Уқба ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу аср намозини ўқидилар, сўнг (масжиддан) чиқиб (уйлари томон) йўлга тушдилар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ҳам ёнларида эдилар. Бир вақт Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир тўда болалар билан ўйнаб юрган Ҳасанга кўзлари тушдида, уни елкаларига кўтариб олгач: «Отам ҳаққи-ҳурматлари, бу Жаноб Расулуллоҳга ўхшайди, аммо Алига ўхшамайдику!» – дедилар. Шунда Ҳазрат Али (у кишининг гапларини тасдиқлаб) кулиб қўйдилар».
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, (набиралари) Ҳасан ибн Али у зотга ўхшар экан».
Исмоил ибн Абу Ҳолид Абу Жуҳайфадан нақл қиладилар. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, (набиралари) Ҳасан ибн Али у зотга ўхшар экан», – дедилар Абу Жуҳайфа. Мен Абу Жуҳайфага: «У зотнинг қиёфаларини менга тасвирлаб беринг!» – дедим. Абу Жуҳайфа: «Оқ юзли ва соқоллари мош-гурунч эканлар. Ўшанда у зот бизга ун учта урғочи туя беришни амр қилдилар, аммо биз ўша туяларни олгунимизга қадар вафот этиб қолдилар». (Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, ўша ваъда қилинган туяларни уларга берганлар).
Ваҳб Абу Жуҳайфа ас-Савоий ривоят қиладилар. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, шунингдек у зотнинг пастки лабларининг остидан иякларининг (соқолларининг) оқариб турганини ҳам кўрдим». (Шу вақтда соқолларининг бор-йўғи ўн еттита оқи бўлган).
Ҳариз ибн Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Бусрдан: «Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдингизми, у зот кекса эканларми?» – деб сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Буср: «Иякларида (бир қанча) оқ мўйлар бор эди» – деб жавоб қилдилар».
Рабийъа ибн Абу Абдурраҳмон ривоят қиладилар: «Мен Анас ибн Моликнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиёфаларини тасвирлаётиб бундай деб айтганларини эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрта бўйли бўлиб, новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар. Ранглари оқ-қизил, на ўта оқ ва на ўта қора эди. Сочлари жингалак ҳам, силлиқ ҳам бўлмай, (елкаларига) ташлаб қўйилган эди. У зот, ваҳий нозил бўлганда, қирқ яшар эдилар. Маккада ўн йил турдилар, шу вақт ичида у зотга ваҳий нозил бўлиб турди, Мадинада ҳам ўн йил яшадилар. Вафот қилганларида бошларининг ҳам, соқолларининг ҳам лоақал йигирмата оқи йўқ эди».
Рабийъа ибн Абу Абдурраҳмон: «Кейинчалик мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч толаларидан бирини кўрдим, у қизғиш экан. Шунда (нега бундайлигини) сўрадим, хушбўйликлар таъсирида шундай ранг касб қилганини айтишди».
Баро розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу атайҳи ва саллам одамларнинг энг юзи чиройлиси ва энг хулқи гўзали эдилар. Бўйлари бошқалардан фарқ қиладиган даражада новча ҳам, пакана ҳам эмас эди».
Катода розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Мен Анасдан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини бўяганмилар?» – деб сўрадим. Анас: «Йўқ, чунки икки чаккаларигина бир оз оқарган эди», – дедилар».
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрта бўйли, икки елкалари ораси кенг бўлиб, сочлари икки қулоқларининг юмшоқ еригача тушиб турар эди. Мен у зотнинг қизил ҳулла (изор ва ридо) кийиб олганларини кўрдим, бундан гўзал нарсани (яъни, қизил ҳулланинг у зотдан бошқа кишига бу қадар ярашганини) сира кўрган эмасман».
Абу Исҳоқ: «Бародан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қилич каби жилвали, порлоқ) эдими?» – деб сўрашди. Шунда Баро: «Йўқ, балки ой (қамар) монанд эди» – деб жавоб бердилар», – дейдилар.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туш вақтида Батҳо деган ерга бордиларда, таҳорат олгач, олдиларига (қибла томонга) аназани (найзадан калта, ҳассадан узунроқ, учида темир пойнаги бор таёқни) санчиб қўйиб қаср қилиб икки ракат пешин ва икки ракъат аср ўқидилар».
