Бахиллик кишини дунёда хорликка, охиратда азобга етакловчи маънавий иллатлардан биридир. Қуръони карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу касаллик қаттиқ қораланган. Олим ва улуғ зотлар уни ёмон хулқ, деб тарифлаган.
Бахиллик саховатнинг зидди бўлиб, мол-дунёни сарфланиши зарур ўринлардан ман қилишдир. Бу ўзига сарфламаслик, бировга бермаслик, сўралганда рад этиш кабиларни ўз ичига олади.
Тангри таоло: «Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир», деган (Оли Имрон, 180 оят).
Ислом таълимоти бўйича инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.
Баъзилар мулкимдан ҳеч кимга бермасам, у кўпаяди, ҳеч бўлмаса, камаймайди, деб ҳисоблайди. Аслида, “бахилнинг боғи кўкармас”лигини қуйидаги ҳадис очиқлайди:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар тонг оттирган кун борки, икки фаришта тушиб, улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин”, дейди. Иккинчиси: “Аллоҳим! Бахилга талофат бергин”, дейди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бахил киши мол-дунёсининг камайиб қолишидан қўрқиб, уни кўпайтириш умидида муҳтожларга беришдан, ҳатто ўзига-да сарфлашдан хавфсирайди. Охир-оқибат шу қилмиши сабабли дунёда хор, охиратда азобга дучор бўлади.
Бахилликнинг иккита даражаси бор:
- Ўзидаги нарсага бахиллик қилиш.
- Бировдаги нарсага бахиллик қилиш.
Бунга қуйидаги оят далолат бўлади: «Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз фазлидан берган нарсаларни беркитадиганлардир. Ва кофирларга хорловчи азобни тайёрлаганмиз» (Нисо, 37 оят).
Бировдаги нарсага бахиллик қилиш энг ёмони бўлиб, бунда ўзга бир кишининг яхшилик қилишига қаршилик кўрсатиш, бандаларни хайрли ишлардан чалғитиш каби маънавий иллатлар мавжуд.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир, дўзахдан узоқдир. Бахил эса Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир, дўзахга яқиндир. Албатта, саховатли жоҳил Аллоҳ таолога бахил обиддан кўра суюклироқдир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Ҳадисга кўра, молидан яқинларга, муҳтожларга ёрдам қиладиган киши Аллоҳнинг раҳматига яқин, одамларнинг муҳаббати ва кўнглига яқин бўлади ва дўзахга элтувчи амаллардан узоқ юрар экан. Аксинча, бахил, хасис одам Аллоҳнинг буйруғини тарк қилиб, Ундан ва одамлардан узоқлашади, жаннат кўпригидан йироқлашади ва дўзах йўлига тушиб олади. Ҳимматли бўлиш, Раззоқнинг фазлидан бошқаларга ҳам улашиш бахт ва саодатга элтувчи воситалардан биридир.