Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ЮНЕСКО минбарида Ўзбекистоннинг алломалар мероси ва ислоҳотлари ҳақида сўзланди

ЮНЕСКО минбарида Ўзбекистоннинг алломалар мероси ва ислоҳотлари ҳақида сўзланди

ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида 7 октябр куни “Ислом цивилизацияси: Ўзбекистоннинг буюк маънавий-илмий мероси, маърифатнинг янги уфқлари ва цивилизациялар мулоқоти” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли анжуманда юртимизнинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари, қатор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат делегация таркибида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ва бўлим бошлиғи Жонибек Жумаев ҳам фаол қатнашиб, Марказ томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва маърифий лойиҳаларни дунё ҳамжамиятига тақдим этди.

Анжуман аввалида қайд этилганидек, бундай тадбирларнинг ўтказилиши бежиз эмас. БМТ Бош ассамблеясининг ўтган йилги 80-юбилей сессиясида Президентимиз томонидан илгари сурилган глобал ташаббуслар бугун ўзининг амалий ифодасини топиб, халқаро майдонда кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, янги барпо этилган Ислом сивилизацияси маркази фаолиятини жаҳон миқёсида қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби улуғ алломалар бой илмий-маънавий меросини халқаро минбарларда кенг тарғиб этиш орқали ислом динининг асл эзгулик, тинчлик, бағрикенглик ва маърифат дини эканини илмий асосда яна бир карра тасдиқ этиш ғояси бугунги анжуманнинг бош муҳрига айланди. Халқаро миқёсдаги бу форум Ўзбекистон маданий дипломатиясидаги эсда қоларли тарихий воқеа сифатида тарихга кирди.

Анжуманнинг “Мовароуннаҳрнинг буюк олим ва мутафаккирлари: Жаҳон цивилизацияси тараққиётини белгилаб берган мерос” деб номланган панелида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев “Имом Бухорий: Ишончли илм, юксак ахлоқ ва илмий масъулиятнинг буюк анъанаси” мавзусида маъруза қилди. Нотиқ ЮНЕСКО минбарида туриб илк бор ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг бой илмий мероси, саҳиҳ ҳадисларни тўплаш ва келажак авлодларга етказиш йўлидаги мислсиз хизматлари, шунингдек, бугунги кунда Марказда алломанинг илмий меросини чуқур ўрганиш бўйича амалга оширилаётган фундаментал тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорлик алоқалари хусусида батафсил маълумот берди. Шунингдек, мутафаккирлар қолдирган илмий мерос алоҳида бир халқ ё ҳудудгагина эмас, балки бутун инсониятнинг умумбашарий бойлиги ҳисобланишига урғу берди.

Форум доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан чоп этилган илмий нашрлар ва китобларнинг кўргазма-тақдимоти ташкил этилди. Қатнашчилар Марказнинг сўнгги йиллардаги илмий-тадқиқот ишлари билан танишиб, алломалар меросига бағишланган фундаментал рисолалар ва тўпламларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.

Анжуман давомида йирик халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар вакиллари Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларини юксак баҳолади. Форум якунида илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Афғонистонда халқаро конференцияда Марказимиз вакиллари ҳам иштирок этмоқда

3-7 октябрь кунлари Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрида буюк ҳанафий фақиҳи ва алломаси Бурҳониддин Марғиноний хотирасига …