муътазилийлар каби карромийлар ҳам инсон онги мустақил равишда, яъни ҳеч қандай илҳом ёки  ваҳий ёрдамисиз яхшилик ва ёмонликни фарқлашга қодир, деб уқтирадилар. Ибн Карром “Худо жисмга эга” деган ботил қарашлари учун ислом уламоларининг кескин танқиди ва таъқибига учраган.

Шунингдек, Саъдуддин Тафтазоний яшаган даврда фаолият юритган ва “Ақоид ан-Насафий” асарида келтирилган “сўфастоийлик” каби қарашлари билан ислом ақидасига аралашишга ҳаракат қилган турли оқимлар фикрларига ақлий ҳамда фалсафий далил асосида раддиялар билдирган. Асарда айтилишича “сўфастоийя” сўзи юнон тилидан олинган бўлиб, ундаги “сўфо” илм маъносида, “исто” ғалати, нотўғри маъносидаги сўзлардир. Сўфастоийя софистика терминининг шарқдаги номланишидир. “Сафсата” сўзи ҳам мана шу сўздан олинган. Мазкур тоифа вакиллари қарашларида нарса ва жисмларнинг ҳақиқатини инкор қилиш ғояси билан характерланади. Нарса-жисмлар хаёл ва тасаввурдан иборат деб фикр юритадилар. Тоифанинг баъзи вакиллари ҳаттоки, нарсалар эътиқодга боғлиқ, агар нарсани “жавҳар” деб эътиқод қилсак, жавҳардир. (Замонавий фалсафада “жавҳар” сўзини “материя” сўзига қиёсласак бўлади.)  Агар қадимий, деб эътиқод қилсак, қадимийдир. Агар янги пайдо бўлган деб эътиқод қилсак, янги пайдо бўлгандир каби мантиқсиз фикрларни айтиб ўтадилар.

Бунда ўз-ўзидан маълумки, ашёларнинг реал ҳолатларидан узоқлашиш жараёни пайдо бўлади. Ашёлардаги суврат ва сийрат бирлиги йуқолади.  Мантиқнинг тафаккур қонуниятлари бузилади.

“Батаҳқиқ, аҳли ҳақ кўриш мумкинлигига икки йўл ақл ва нақлдан далил келтирган. Биринчи йул қуйидагича аъён (жисм), аъроз (сифат)ларини кўриш зарурат эканига қатъиян ишонамиз. Биз кўриш ила жисм билан жисм ва сифат билан сифат орасини ажратамиз. Бас, муштарак ҳукмга муштарак иллат зарур. Ўша иллат мавжудлик пайдо бўлиши ёки мумкинликдир. Тўртинчиси бўлиши мумкин эмас. Пайдо бўлиш ҳам йўқликдан сўнгги мавжудликдан иборатдир. Мумкинлик эса, мавжудлик ва йўқликнинг зарурати йўқлигидан иборатдир. Иллат бўлишига йўқликнинг дахли йўқдир. Бас, шундай бўлгандан кейин фақат вужуд қолиши аъён бўлди. У эса Яратувчи ва ундан бошқа орасида муштаракдир. Шунинг учун тўғри иллат мавжудлик бўлганидан кейин унинг кўриниши ҳам саҳиҳ бўлади”…[18].

Тафтазоний асарда борлиқ тўғрисидаги фикрларини қуйидагича баён қилади. Олам жами бўлаклари билан пайдо бўлгандир. Чунки олам аъён ва аърозлардан иборатдир. Бас, аъён ўз зоти ила (яъни, ўзича) тура оладиган нарсалардир. У ҳар хил нарсалардан таркиб топадиган ёки таркиб топмайдиган бўлади. У бўлакларга бўлинмайдиган (энг кичик заррасимон) бўлакдир. У “жавҳар”дир. Аърозлар эса ўз зотида тура олмайдиган нарсадир ва ранглар, борлиқлар, таъмлар, ҳидлар каби жисмларда ва жавҳарларда пайдо бўлади. (Бу фикрлар бир неча аср ўтганидан сўнг Европа классик фалсафасида ўз ифодасини топган. Иммануил Кант агностицизмининг қисқача мазмуни қуйидагича: биз биладиган нарса (феномен) ва ўз ҳолича мавжуд бўлган нарса (ноумен) мутлақо ҳар хилдир. Биз ҳодисалар моҳиятини қай  даражада  теран англамайлик,  бизнинг  билимимиз  барибир  ўзича мавжуд бўлган нарсалардан фарқ қилади. Файласуф ушбу тушунчаларни “нарса  ўзида” талқини орқали объектив оламни  таърифлайди.)[19: 10].

Замонавий фалсафа аъроз ва аъён сўзларини истилоҳига шундай таъриф беради. Аъроз – бу аксиденция, жисм ва нарсаларнинг ўткинчи ёки такрорланувчи хусусиятларидир. Жавҳар эса модда, материя термини билан ифодаланади. Жавҳар аксиденциянинг акси бўлган субстанция, яъни нарса ва жисмларнинг асл моҳиятини очиб берувчи тушунча сифатида эътироф этилади.

Тафтазоний асарда “борлиқ” структураси ва ҳолати тўғрисида тўхталиб, у жамланиш, ажралиш, ҳаракат ва сукунат ҳолатларида мавжуд бўлишини айтиб ўтади[15]. 

Шунингдек, муаллиф ислом динидаги турли оқимлар ўртасида баҳс-мунозарага сабаб бўлган ирода-ихтиёр эркинлиги масаласи юзасидан ўзининг қимматли фикрларини билдиради. “Бандалар учун ихтиёрий феъллар бор. Ўшалар сабаб яхши амаллар билан банд бўлса, савоб олурлар. Гуноҳ ишлар билан шуғуллансалар, азобланурлар. Яхши ишлар Яратувчининг ризоси билан бўлгай, ёмони бўлса Холиқнинг ризоси билан эмас”[15]. Табиийки, ҳар қандай олижаноблик, хайрли ишлар ўз табиатига кўра Худонинг моҳиятидан келиб чиқади. Холиқ ҳамма нарсанинг яратувчиси сифатида инсонларни ёмон хулқ-атвордан тийиб туришга чорлайди, бундай хулқ-атвор инсонга хос ижтимоий ҳодиса бўлмасдан, фақатгина кишиларни, маълум бир маънода айтадиган бўлсак, имтиҳон дунёда синов учун яратилганлиги диний қарашларимизда таъкидланади. Тафтазонийнинг ихтиёр эркинлиги борасидаги умумий хулосаси шундаки, Яратувчи ўз бандаларига икки йўлни таклиф этади, улардан биринчиси шарафли ва хайрли ишлар билан шуғулланиб савобга эришиш ёки иккинчиси, номаъқул машғулотлар билан банд бўлиб, гуноҳга ботишни, охири оқибатда жазоланишга сабабчи бўладиган амалларни содир этишида айбланади.  Мутафаккирни таъкидлашича, инсон худо томонидан кўпроқ хайрли ишлар қилишга буюрилган. Номақбул ишлар эса, инсоннинг хоҳиш-иродасига боғлиқ ҳолда содир бўлиши айтиб ўтилади. 

Аллома Тафтазоний “Шарҳ ал-ақоид” асарида яна бир долзарб мавзуга тўхталиб ўтади, яъни, тасаввуф илми ва валийлик кароматлари ҳақиқат эканлиги. Мазкур мавзу ўша даврда ҳам бугунги кунда ҳам долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Чунки ҳозир кунда ислом дини контекстида пайдо бўлган баъзи оқимлар валийларнинг кароматларини ва тасаввуф илмини инкор этмоқдалар. Ўзларининг шу каби нотўғри қарашлар ва таълимотларини ҳимоя қилиш ва ташқи ёд таъсирларга нисбатан иммунитет шаклланмаган ижтимоий қатламлар (кўпроқ ёшлар)га сингдириш йўлларидан фойдаланмоқдалар. “Шарҳ ал-ақоид ан-насафий”да келтирилган баъзи ақидавий масалаларни тўғри тушуниш, англаш, тўғри талқин қилиш ва тўғри хулосалар чиқариш, диндаги турли хил ижтимоий низоларнинг юзага келишини олдини олади.

Тафтазоний асарини тадқиқ қилиш асносида маълум бўлдики,  “Шарҳ ал-ақоид” асари 60 яқин илмий мавзулар билан бойитилган. Ислом дини контекстидаги фирқалар тарихи, ислом фалсафаси, калом илми мавзусида беқиёс аҳамиятга эга. Бу билан асар ҳозирги кунда ҳам актуаллигини йуқотмаганлигига сабаб бўлади. Ушбу асар етук ислом олимларининг мушоҳадалари, динда пайдо бўлган ҳар қандай оқимларга қарши асосли раддиялар мавжудлиги билан замон ва макон танламайдиган ибрат мактабидир. Тадқиқот натижасида асарнинг яратилиш тарихи ва ижтимоий зарурати муайян муҳит нуқтаи назаридан мавжудлигини фалсафий таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. 

Зеро, Марказий Осиё мутафаккирлари халқлар ва мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончсизлик, адоват, ҳис-туйғуларининг кучайишига сабаб бўлувчи диний мутаассиблик ва ғаразни қаттиқ қоралаб, диний бағрикенглик ҳамда муросасозлик ғояларини илгари сурганлар[20: 66]. Ислом динида бундай ёндашув ғоявий жиҳатдан муваффақиятли кураш олиб борилганидан гувоҳлик беради.

Саъдуддин Тафтазоний “Шарҳ ал-ақоид” асаридаги умуминсоний қарашларни ўрганишда, асарда илгари сурилган ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-тарбиявий,  маърифий ва бошқа мушоҳадаталаб ғояларни тарихий-мантиқий жиҳатдан таҳлил қилиб, бугунги баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамиятини кенг миқёсда татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. Халқ сўзи. 2017 йил 23 декабр.
  2. Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. –Т.: Т.И.У., 2006 й.
  3. Islom. Ziyouz com.
  4. Сўфи Оллоёр. Сабот ул-ожизин.
  5. Suleyman Uludag. Kelam ilmi va islam akaidi. Istanbul Dergoh yayinlari. 1999.
  6. Катанов Н.Ф. Восточная библиография Казань. Иман. 2004. переиздание. 1898 года.
  7. Леопольдов А.Я. Опыт изложение Мухаммеданство по учению Ханафитов. Сочинение студента Казанской духовной академия 3-го учебного курса. (1846-1850).  
  8. Предисловие к книге Тафтазане: Выпуск 2. Издание второе. –Казань. 1897.
  9. Рудольф У. Ал-матруди.
  10. Валиди Дж. Очерк истории образованности и литературы татар до революции 1917 г. (фрагмент книги) Бибилотека журнала –Казань. №6 Казань. 1992.
  11. Commentary on the Creed of Islam. Saʼd al-Din al-Taftazani on the Creed of Najm al-din al-Nasafi. Translated with introduction and notes by Earl Edgar Elder. Copyright 1950 by Columbia University Press, –New York.
  12. Ал-Афғоний, Жамолиддин Абдул Мухаммад. Ат-таъликат ъала шарҳ ал-акоид ал-адудитта. Тахқиқ Сайид Хади Хосрушахи. – Каир: Мактабат аш-шурук ад-давлиййа, предисловие доктор Мухаммад Имары.
  13. Арабская книга в духовной культуре татарского народа. –Казань. 2003.
  14. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Самарқанднинг сара уламолари. –Т.,
  15. Ahlisunna.uz. Шарҳ ал Ақоид асарининг Хамидуллох Беруний таржимаси. 2016.23.05.
  16. Қуръони карим. Қиёмат сураси 22-23 оятлар.
  17. Фалсафадаги софистика оқими. Фалсафа қомусий луғати. –Т.: Шарқ. 2004.
  18. Ahlisunna.uz. “Шарҳ ал-Ақоид” асарининг Ҳамидуллох Беруний таржимаси. 2016.23.05., Саъддуддин Тафтазоний. Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия. 2009 йил 1-нашр Мактабат ул-Бушро, Карачи, Покистон.
  19. Шермухаммедова Н.А. Гносеология-билиш назарияси. Дарслик. –Т.: 2008.
  20. Сафарова Н.О. Глобал олий таълим тизимида илмий тадқиқотларнинг замонавий услублари халқаро илмий конференция материаллари. 9 апрел 2015 й.
Мирзақул НОРҚОБИЛОВ,
Навоий давлат педагогика институти мустақил тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …