Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИНГ ЯНГИ УФҚЛАРИ

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАРНИНГ ЯНГИ УФҚЛАРИ

Юртимизда яшаб ижод қилган буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва илмий меросини, жаҳон илм-фан тараққиёти ва ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини ўрганиш илмий-тадқиқот марказлари ва шу йўналишдаги таълим муассасаларининг олдига қўйилган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қатор халқаро илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Жумладан, Малайзия давлатининг бир нечта тадқиқот ва таълим муассасалари марказнинг яқин ҳамкорларидан саналади. Исломий фанлар университети, Исломни англаш институти билан меморандумлар имзоланган.

Келишувга кўра, Малайзия Исломни англаш институтининг “Ислом ва замонавий дунё” илмий журнали ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг “Имом Бухорий сабоқлари” журналида ҳар икки томон олимларининг илмий мақолалари эълон қилинди. Бундан ташқари, Малайзия Исломни англаш институти радиосида алломаларимиз мероси ҳақида эшиттиришлар ташкил этилмоқда. Ҳамкорликнинг самарали қадамлари сифатида жорий йил апрель ойида Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан “Ислом цивилизациясининг буюк алломалари” мавзусида Малайзия ва Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида қўшма онлайн семинар ўтказилганини таъкидлаш лозим.

Куни кеча эса Марказ билан Ислом цивилизацияси институти ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш доирасида мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан онлайн учрашув ташкил этилди. Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Eurosoft-DecorIT LLC” ахборот технологиялари ташкилоти, Малайзия Ислом цивилизацияси институти вакиллари ва дипломатлар иштирок этди.

Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори профессор Фариза Муҳаммад Шам ушбу муассасанинг ташкил этилиши, илмий жамоаси, фаолияти ҳақида сўзлаб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда, жумладан, илмий-маърифий йўналишда ҳам изчил ривожланаётганини қайд этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказ директори Шовосил Зиёдов марказ фаолияти ва илмий ходимлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида мухтасар маълумот берди.

“Малайзия қўлёзма фондларида сақланаётган Мовароуннаҳр олимларининг ҳаёти ва илмий меросига оид асарлар” мавзусида қўшма онлайн вебинар, семинар ва конференциялар ўтказиш, электрон китоблар, қўлёзмалар алмашувини йўлга қўйиш, Ислом цивилизацияси институтининг онлайн кутубхонасига киритиш учун Марказнинг электрон маълумотлар базасида сақланаётган исломшунослик бўйича китобларнинг электрон нусхасини тақдим этиш, малайзиялик исломшунос олимларни Имом Бухорий халқаро стипендиясига жалб қилиш, Малайзия академик журналларида Марказ тадқиқотчилари илмий мақолаларини нашр этиш, магистрлик ва докторлик диссертацияларини тайёрлашда қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Нодир МАҲМУДОВ,
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 29 май, № 108 (364)

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …