Ҳар қандай жамиятда комил инсонни тарбиялаш учун унинг руҳий-маънавий оламини бойитиш, онгига эзгу фазилатлар ва юксак ахлоқ руҳини сингдириш алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада мусаффо ва бағрикенг, олийжаноб ва инсонпарвар бўлган Ислом дини инсонларни ҳалолликка, эзгуликка, инсоф-адолатга, бошқаларга яхшилик қилишга чорлаши билан катта хизмат қилиши муқаррар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳнинг зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)”[1]
Аллоҳ таоло инсонларни ҳамиша тинч-тотув яшашга, низо ва ихтилофлардан четланишга буюриб Қуръони каримда бу ҳақда бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамоилингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур*. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”[2].
Яна Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ҳужжатлар келганидан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир”[3].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”[4], деганлар.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[5].
Маълумки, ўтган аср охирларида халқимиз маънавий-руҳий ҳаётидаги бўшлиқдан фойдаланган турли оқим ва фирқалар диндорлар орасига фитна ҳамда бўлиниш солишга уринишди.
Халқнинг, айниқса, ёшларнинг диний саводсизлиги, Ислом асосларидан бехабарлигидан фойдаланиб, айрим кишиларни тўғри йўлдан чалғитишга, ҳаётларини издан чиқаришга сабабчи бўлишди ҳам.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин халқимизнинг азалий дини – Исломга катта эътибор берила бошланди. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий бир ҳол эди. Юртбошимиз ана шу нозик туйғуни чуқур ҳис этиб, мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқ маърифати ва маънавиятини юксалтириш, имон-эътиқодли қилишга биринчи даражали аҳамият бердилар: “Дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди. Халқимизнинг минг йиллик тарихини, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатимизни мухтасар ифодалаб айтиш мумкинки, Аллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда”.
Мустақиллик йилларида мамлакатда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги мамлакатимизнинг Асосий қонунида кафолатлаб қўйилди. Айни пайтда мамлакатда яшаб турган турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик ғояларини тарғиб қилиш ишларига ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда.
Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Юртимизда яшаб меҳнат қилаётган кўпсонли мусулмонларнинг ҳам, улар билан бир қаторда бошқа дин ва конфессиялар эргашувчиларининг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётлар ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили етти ярим мингдан ортиқ ҳамюртимиз Исломнинг асосий арконларидан Ҳаж ибодатини адо этишяпти, минглаб ватандошларимиз умра қилишяпти.
Жаҳон Ислом ҳазорасига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий, Макҳул Насафий, Нажмиддин Умар Насафий ва Абу-л-Муин Насафий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф шайхларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилди.
Мана шундай вазиятда миллий мафкурамиз тарғиботчилари, айниқса, дин ходимлари халқнинг барча қатламларини, хусусан, ёшларни динимизнинг асосий манбалари, Ислом дини моҳияти ва тарихи билан чуқур таништириш, ўтмиш меросимиз, улуғ алломалар ижодини кенг тарғиб қилиш орқали уларда диний бағрикенглик, мустаҳкам эътиқод, Ватанга, халққа ва динга муҳаббат ғояларини шакллантиришлари керак. Бу борада Ислом динининг асосий манбалари Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини чуқур ўрганиш, буларга бағишланган илмий тадқиқотлар ҳамда изланишларни янада кенгайтириш ҳам алоҳида ўрин тутади.
Ҳар қандай жамиятнинг равнақи, тинчлиги-осойишталиги, халқ фаровонлиги, жамиятдаги барча табақаларнинг тинч-тотув яшаши кўп жиҳатдан жамият пойдевори бўлган ёшларнинг таълим-тарбиясига боғлиқ. Шу боис ҳам бугунги кунимизда ёшларни жисмонан бақувват, маънан яхши фазилатлар эгаси, руҳан чин исломий эътиқод асосида тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди.
Қолаверса, Исломнинг асл манбаларини яхши билмаган, тушунмаган кишиларнинг ҳидоят йўлидан, Ҳақ йўлдан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари, миссионерлар ва сохта мазҳаблар таъсирига тушиб қолишлари осон кечади. Шунинг учун халқимизни иложи борича билимдон бўлишга тарғиб этиш, динимизнинг асл моҳияти, тарихи, бағрикенглик тамойиллари билан яқиндан таништириш ҳозирги пайтдаги муҳим вазифалардан саналади. Чунки Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар инсонларни яхшилик қилишга, бошқа халқлар билан тинч-тотув яшашга, қўпорувчилик қилмасликка, ҳалол ва ҳаромни ажратишга, Аллоҳдан қўрқишга, Унга итоатда бўлишга чорловлар билан тўлиб-тошган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тарихда ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор қаратилган.
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Раъд сураси, 28-оят. –Б.25283.
[2]. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Анфол сураси, 46-оят. –Б.183.
[3] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Оли Имрон сураси, 105-оят. –Б.63.
3 Имом Муслим ривояти.
[5] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.