Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / НАВБАТДАГИ ОНЛАЙН ВЕБИНАР ДОЛЗАРБ МАВЗУ МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНДИ

НАВБАТДАГИ ОНЛАЙН ВЕБИНАР ДОЛЗАРБ МАВЗУ МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНДИ

Жорий йилнинг 21 октябр куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Исломни англаш институти билан ҳамкорликда “Ислом ва ҳозирги замон” мавзусида онлайн-вебинар ўтказилди.

Мазкур илм даргоҳлари ўртасида илмий-тадқиқотлар, дастурлар ва нашрлар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2020 йил 4 июнда имзоланган ўзаро ҳамкорликка оид меморандум асосида эришилган келишувлар ҳамда илмий тадқиқотчиларнинг ўзаро тажриба алмашинуви бўйича амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар негизида ташкил этилган ушбу вебинарда икки илмий муассаса раҳбар ва олимлари, диншунос мутахассислар, мустақил тадқиқотчи ҳамда тингловчилар жами 40 га яқин нуқтадан туриб иштирок этишди.

Вебинарнинг очилишида сўзга чиққан Малайзия Исломни англаш институти бош котиби ўринбосари Моҳд Зайди Исмоил ўз нутқида танланган мавзунинг долзарблигига эътибор қаратиб, мазкур тадбир ислом динига нисбатан тушунмовчиликлар ва салбий тасаввурларни олдини олишда конструктив ҳисса қўшишига умид билдирди.

Вебинар доирасида ўтказилган мулоқот давомида инсоният бугунги кунда дуч келаётган турли муаммоларга Ислом цивилизациясининг бой меросини ҳамда ислом дини ғояларини тарғиб қилиш орқали ечим топиш имкониятлари муҳокама қилиниб, дастурдан ўрин олган маърузалар асосида ўзаро зарурий маълумотлар ва фикр алмашинувига эришиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Онлайн вебинарда Куала-Лампурдаги Малайя университети профессори, доктор Азизан Бинти Баҳоруддиннинг “Ислом ва атроф-муҳит барқарорлиги” номли ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг “Алоуддин Усмандий ва унинг Ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуидаги маърузалари тингланди.

Нотиқлар ўз маърузаларида бугунги даврнинг ижтимоий-иқтисодий, демографик ва экологик муаммолар ва уларнинг келиб чиқишини диний нуқтаи-назардан тавсифлаб, глобаллашув жараёнларида ушбу муаммолар ечимида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга аҳамият қаратишди. Маърузачилар чекланган ресурслар шароитида муаммоларни бартараф этиш ва уларни олдини олишда инсон омилини бирламчи ҳисоблаб, инсоният ақл ва аҳлоққа таяниб иш кўриши ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиши лозимлигини таъкидладилар. Исломнинг эзгулик ғоялари ҳамда ислом цивилизацияси ютуқлари ҳам тарихнинг ҳар бир тадрижий босқичида инсоният тараққиётига хизмат қилган.

Маърузачилар, шунингдек, илк мусулмон олимларининг илм-фан ривожига қўшган ҳиссалари ва бу орқали замонавий дунёга кўрсатаётган таъсирларини мовароуннаҳрлик аллома Алоуддин Усмандий мисолида тасвирлаб беришди.

Мовароуннаҳр тарихи, маданияти ва маънавиятини юксак даражага кўтаришда 1095 йилда Самарқандда туғилган ва ўз даврининг машҳур фақиҳи ва мутакаллими бўлган Усмандийнинг ўрни беқиёс. У 64 йиллик умри давомида ўзидан асло долзарблигини йўқотмайдиган улкан илмий мерос қолдириб, қатор исломий илмлар, айниқса, фиқҳ, ҳадис ва калом илми, шунингдек турли мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларни ўрганадиган илм ал-хилоф (мунозара илми) бўйича қилган улкан хизматлари учун “Оламнинг устуни”, “Устун”, “Диннинг устуни” каби юксак унвонлар соҳиби бўлган. Аллома асарларида эътиқодни соғломлаштириш ва тузатишга алоҳида эътибор қаратилиб, энг аввало илм турлари, инсон ҳаёти ва жамиятдаги ўрни ҳақида қимматли фикрлар билдирилган ва тўғри маълумотларга эга бўлиш учун оламни билиш керак, деган ғоя илгари сурилган. Усмандийнинг илмий мероси ҳозирги ғоялар кураши авж олган бир даврда ёшларга муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларда кучли мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш учун муҳим манба ҳисобланади.

Тадбир қизиқарли савол-жавоблар ҳамда қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди.

Вебинар ташкилотчилари маърузалар моҳиятидан келиб чиқиб, уларда билдирилган фикрлар ва келтирилган қимматли маълумотлардан дунёнинг бугунги ҳолати ва ундаги таҳдидларни тўғри баҳолаш, юзага келиши эҳтимоли бўлган зиддиятларни олдини олиш мақсадларида ўринли фойдаланиш фойдадан холи бўлмаслигини таъкидлашди ва бу каби тадбирлар давомийлигини таъминлаш заруратини қайд этишди.

Тадбир турли миллат вакиллари ўртасида бутун инсониятни қизиқтирган масалалар юзасидан ўзаро билим ва тажриба алмашиш майдонига айланди.

                                      Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …