Home / ЯНГИЛИКЛАР / Икки юз мингга яқин индонезиялик Ўзбекистон орқали Умрага бориши кутилмоқда

Икки юз мингга яқин индонезиялик Ўзбекистон орқали Умрага бориши кутилмоқда

Куни кеча, Макка шаҳридаги “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонасида Ўзбекистон “Ҳаж-2018” ишчи гуруҳи раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бошчилигида, Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ва Индонезиядаги “Бурҳонул Ҳидоя” ширкати раҳбарлари ўртасида мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳисобланган Самарқанд ва Бухоро орқали Умра зиёратига боришини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашувда таъкидланишича, ҳар йили 150-200 минг индонезиялик зиёратчи қадимий шаҳарларимиз – Самарқанд ва Бухоронинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, сўнгра Умра сафарига шу ернинг ўзидан жўнаб кетишади.

Ушбу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида, ҳамкор ширкат раҳбари шайх Солиҳ Салим Баҳвиний яқинда Ўзбекистонга келади. Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида амалга ошириладиган ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон ҳаво йўллари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Малумот учун, жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб индонезияликларнинг юртимиз орқали Умра сафарига жўнаб кетиши белгиланган.

Манба: Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

Check Also

Лондонда «Ўзбекистон ва Буюк Британия: Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий кўприк» мавзусида тадбир бўлиб ўтди

Мамлакатимиз элчихонасида  Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида Имом …