Авн оталари Абу Жуҳайфадан нақл қилиб, ривоятни қуйидагича давом эттирадилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки муборак қўлларини ушлашиб, ўз юзларига табаррук қилиб сурта бошлашди. Мен ҳам у зотнинг қўлларини ушлаб, юзимга суртдим, (мизожлари билан саломатликларининг ниҳоятда яхши эканлигидан) унинг қордан ҳам муздек ва мушкдан ҳам хушбўйроқ эканлигини ҳис қилдим».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зот айниқса Рамазон ойида, Жаброил алайҳиссалом ўзлари билан учрашганларида ҳар қачонгидан ҳам саховатлироқ бўлиб кетар эдилар. Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойида ҳар кеча у зот билан учрашиб, Қуръонни такрорлаттирар эдилар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саховат борасида (Аллоҳ таоло томонидан) юборилган шамолдан ҳам тезроқ эдилар».
Урва Оиша розияллоҳу анҳодан нақл қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурсанд, юзлари ёришган ҳолда Оиша онамизнинг ҳузурларига кириб келдиларда: «Мидлажийнинг Зайд ва Усомага нима деганини эшитмадингми? У иккаласининг оёқларини кўриб, уларнинг бири иккинчисидан (вужудга келганлигини топди)», – дедилар. (Яъни, Зайд ибн Ҳориса Усоманинг отаси эди. Мидлажий эса уларнинг юзларини кўрмай туриб, оёқларидангина ота-бола эканликларини айтди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ унинг топқирлигидан мамнун бўлиб, бу ҳақда Оиша онамизга хабар қилдилар)».
Абдуллоҳ ибн Каъб ривоят қиладилар: «Мен Каъб ибн Моликнинг Табук ғазотидан қолганларида бундай деганларини эшитдим: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берганимда юзлари хурсандликларидан ёришиб турган эди. У зотнинг одати шарифлари шундай эдики, агар бирор нарсадан хурсанд бўлсалар, юзлари ой парчасидек балқиб кетар эди, биз хурсанд бўлганликларини шундан билиб олар эдик».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Одам авлодлари асрларининг (табақаларининг) энг яхшисидан кўчиб ўтиб, асрма-аср (табақама-табақа) ўзим вужудга келтирилган асрда (табақада) намоён бўлдим» (яъни, «Мен аввал Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандлари пушти камаридан Кинонага, Кинонадан Қурайшга кўчиб ўтиб, ниҳоят ўзим вужудга келтирилган Бану Ҳошимда дунёга келдим») – деб марҳамат қилдилар».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (дастлабки вақтларда олд) сочларини пешоналарига тушириб юрдилар. (Ўша кезларда) мушриклар бошларининг қоқ ўртасидан фарқ очишардида, сочларини икки ёнга ташлаб олишиб, пешоналарини очиб юришар эди. Китоб аҳли эса аксинча сочларини пешоналарига тушириб олишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (соч ҳақида Аллоҳ таолодан махсус амр келгунча) сочларини пешоналарига тушириб юришни хуш кўрдилар, (чунки китоб аҳли илгариги пайғамбарлардан қолган одатни қилар эди. Шу боисдан) Жаноб Расулуллоҳ бутларга сиғинувчилар одатини қилгандан кўра, ўз шариатларига зид бўлмаган (китоб аҳли) одатини қилишни афзал кўрдилар. Кейин, (Аллоҳ таолодан амр бўлгач), у зот бошларига фарқ очадиган бўлдилар».
