Ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Она Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига садоқат ҳиссини шакллантириш ва мустаҳкамлашда тарихий манбалар ўрни муҳим. Уларни ўрганар эканмиз, азалдан инсонпарварлик, бунёдкорлик, юксак салоҳиятли авлод тарбияси ҳаёт мазмун-моҳияти даражасига кўтарилганига гувоҳ буламиз.
Эски ўзбек ёзувида битилган қўлёзма ва тошбосма манбалар Ўзбекистон Республикаси давлат кутубхоналари ва шахсий фондларда сақланиб келмоқда.
Маълумки, турли даврга оид қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий ҳужжатлар ҳамда эпиграфик ёдгорликлар тарихий воқеликларни ўрганиб, яшаб ўтган алломалар ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этишда бирламчи манба бўлиб хизмат қилади. Бу каби манбалардан бири Шарафиддин Роқимнинг “Тарихи касира” ёки “Тарихи томм” асаридир. Бу асар “Тарихи Роқимий”, “Тарихи Роқим”, “Тарихи Мир Саид Шариф Роқим” номлари билан машҳур бўлган. Лекин “Тарихи Роқимий”, “Тарихи касира”номлари билан кўпроқ танилган. Асарда машҳур шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти, мамлакатда бунёд этилган катта бинолар, тим (усти ёпиқ бозор)лар, мадраса-ю масжидлар, машҳур тарихий шахслар ҳаёти билан боғлиқ тарихий саналарга кенг урғу берилган.
“Тарихи томм” муҳим воқеалар тарихини аниқлашда қимматли манба эканини асарнинг қўлёзма ва тошбосма нусхаларининг кўплаб марта қайта-қайта ёзилганидан ҳам англаш мумкин.
Шарафиддин Роқимнинг “Тарихи томм” асарида Амир Темур ва темурийлар, шайбонийлар, Аштархонийлар даврида яшаган ҳукмдор ва алломалар, уларнинг ҳаёти ва фаолияти, улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида тарихий фактлар мавжуд.
Мулла Шарафиддин Роқим XVII асрнинг иккинчи ярми ва XVIII асрнинг биринчи чорагида ўтган шоир ва тарихчи олимдир. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда кам маълумот учрайди. Академик Б.Аҳмедов[1] В.Р.Розен ва А.А.Семёновнинг маълумотларига асосланиб, мулла Шарафиддин Аълам асли андижонлик экани, ёшлигида Самарқандга келгани, отасининг исми Нуриддин бўлиб, халқ орасида охунд мулла Фарҳод номи билан машҳур бўлганини таъкидлаб ўтади.
Манбаларда унинг Субҳонқулихон (1681/1702) даври олимларидан экани, тўлиқ исми Мулла Шарафиддин Аълам ибн Нуриддин Охунд ибн Мулла Фарҳод бўлгани қайд этилган. У Самарқанднинг аълам (муҳрдор) ларидан бири мулла Боқижон Бухорийнинг хизматида таҳсил олган ва унинг вафотидан кейин ўзи аъламлик вазифасини эгаллаган. Қози Муҳаммад Бадиъ Самарқандий ўз тазкирасида унинг Роқим тахаллуси билан шеърлар ёзганини таъкидлайди.[2]
“Тарихи томм” асарининг нодир қўлёзма нусхаларидан бири тойлоқлик Меҳрожиддин Амоновнинг шахсий кутубхонасида сақланмоқда. Мазкур нусха тўлиқ бўлиб, 310б варақдан иборат. Унинг 1б – 2а варақларида асар номи “Тарихи томм”[3], “Тарихи касира”, муаллифи Роқим деб келтирилган. Асарда соҳибқирон Амир Темур таваллуди, Аштархоний ҳукмдорлар Надр Муҳаммадхон ва Абдулазизхоннинг тахтга ўтирган йил ва улар билан боғлиқ воқеалар қизиқарли тарзда, муҳим фактлар билан баён этилган.
