Home / АЛЛОМАЛАР / АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ ИБРАТЛИ ҲАЁТИ: Имом Бухорий

АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ ИБРАТЛИ ҲАЁТИ: Имом Бухорий

ИМОМ БУХОРИЙ – МУҲАДДИСЛАР СУЛТОНИ 

Имом Бухорий 810 йилнинг 20 июлида Бухорода таваллуд топган. Исми – Муҳаммад, куняси – Абу Абдуллоҳ бўлган. Бухорода туғилгани учун Бухорий нисбаси берилган. Ҳадис илми ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси сабабли ислом олами ва муҳаддислар орасида “Амирул мўъминин фил ҳадис” (Ҳадис илмида мўминларнинг амири), “Ал-имомул миқдом” (Жасур имом), “Имомул муҳаддисийн” (Муҳаддисларнинг имоми), “Саййидул фуқаҳо” (Фақиҳлар саййиди), “Имомуд дунё” (“Дунёнинг имоми” – дунёдаги барча  мусулмонларнинг имоми), “Шайхул ислом” (“Исломнинг шайхи” – мусулмонларнинг устози) каби юксак унвонлар билан тилга олинади.

Имом Бухорийнинг отаси Исмоил ибн Иброҳим ҳам ўз даврида Бухоронинг тақводор, ҳадис илмида ном қозонган кишиларидан бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларини тўплаш бахтига муяссар бўлган. Шу мақсадда бир қанча ўлкаларга сафар қилган. Муҳаммад ҳали гўдаклигидаёқ отаси вафот этган.

Онаси солиҳа, фозила ва маърифатли аёл бўлган. Имом Бухорий волидаси тарбиясида ўсиб-улғайган. Бир куни ўғлининг кўзига бир шикаст етиб, кўрмайдиган бўлиб қолади. Онасининг Аллоҳ таолога тинмай қилган илтижо ва дуолари сабаб  Муҳаммаднинг кўзлари яна кўра бошлайди. Шу боис манбаларда онасининг исми зикр қилинмасдан тарих зарварақларига “Дуоси мустажоб аёл” номи билан муҳрланган.

ЁШЛИГИ

Имом Бухорий бошланғич мактабдалик вақтидаёқ ҳадис ёдлашга иштиёқи баланд бўлган. У илм олиш йўлида тинмай ҳаракат қилар эди. Албатта, бу Имом Бухорийга берилган илоҳий илҳом эди. Фарзандига берилган ушбу илоҳий неъматни онаси ўз вақтида англаб етиб, фарзандини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини ўрганишга йўналтиради.

КУЧЛИ ХОТИРА СОҲИБИ

 Имом Бухорийга Аллоҳ таоло томонидан ўткир заковат ва кучли ёд олиш қобилияти ато этилган бўлиб, бу унинг кичиклик чоғиданоқ кўзга таш­лана бошлаган эди. Ўн бир ёшли бола бўла туриб устози Дохилийнинг хатоларини тузатиши бунга ёрқин мисолдир.

Имом Бухорийнинг ёзганларини оққа кў­чирувчи Муҳаммад ибн Абу Ҳотам айтади: “Мен Бухорийдан ўз қулоғим билан “Аллоҳ менга ҳадисларни ёдлаш илҳомини ато этган эди”, деганини эшитдим ва ундан: “Ўшанда неча ёшда эдингиз?” деб сўрадим. Устоз: “Ўн ёшда ёки ундан ҳам кичик эдим. Сўнгра мактабни битириб, устоз Дохилий ва бошқалардан ҳадис бўйича сабоқ ола бошладим.    Давоми бор…

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …