Қуръони каримнинг Аъроф, Ҳуд, Мўминун, Шуаро ва Қамар сураларида Нуҳ алайҳиссалом қиссаси зикр қилинган. Жумладан, бир сура у зотнинг номи билан «Нуҳ» сураси номини олган.
Нуҳ алайҳиссалом карамли, ақлли, ҳалим, тўғри сўз, омонатли, меҳрибон одам эди. Аллоҳ таоло у кишига ваҳий жўнатиб, қавмини Аллоҳнинг динига чақиришни буюрди. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини Аллоҳга имон келтиришга чорлади, бутларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади. Бу ҳолатни Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида қуйидагича баён этади:
إِنَّا أَرْسَلْنَا نُوحًا إِلَىٰ قَوْمِهِ أَنْ أَنذِرْ قَوْمَكَ مِن قَبْلِ أَن يَأْتِيَهُمْ عَذَابٌ أَلِيم
«Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб Пайғамбар қилиб, юбордик».[1]
Нуҳ алайҳиссалом ҳозирги Куфа шаҳри ўрнидаги ерларда яшаган эканлар, ўша ер аҳолисига пайғамбар қилиб юборилганлар. У зот беш “улул азм” пайғамбарнинг биридирлар[2].
Нуҳ алайҳиссалом бу амри илоҳийни бажаришга киришдилар.
قَالَ يَا قَوْمِ إِنِّي لَكُمْ نَذِيرٌ مُّبِينٌ
«У: «Эй қавмим, албатта, мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман[3].
أَنِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَاتَّقُوهُ وَأَطِيعُونِ
Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар[4].
يَغْفِرْ لَكُم مِّن ذُنُوبِكُمْ وَيُؤَخِّرْكُمْ إِلَىٰ أَجَلٍ مُّسَمًّى إِنَّ أَجَلَ اللَّهِ إِذَا جَاءَ لَا يُؤَخَّرُ لَوْ كُنتُمْ تَعْلَمُونَ
“У сизларнинг гуноҳларингиздан мағфират қиладир ва сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўядир. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳнинг ажали орқага сурилмайдир», деди»[5].
Бу оятда зикр қилинган, гуноҳларнинг кечирилиши ва белгиланган муддатгача яшаб қолиш, аввалги оятда шарт қилинган Аллоҳга ибодат қилиш, унга тақво қилиш ва Пайғамбарга итоат қилиш ишлари бўлсагина вужудга келади. «Ажал» сўзининг тафсирида уламолар бир неча хил фикрлар айтганлар, Аслида «ажал» сўзи белгиланган муддат маъносини англатади, лекин халқ ичида ўлим муддати маъносида тушуниладиган бўлиб қолган. Агар шу маънони оладиган бўлсак, оятдаги «сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўяди» жумласи, «Аллоҳга ибодат қилсангиз, унга тақво қилсангиз ва Пайғамбарга итоат қилсангиз, белгиланган ажалгача яшайсиз, бўлмаса, тезроқ бало-қазога дучор бўласиз», деган маънони англатади. Иккинчи фикр эса, бу оятда «ажал»дан мурод азоб-уқубат муддати, яъни, Аллоҳга ибодат қилиб, Унга тақво қилиб ва Пайғамбарга итоат қилиб юрсангиз, белгиланган азоб-уқубат орқага сурилади, деган маъно чиқади. Қайси маънога эътибор қилмайлик, мақсад бир. Аллоҳга ибодат қилиш, Унга тақво қилиш ва Пайғамбарга итоат этиш. Буларнинг барчаси яхшиликка, азоб-уқубатдан қутулишига бош сабабдир. Эндиги оятларда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмининг қайсарлари билан олиб борган даъватлари баён қилинади.
قَالَ رَبِّ إِنِّي دَعَوْتُ قَوْمِي لَيْلًا وَنَهَارًا
«У: «Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим[6].
فَلَمْ يَزِدْهُمْ دُعَائِي إِلَّا فِرَارًا
Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади[7].
وَإِنِّي كُلَّمَا دَعَوْتُهُمْ لِتَغْفِرَ لَهُمْ جَعَلُوا أَصَابِعَهُمْ فِي آذَانِهِمْ وَاسْتَغْشَوْا ثِيَابَهُمْ وَأَصَرُّوا وَاسْتَكْبَرُوا اسْتِكْبَارًا
Ва, алабатта, қачонки мен уларни Сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар, ҳамда (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар[8].
ثُمَّ إِنِّي أَعْلَنتُ لَهُمْ وَأَسْرَرْتُ لَهُمْ إِسْرَارًا
Сўнгра, албатта, мен уларни очиқ даъват қилдим[9].
فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا
Сўнгра, албатта, мен уларга эълон ва сиррий (даъват) қилдим[10].
يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُم مِّدْرَارًا
Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир», дедим[11]».
Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз Роббисига зорланиб қилаётган илтижоларидан кўриниб турибдики, у зот алайҳиссалом ўз қавмларини турли услуб билан динга чақирганлар.
Яъни, тиним билмай, доимий равишда, кечасию кундузи дину диёнатга чақирганлар.
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини Аллоҳнинг динига даъват қилишда барча имкониятларни ишга солганлар. Аввал махфий, кейинроқ ошкора, охирида ҳам ошкора ва ҳам махфий даъват қилганлар. Шу билан бирга уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилганлар.
