Home / МАҚОЛАЛАР / МЕҲР-ОҚИБАТ, ШУКРОНАЛИК, ХАЙР-САХОВАТ ОЙИ

МЕҲР-ОҚИБАТ, ШУКРОНАЛИК, ХАЙР-САХОВАТ ОЙИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломлар бўлсин.

Бутун дунё мўмин-мусулмонлари интиқиб кутадиган Рамазони шариф ойи кириб келмоқда. Рамазон ойи — раҳмат, мағфират, гуноҳлардан ювилиб, дўзахдан паноҳ бўладиган ой.

Расулимиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадиларки: “Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади” (Имом Бухорий).

Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳу қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.

Мамлакатимизда муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу шариф ойда халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, шукроналик туйғулари яна бир бор намоён бўлади. Эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида урғу қаратилади.

Шу боис ҳар йилгидек юртдошларимиз Рамазон ойини кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандчилик ила кутиб олмоқда.

Бу ойда масжидларда мўмин-мусулмонлар билан таровеҳ намозларини адо этамиз, хатми Қуръонларни ўқиймиз, юртимизга қут-барака ёғилишини Ҳақ таолодан сўраймиз. Бу йил юртимиздаги 1 минг 520 дан ортиқ масжидларда хатми Қуръонлар қилинади, инша Аллоҳ.

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги 5 йилнинг ўзида 70 га яқин янги масжидлар очилди, 200 дан зиёди қайта бунёд этилди. Бундай ишлар жадал давом этмоқда.

Диний таълим муассасаларига аҳамият берилиб, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси таъсис этилди, қабул квоталари бир неча баравар оширилди. Шунингдек, умра зиёратлари бўйича ҳам катта натижаларга эришилди.

Ислом дини таълимотларини илмий ўрганиш ва кенг тараннум этиш борасида Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадкикот марказлари фаолият юритмоқда. Турли ҳудудларда ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмий мактаблари иш олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад — она Ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ва ёшларни комил инсон этиб тарбиялашдир. Мухтасар айтганда, барча соҳа ва йўналишлардаги ишлар “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутади.

Аллоҳнинг муборак китоби — Қуръони карим нозил бўлган ой, моҳи шарифи Рамазон ташриф буюраётган шу кунларда қалбларимиз нурафшон бўлиб, эзгу орзу-умидларга лиммо-лим тўлиб турибди. Бинобарин, бу ойда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришади.

Шу маънода, Рамазон — инсонларга яхшилик қилиш, хайр-саховат ойидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари Рамазон ойида — ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда — айниқса, чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар” (Имом Бухорий).

Шунинг учун ҳам қадимдан мусулмонлар Рамазон кирганда ҳар галгидан саховатлироқ бўлишга одатланган. Давлатманд кишилар закотларини ҳам айнан Рамазонда адо этишлари ҳам шундан.

Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга муҳтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат этиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши лозим. Бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби барча гуноҳ ишлардан бутунлай фориғ бўлишга интилади.

Рамазон ойида фарз қилинган рўза тутилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилади: Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз (Бақара сураси, 183-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй, инсонлар” деб эмас, балки “Эй, имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобда уламоларимиз “Эй, менга имон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим», деган маъно борлигини айтади.

Рўза — Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шулар — рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали — ўзи учун, фақат рўза — Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза — сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири — ифтор вақтида оғзини очганда ва иккинчиси — Қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Ҳазрати пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисида рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб, рўзадорнинг дуоси мақбулдир, дейилди. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, ич-ичдан, астойдил дунё ва охират саодатини сўраб дуолар қилишимиз керак.

Биз Парвардигори оламнинг раҳмат ва мағфирати жўш уриб, Ер юзига илоҳий нурлар ёғиладиган ой арафасида турибмиз. Ушбу ойни ғанимат билиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва ризқимиз тўкинлигини Аллоҳ таолодан сўрайлик.

Рамазони шариф ҳар бир хонадонга, жонажон юртимизга қут-барака, соғлик-омонлик ва бахту саодат ҳамда файзу футуҳ олиб келсин!

Барчамизга фазилатли Рамазон ойи муборак бўлсин!

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …