Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Афғонистонда халқаро конференцияда Марказимиз вакиллари ҳам иштирок этмоқда

Афғонистонда халқаро конференцияда Марказимиз вакиллари ҳам иштирок этмоқда

3-7 октябрь кунлари Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрида буюк ҳанафий фақиҳи ва алломаси Бурҳониддин Марғиноний хотирасига бағишланган “Имом Бурҳонуддин Марғиноний илмий меросининг замонавий исломшуносликдаги ўрни ва мавқеи” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Нуфузли анжуманда юртимизнинг диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат делегацияси таркибида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Шукурилло Умаров ва Меҳрожиддин Амонов ҳам иштирок этди.

Анжуманнинг ялпи мажлисида аллома бобомиз Бурҳонуддин Марғиноний ўз ҳаётини ислом ҳуқуқшунослиги ва фиқҳ қоидаларини пухта тизимга солишга бағишлагани алоҳида эътироф этилди. Хусусан, унинг қаламига мансуб “Бидоятул мубтадиъ” асари, 80 жилддан ошиб тугалланмай қолган “Кифоятул мунтаҳий” шарҳи ҳамда 13 йил давомида тинимсиз сайқал бериб ёзилган шоҳ асар – “Ал-Ҳидоя”нинг бизгача етиб келгани бутун ислом олами учун катта илмий ютуқ экани таъкидланди.

Ш.Умаров ўз маърузасида Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк ҳанафий фақиҳнинг ҳаёт йўли, илмий мероси ҳамда “Ал-Ҳидоя” асарига ёзилган машҳур шарҳу ҳошияларнинг академик таҳлилига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, асарнинг нафақат Шарқ, балки Ғарб илмий ва ҳуқуқий мактаблари, хусусан, қиёсий ҳуқуқшунослик ва ислом молияси соҳаларидаги долзарблигини очиб берди.

М.Амонов эса Бурҳонуддин Марғиноний илмий меросининг ислом ҳуқуқшунослиги ва фақиҳлар фаолиятидаги ўрни, аллома қолдирган бой илмий хазинани ёш авлодга етказиш масалаларига эътибор қаратди.

Шу билан бирга, анжуман доирасида Кобул шаҳридаги “Калимот” илмий-тадқиқот маркази билан ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш юзасидан қатор муҳим амалий таклифлар илгари сурилди. Хусусан, икки илмий муассаса ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш, биргаликда халқаро конференциялар ўтказиш, Имом Бухорий меросини чуқур ўрганиш ҳамда “Буxopодан Балхгача – ислом тарихи” йўналишида қўшма илмий-тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда сўзга чиққанлар икки мамлакат халқларини боғлаб турувчи тарихий, илмий ва маънавий алоқаларни янада ривожлантириш, умумий меросни чуқур ўрганиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилаётгани, хусусан, Ўзбекистон Президенти томонидан Афғонистонда тинч, осойишта ҳаёт барқарор топиши йўлида илгари сурилаётган ташаббуслар, Балх вилоятида муҳташам Имом Бухорий мадрасаси барпо этилаётгани каби хайрли ишлар юксак баҳоланди.

Тадбир доирасида конференция иштирокчиларига Бурҳонуддин Марғиноний ҳаёти ва бой илмий меросига бағишлаб чоп этилган янги китоблар тақдим қилинди.

Сафар давомида делегация аъзолари Кобул шаҳридаги “Калимот” илмий-тадқиқот маркази ва Миллий музейда бўлиб, бу масканлардаги илмий-маърифий муҳит билан яқиндан танишди. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғи ва мақбараси, шунингдек, Султон Маҳмуд Ғазнавий ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний мақбараларини зиёрат қилиб, улуғ аждодларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда SWAN X 2026 халқаро анжумани бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 6 октябрь куни Набавий мерос бўйича X халқаро анжуман – …