وَيُمْدِدْكُم بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَل لَّكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَل لَّكُمْ أَنْهَارًا يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُم مِّدْرَارًا
«У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир[12]».
Мазкур оятда истиғфор ва ризқлар бир-бирига боғлиқлигига ишора қилинмоқда. Қуръони каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган. [13]
Шунда Нуҳ алайҳиссалом ўз ишларини, дарду ҳасратларини яна тўкиб солдилар.
قَالَ نُوحٌ رَّبِّ إِنَّهُمْ عَصَوْنِي وَاتَّبَعُوا مَن لَّمْ يَزِدْهُ مَالُهُ وَوَلَدُهُ إِلَّا خَسَارًا
«Нуҳ: «Эй Роббим, албатта, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси хусрондан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар». Яъни, бойларга эргашдилар[14].
وَمَكَرُوا مَكْرًا كُبَّارًا
«Ва ниҳоятда улкан макр қилдилар[15]». Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги мутакаббир бойларнинг қилган улкан макрлари қуйида келадиган оятда баён қилинади.
وَقَالُوا لَا تَذَرُنَّ آلِهَتَكُمْ وَلَا تَذَرُنَّ وَدًّا وَلَا سُوَاعًا وَلَا يَغُوثَ وَيَعُوقَ وَنَسْرًا
«Ва улар: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар, ва, албатта, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг[16]», дедилар». Ривоятларда келишича, Вадд, Суваъ, Яғус, Яъуқ ва Насрлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар бўлганлар. Кишилар уларнинг ниҳоятда яхши кўрганлар ва ҳурмат қилганлар. Вақти-соати етиб улар вафот этганларидан сўнг шайтон васвасасига учиб, кишилар уларнинг суратларини чизганлар, сўнгра ҳайкалларини ясаганлар. Аввал бошда уларни зиёрат қилганлар. Аста-секин дардларини уларга айтадиган бўлишган. Оқибатда вақт ўтиши билан, уларни Худо деб эътиқод қилганлар ва уларга ибодат қилганлар[17].
وَقَدْ أَضَلُّوا كَثِيرًا وَلَا تَزِدِ الظَّالِمِينَ إِلَّا ضَلَالًا
«Дарҳақиқат улар кўпларини адаштирди. Ва Сен золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма», деди».[18]
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига қилган ушбу дуоибадни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга сенинг қавмингдан ҳозир иймонга келганларидан ўзгаси зинҳор иймонга келмас, деб хабар берганидан сўнг, уларнинг имонларидан ноумид бўлиб қилганлар.
Кейинги оятда эса очиқ-ойдин жавоб келади:
مِّمَّا خَطِيئَاتِهِمْ أُغْرِقُوا فَأُدْخِلُوا نَارًا فَلَمْ يَجِدُوا لَهُم مِّن دُونِ اللَّهِ أَنصَارًا
«Улар хатолари туфайли ғарқ қилиндилар, бас, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар[19]».
Уламоларимиз ушбу оятни азоби қабрга далилдур, деганлар. Чунки Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмлари тўфонга ғарқ қилинганларидан сўнг, оловга киритилганликлари ҳақида сўз кетмоқда. Охират олови қиёматда бўлиши ҳаммага маълум ва машҳур. Бас шундан ушбу оятда хабари берилган, Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми киритилган оловдан мурод қабр оловининг азобидир. Сўнгра Нуҳ алайҳиссалом ўз дуоларида давом этдилар:
وَقَالَ نُوحٌ رَّبِّ لَا تَذَرْ عَلَى الْأَرْضِ مِنَ الْكَافِرِينَ دَيَّارًا, إِنَّكَ إِن تَذَرْهُمْ يُضِلُّوا عِبَادَكَ وَلَا يَلِدُوا إِلَّا فَاجِرًا كَفَّارًا
«Ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин. Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар[20]». Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога бирорта ҳам кофирни қўймай ҳалок қилишни сўраб қилган дуоларидан сўнг, бу дуонинг сабабини уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирадилар ва фожиру кофирдан бошқа туғмайдилар, деб изоҳламоқдалар[21].
У зот қавмнинг табиатини билардилар, тажрибадан ўтказганлар. Нуҳ алайҳиссалом ўтган оятда кофирларни дуоибад қилганларидан сўнг, энди келадиган оятда мўминларни дуои хайр қиладилар.
رَّبِّ اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِمَن دَخَلَ بَيْتِيَ مُؤْمِنًا وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَلَا تَزِدِ الظَّالِمِينَ إِلَّا تَبَارًا
«Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилма», деди»[22].
عن ابن عباس رضي الله عنهما قال : كان بين آدم و نوح عشرة قرون كلهم على شريعة من الحق فلما اختلفوا بعث الله النبيين و المرسلين و أنزل كتابه فكانوا أمة واحدة
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши: Одам алайҳиссалом билан Нуҳ алайҳиссалом орасида ўн аср (авлод) ўтган. Ҳаммаси ҳақ шариатда бўлган. Улар бир-бири билан ихтилофга борганларидан кейин Аллоҳ уларга пайғамбарлар ва элчиларни юборди, китобини нозил қилди. Ва улар бир уммат бўлдилар[23]
Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди. Аллоҳ таоло кофирларни битта ҳам қўймай ҳалок қилди.