“Саҳиҳул Бухорий”ни муаллифдан эшитган ровийлар орасида Абу Абдуллоҳ Фирабрий (231-320/846-932) алоҳида ўрин тутади. Аллоҳ таоло унга Имом Бухорий билан учрашиш ва ундан ҳадис эшитиш учун бир неча сабабларни тақдир қилган ва кўп хайрли ишларга муяссарлик билан хослаган. Шу сабабли унинг ривояти ривоятларнинг энг яхшиси, энг тўлиғи ва санади олийроғига айланган.
Абу Исҳоқ Мустамлий Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилиб бундай дейди: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”. Фирабрийнинг бу гапи ҳамма уламолар томонидан бирдек эътироф этилмаса ҳам, Имом Бухорийдан ривоят қилган ровийларнинг кўплигига далил бўла олади. Чунки, ўша пайтда Фирабрийдан узоқроқ умр кўрган бошқа ровийлар ҳам бўлган.
Имом Фирабрий ривоятининг машҳур бўлиши ва бошқаларидан ажралиб туриши бежиз эмас, албатта. Бу вариантда “Саҳиҳул Бухорий”нинг бошқа ривоятларида учрамаган жиҳатлар бор.
Уламолар Фирабрийнинг ривоятини “Саҳиҳул Бухорий” китоби борасида мусулмонларнинг асосий таянчи ва мустаҳкам арқони деб ҳисоблаган. Хусусан, Ибн Рушайд Фиҳрий (ваф. 721/1321): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган воситаси ва уларнинг мустаҳкам арқонидир”, деган.
Ривоятлар ва нусхалар орасидаги тафовут сабаблари жуда кўп. Уларни бирма-бир санаб ўтиш бир мақола доирасига сиғадиган иш эмас. Бу сабаблар ровийларнинг шахсиятидаги ва китоб нусхаларини диққат билан текширишдаги тафовутларга бориб тақалади.
Фирабрийнинг ривояти ҳақидаги маълумотлар тўпланганида, уни бошқалардан ажратиб турадиган бир неча омил аён бўлади.
Биринчи. Фирабрийдаги одиллик, маълумотларни диққат билан текшириш ва уламолар у киши ҳақида яхши сўзларни айтгани.
Шак-шубҳасиз, бир одамнинг хабари қабул қилиниши учун у адолатли ва ишончли инсон сифатида ном қозонган бўлиши керак. Фирабрий ҳақида уламолар жуда яхши гапларни айтган. Бу ўринда Ибн Рушайд Фиҳрийнинг: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг асосий таянчидир”, деган сўзини келтиришнинг ўзи кифоя.
Иккинчи. Фирабрийнинг қўлидаги нусха тўлиқ бўлган ва камчилиги йўқдир. Ривоятнинг тўлиқлиги ва камчиликлардан холи экани афзаллик белгисидир. Чунки, кейин келган ҳар қандай ровий имкон қадар тўлиқ ва мукаммал нусхага мурожаат қилиши табиий.
Абу Али Жайёний “Тақйидул муҳмал”да бундай дейди: “Абу Фазл Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Шазон Исбаҳоний Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъқил Насафийдан: “Имом Бухорий тўпламнинг охирида менга “Ҳукмлар китоби”нинг аввалидан китобнинг охиригача ижозат берган эди”, деб ривоят қилади”. Лекин Насафийнинг ривоятида тўпламнинг охиридаги варақлари Фирабрийникига қараганда камроқдир.
Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган “Аъломул ҳадис” номли шарҳида: “Биз бу китобнинг кўп қисмини Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг Имом Бухорийдан ривоят қилган йўлига кўра эшитдик. Фақат охиридаги ҳадисларнигина Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг йўли орқали эшитдик”, деган. Демак, Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий”ни Насафий йўли орқали ривоят қилган ровийлардан бири ҳисобланади. Лекин китобнинг охиридаги ҳадисларни Фирабрийдан ривоят қилган.
Бурҳонуддин Абносий (ваф. 802/1400) ўзининг “Аш-Шазол фияҳ мин улуми Ибн Салоҳ” китобида Ибн Салоҳнинг “Саҳиҳул Бухорий”даги ҳадисларнинг сони ҳақидаги: “Унда тўрт мингта ҳадис бор” деган сўзларини шарҳлаб бундай дейди: “Бу Фирабрийнинг ривояти. Аммо Ҳаммод ибн Шокирнинг ривояти Фирабрийнинг ривоятидан икки юзта ҳадисга кам. Иброҳим ибн Маъқил Насафийнинг ривояти Ҳаммод ибн Шокирнинг ривоятидан юзта ҳадисга кам”. Бу гапни Ироқий, Абносий, Саховий ва Шайхулислом Закариё Ансорий зикр қилган. Бу ва бошқа далиллар Фирабрийнинг ривояти ривоятларнинг энг тўлиғи эканини кўрсатади.
Учинчи. Фирабрийнинг ривоятини бошқалардан ажратиб турадиган яна бир жиҳати қўлидаги асл нусха саҳиҳ бўлганидир.
Абу Валид Божий (ваф. 474/1082) “Ат-Таъдил ват тажриҳ” китобида Фирабрийнинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий”нинг Имом Бухорий ўз қўли билан ёзган асл нусхаси борлигига далил бўладиган гапни келтириб, бундай дейди: Ҳофиз Абу Зарр Абдураҳмон ибн Аҳмад Ҳаравий бизга Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлийдан ривоят қилади. Абу Исҳоқ Мустамлий: “Мен “Саҳиҳул Бухорий” китобини Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг қўлидаги асл нусхадан кўчириб олдим. Шунда унинг ҳали тўлиқ эмаслигини кўрдим. Китобда кўплаб ёзилмаган бўш жойлар бор эди. Кетидан бирор нарса ёзилмаган ровийлар силсиласи ва санади ёзилмаган ҳадислар бор эди. Шунда баъзисини баъзисига қўшиб қўйдик”, деган.
Ибн Ҳажар ҳам “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳларидан бирига “Ҳадюс сорий” деб номланган муқаддимасида бу гапни Абу Валид Божийдан нақл қилган.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: “Бу асрда ва ундан олдинги асрларда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади узлуксиз боғланган ривоят Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрийнинг ривоятидир”, деган.
Ибн Рушайд Фиҳрий бундай дейди: “Бугун машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун инсонлар унга кўпроқ суянади. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси бўлган ва ундан шогирдлари нусха кўчирган. Бу эса Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига гувоҳдир. Шу тариқа “Саҳиҳул Бухорий” Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмо боғланган. Натижада аниқ ҳужжат бўлган”.
Бу ривоятлар Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни унинг асл нусхасидан ўрганганига етарли далилдир. Шак-шубҳасиз, бу каби асл нусхага бошқа нусхалар тенглаша олмайди. Фирабрий ҳам Имом Бухорийнинг бевосита ўзидан тинглаган ҳам “Саҳиҳул Бухорий”ни асл нусхасидан ёзиб олган.
Тўртинчи. Фирабрийнинг ривоятини бошқалардан ажратиб турадиган яна бир жиҳати Имом Бухорийдан кейин узоқ умр кўргани учун санади олий бўлганидир. Имом Бухорий 256/870 йил шаввол ойининг бошида вафот этган. Фирабрий эса 320/932 йил шаввол ойининг ўнинчи куни тўқсон ёшида вафот этган. Демак, Фирабрий Имом Бухорийнинг вафотидан кейин ҳижрий ҳисоб билан 64 йил яшаган. Ўша даврда яшаган муҳаддис ва талабаларнинг аксарияти “Саҳиҳул Бухорий”ни Фирабрийдан эшитишга интилган. Зеро, олий санадни талаб қилиш муҳаддислар одобидандир.
Шу сабабли бўлса керак, Фирабрий: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деган. У ўзини Имом Бухорийдан ҳадис ўрганганларнинг энг охиргиси деб ҳисоблаган.
Бешинчи. Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан бир неча марта эшитган. Унинг ўзи муаллифдан икки марта эшитганини зикр қилган. Бир марта – 248/862 йили Фирабрда, иккинчи марта – 252/866 йили Бухорода. 253/867 йили ҳам Имом Бухорийдан эшитганига далил бўладиган баъзи ривоятлар бор. Абу Али Жайёний ўз асарида Абу Зайд Марвазийнинг Имом Фирабрийдан: “Ўша йили ҳам эшитганман”, деган ривоятини келтирган.
253/867, 254/868 ва Имом Бухорийнинг вафотидан бир йил олдин – 255/869 йилларда ҳам эшитганидан далолат берадиган маълумотлар ҳам бор. Демак, Фирабрий Имом Бухорийдан умрининг охирида “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган бўлса, бундан ундаги нусха энг тўлиқ эканини, Имом Бухорий ўз қўли билан ёзган “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг охирги асл нусхаси Фирабрийнинг қўлида қолганини билиб оламиз. Кейинчалик айнан Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни жуда кўп шогирдлар таълим олган ва асар матнини устозининг қўлидаги асл нусхадан кўчирган.
“Саҳиҳул Бухорий” версиялари орасида Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетгани ана шундан. Инсонлар ҳозиргача “Саҳиҳул Бухорий”ни Фирабрийнинг ривоятидаги санад билан ўрганиб келаётгани эса олтинчи омил бўлади.