Қўлёзмани кўчирган хаттот ўз исмини кўрсатмаган. Китобнинг 310б варағида “таҳтиҳал анҳар” асарнинг ёзилган йили экани айтилган. Бунда Абжад (абжад, яъни ҳарфларни сон билан белгилаш орқали топишмоқли жумлалар тузиш санъати) бўйича 1101/1689 йил ҳисоби ҳосил бўлади. Яъни, муаллиф асарни 1689 йилда ёзган бўлиб чиқади.
Мазкур қўлёзма асарда келтирилган баъзи маълумотлар ҳақида тўхталиб ўтсак.
Амир Темур 736/1336 йилда шаъбон ойининг 5 куни Мовароуннаҳрнинг гўзал ва сўлим шаҳарларидан бири бўлмиш, Кешда шанба кечаси таваллуд топган[4].
Тасаввуф олими Алоуддин Симноний 736/1336 йилда вафот этган.
Аллома Тафтазоний 722/1322 йилда таваллуд топган, 16 ёшида, 738/1338 йил Занжоний китобига шарҳ ёзган. “Шарҳу талхисул мафотиҳ” асарини 752/1351 йили Ҳиротда битган. “Таҳзибул калом”, “Шарҳи мифтоҳил улум”, “Шарҳи мақосид”, “Шарҳи кашшоф” ва “Шарҳи мифтоҳул фиқҳ” каби асарларини 784/1383 йилда Самарқандда ёзган. Ғиждувон, Жом, Туркистон, Хоразм, Сарахс, Ҳирот шаҳарларида ижод қилган[5].
Муҳаммад Порсо 822/1419 йили Мадинада вафот этган[6].
Шайх Худойдод Азизон 939/1532 йили Ғазирада вафот этган.
Амир Араб томонидан 942/1535 йилда Бухорода мадраса барпо этилган.
Абдулазизхон томонидан 951/1544 йилда Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида хонақоҳ бунёд этилган.
Мавлоно Зоҳид 1004/1595 йили вафот этган.
Хожа Исҳоқ Вали ибн Махдуми Аъзам Даҳбедий 1007/1598 йили вафот этган.
Хожаги Имканагий 1010/1601 йилда вафот этган.
Ялангтўшбий Баҳодир 1028/1618 йилда Самарқандда мадраса бунёд этган.
Бухоро ҳукмдори Имомқулихон даврида 1040/1630 йили Нодир Девонбеги мадрасаси барпо этилган.
Олим шайх ибн Мўмин шайх ибн Дарвеш шайх Азизон 1041/1631 йилда вафот этган.
Келтирилган мисоллардан “Тарихи томм” асари аниқ маълумотларга нечоғли бой экани, унинг илм-фан учун ғоят муҳим ва зарур манбалиги яққол кўриниб турибди.
Мазкур нусханинг илова ва қўшимча тарзида келган 11 а-б ва 310б -312б варақларида кейинги даврларда ёзилган қизиқарли илмий маълумотларни учратиш мумкин. Масалан Яҳё алайҳиссалом ҳақида ривоят, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидан бири, Қосим шайх Азизон, Жалолиддин Деҳлий ва Эшони Пир каби алломалар вафоти ҳақидаги маълумотлар ҳам назмий усулда келтирилган. Хатми хожагон тартиби баён этилиб, Ҳаким ота ва Занги отага тегишли байтлар ҳам ўрин олган. Асар Самарқанд қоғозига қора сиёҳ билан настаълиқ хатида битилган. Байт, маснавий каби сўзлар ва сўз боши, тарихий саналар, шахслар номлари қизил сиёҳда ёзилган. Ҳар бир варақ 13 қатордан иборат бўлиб, матн қизил рамкага олинган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бой тарихимизни турли ғоя ва мафкурадан соқит қилиб ўрганишда Шарафиддин Аълам Роқимнинг “Тарихи томм” асари муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Асарнинг турли даврларда кўчирилган нусхалари борасидаги изланишлар давом эттирилса, ўйлаймизки, келгусида унинг яна ҳам мукаммал, эҳтимолки, батафсил изоҳли ёки ҳошияли нусхалари ҳам топилади.