Туркиянинг “Турк дунёси” парламент жамғармаси Директорлар кенгаши раиси, доктор Абдулло Чалишкан раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Ташриф аввалида делегация аъзолари Марказ музейи фаолияти, ундаги нодир буюм ва қўлёзма нусхалари билан танишишди.
Шундан сўнг, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва делегация аъзолари ўртасида қисқа мулоқот бўлиб ўтди. Унда Марказ директори, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Юнусов меҳмонларни қутлаб, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги икки томонлама муносабатлар тобора такомиллашиб бораётгани Марказнинг “Турк дунёси” парламент жамғармаси ҳамда Туркиядаги қатор илм муассасалари, жумладан, Истанбул, Мармара, Карабук, Анқара Йилдирим Боязид университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаб бориш имкониятини янада ошираётганини алоҳида таъкидлади ва истиқболда мазкур ҳамкорлик янги босқичларда давом этишига ишонч билдирди.
Делегация раҳбари, доктор Абдулло Чалишкан ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилиб, ўзи раҳбарлик қилаётган жамғарма Марказ билан ҳамкорликни бундан икки йил муқаддам йўлга қўйганлигини мамнунлик билан тилга олди ва муассасаларнинг якдил ташаббуси асосида ўтказилган халқаро конференцияларда бевосита иштирок билан бирга кўрсатаётган қатор амалий ёрдами учун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоасига ташаккур билдирди.
“Турк дунёси” жамғармаси туркий халқлар парламентлари ўртасида дўстлик, ўзаро тажриба алмашув ва инсонпарварлик миссиясини амалга оширади. Бу борада мазкур муассаса йирик тажриба тўплаган бўлиб, фаолияти туркий халқларнинг ўзига хос қадриятлари, муштарак қарашлари ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Ташриф ниҳоясида томонлар ўзаро эсдалик совғалари ва муассасалар томонидан нашр эттирилган адабиётлар алмашдилар.