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам шалоқ сўзламас, ўзгаларнинг ҳам шалоқ сўзлашига йўл қўймас эдилар ва у зот: «Дарҳақиқат сизларнинг яхшингиз – хулқи яхшингиздир!» – деб марҳамат қилар эдилар» – дейдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, (дунёвий) икки ишдан бирини ихтиёр қилишлари лозим бўлиб қолса, албатта улардан гуноҳ бўлмаган энг енгилинигина танлар эдилар. Башарти (ўша энг енгил иш) гуноҳ бўлса, ундан барчадан ҳам кўра йироқроқ бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари(га етказилган азият) учун интиқом олмаганлар, балки Аллоҳ таолонинг ҳурмати бузилгани учунгина (яъни, Аллоҳ таоло таъқиқлаган, манъ қилган ишлар қилингани учунгина) интиқом олганлар, холос».
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кафтларидан кўра майинроқ на бирор ҳарирни ва на бирор дебожни ушлаб кўрмаганман. Шунингдек, мен у зотнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ ҳидни ҳам ҳидламаганман». (Бу ҳадисда «кафтларининг майин» дейилганлиги бошқа бир ҳадисда «қўллари катта ва ғализ эди» дейилганига зиддек туюлсада, аслида «суякларининг йўғон ва териларининг майинлиги назарда тутилгандир).
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чочвон ёпиниб юрадиган бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар», – дейдилар.
Шуъба розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирор нарсани ёқтирмаганлари юзтаридан билиниб турар эди», – дейдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомга сира нах урмаганлар. Агар иштаҳалари бўлса, тановул қилар, бўлмаса, тановул қилмас эдилар»,- дейдилар.
Абдуллоҳ ибн Молик ибн Буҳайна ал-Асдий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилганларида икки қўлларини ўзларидан олдинроққа ташлар эдилар, ҳатто икки қўлтиқларининг оппоқлиги кўринар эди».
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Аллоҳ таолодан) ёмғир сўраб қиладиган дуоларидан бошқа дуоларида (фотиҳага) қўлларини кўтармас эдилар. У зот (фотиҳага) қўлларини (шу даражада баланд) кўтарар эдиларки, ҳатто икки қўлтиқларининг оппоқлиги кўринар эди».
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (таҳорат учун сув) узатдим. Шунда у зот Абтаҳ деган ерда, чодирда бўлиб, пешин вақти эди. Билол (чодирдан) чиқиб азон айтдиларда, яна (чодирга) қайтиб кириб кетдилар. Сўнг, Жаноб Расулуллоҳнинг таҳоратларидан тушган сувни олиб чиқдилар, одамлар талашиб-тортишиб уни бўлиб олишдида, (табаррук қилиб баданларига суртишди). Кейин, Билол яна (чодирга) қайтиб кириб, аназани (найзадан калта, ҳассадан узунроқ учи пойнакли таёқни) олиб чиқдилар. Сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (чодирдан) чиқдилар. Мен (ўшанда) болдирларининг товланиб турганини (яъни, оппоқ эканлигини ҳозир ҳам) кўриб тургандекман. Кейин, у зот (қаср қилиб) икки ракъат пешин ўқидилар, шунда олдиларидан эшагу хотинлар (у ёқдан бу ёққа бемалол) ўтиб турди, (чунки қибла тараф аназа билан тўсиб қўйилган эдида!)».
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадис айтсалар, (шу қадар дона-дона қилиб айтар эдиларки), ҳатто эшитувчи, агар истаса, у зотнинг барча сўзларини (ёки ҳар бир сўзларидаги ҳарфларни) санаб улгурар эди».
Оиша розияллоҳу анҳо бундай дейдилар. «Абу Фалоннинг (қилган ишидан) таажжуб қилмайсизми? (яъни, «Фалончининг қилган ишини қаранг!). (Бир куни) у келиб, ҳужрам ёнига ўтирдида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан (бир нечасини) менга эшиттириб айта бошлади. Шунда мен (ҳужрамда) тасбиҳ ўгираётган эдим. У мен тасбиҳ ўгириб бўлмасимдан илгари (ҳадисларни шоша-пиша айтиб) ўрнидан туриб кетиб қолди. Агар тасбиҳ ўгириб бўлгунимча кетиб қолмаганида, унга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизлар каби шоша-пиша бир ҳадис кетидан иккинчисини айтмас эдилар» – деган бўлар эдим».
Имом ал-Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китобидан
Дастлабки яратиш ҳақида китоб, 88 боб.