Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат делегация Туркия Республикасига ташрифининг учинчи кунида Истанбул шаҳридаги Султон Аҳмад мажмуасида жойлашган Дорул Махтутот марказида ўтказилаётган «Ҳижрий еттинчи аср қўлёзмалари: илмлар ва олимлар» номли халқаро конференцияда иштирок этишмоқда.
Дунёнинг турли мамлакатларидан ўттиз нафарга яқин олимлар қатнашаётган мазкур конференция ишида делегациямиз аъзолари ҳам маъруза билан чиқиш қилишлари кўзда тутилган.
Конференциянинг очилиш маросимида Шайх Муҳаммад Аввома, Дорул Махтутот маркази директори доктор Маҳмуд Мисрий ва яна бир қатор нуфузли олимлар сўзга чиқдилар ва бугунги кунда қўлёзмаларни ўрганишнинг аҳамияти, бу илмнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритдилар.
Конференция доирасида бир неча қўлёзмалардан намуналар ўрин олган кўргазма ҳам ташкил этилган бўлиб, унда юртдошимиз Абу Али Ибн Синонинг Зоҳирийя кутубхонасида сақланаётган “Ал-Ишорат ват Танбиҳот” асари нусхаси ҳам намойишга қўйилган.