Жорий йилнинг 6-7 октябрь кунлари Россия Федерацияси Татаристон Республикасининг Булғор шаҳридаги Булғор Ислом академиясида “Ёшлар ва глобал таҳдидлар: Диний анъанавийлик парадигмасида авлодлар мулоқоти ва ечимлар излаш” мавзусида талабаларнинг халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Ислом маданияти, фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Академия ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманда турли мамлакатлардан етакчи экспертлар, тадқиқотчилар ва ёш мутахассислар қаторида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Нурмуҳаммад Маткаримов ва Баёзхон Маҳмудов ҳам онлайн қатнашиб, ёшларни глобал таҳдидлардан ҳимоя қилиш, анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш ва авлодлар мулоқотини мустаҳкамлаш масалалари кенг муҳокама қилинган сессия йиғилишларида маърузаларини тақдим этди.

Н.Маткаримов араб тилида тайёрлаган “Исломнинг табиатга муносабати” мавзусидаги илмий маърузасида ислом таълимотида табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва экологик мувозанатни сақлашнинг маънавий-ахлоқий асосларини очиб берди.

Баёзхон Маҳмудов эса “Мусулмон таълимидаги анъанавий оилавий қадриятлар – ёшларда фуқаролик ўзлигини шакллантириш омили” мавзусидаги маърузасида оилавий қадриятларнинг ёш авлод камолоти ва жамиятда соғлом фуқаролик позициясини мустаҳкамлашдаги ўрнини илмий далиллар асосида ёритиб берди.

Марказ ходимларининг ушбу халқаро илмий анжумандаги фаол иштироки Ўзбекистонда ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ислом илм-фани ва маданиятининг бой меросини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




