Ҳақ ва ботил чегараларини яратганларига аниқ аён этган беҳад меҳрибон, беадад раҳмли зот бўлмиш Ҳақ таолога мислсиз ҳамду санолар бўлсин! Ул Ёлғиз-Ягонанинг омонатига амин бўлган ҳабиби, севимли йўлбошчимиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳазратларига, ул зоти бобаракотнинг муқаддас аҳли оилаларига, иззатли суҳбатдошларига салом ва салавотлар бўлсин!
Инсоният тарихидаги энг комил шахс ва йулбошчи бўлмиш севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўгитлари, панд-насиҳатлари, огоҳлантиришлари хусусида жуда катта ишончли илмий маълумот йиққан ва бунинг натижасида ислом дини манбалари поклиги муҳофазасидаги хизматлари бутун дунёда эътироф этилган ватандошимиз Ҳазрат Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (р.а.) асарларининг ҳар бири алоҳида тарихий қимматга эга. Булар орасида “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами инсоният учун маърифий-ахлоқий дастур бўлиб хизмат қилади.
Тўпламда келтирилган энг ишончли ҳадиси шарифлардан Ҳазрати Пайғамбаримиз Расули акрам (с.а.в.)нинг юксак инсоний фазилатлар эгаси бўлганликлари аёнлашади. Аммо узоқ йиллар жамиятимизда атеизм баланд мавқеъ тутган сиёсий тузум ҳукмронлиги даврида муқаддас ислом дини ва унинг раҳнамоси бўлмиш ёрқин тарихий сиймо шахсияти ва фаолиятига нохолис баҳо берилди. Бу ўша даврда фан ва жамият ижтимоий тафаккурини бошқариб турган етакчи коммунистик мафкура талабларидан бири эди. Энг ачинарли томони шундаки, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг асл мазмунидан бехабар бўлган турли миллатларга мансуб “олим”лар ҳам ушбу “сиёсий қолип”га тушиб, илм-фаннинг нотўғри йўналишга тушиб қолишига сабабчи бўлдилар. Фикримизнинг исботи учун бир мисол келтирмоқчимиз. Чунки биз тилга олаётган асар университетлар филология йўналишлари талабаларининг зарурий адабиётлари қаторида бўлиб, ундаги ҳақиқатга зид фикрлардан ҳар бир талаба имкони даражасида хабардор бўла олади.
Озарбайжонлик файласуф олим Мирзо Фатали Охундов китобида сохта ҳадислардан бирини келтириб, Ҳазрати Пайғамбаримиз Расули акрам (с.а.в.)нинг ҳаётларида содир бўлган бир ҳодисани муҳокама этади [4:113-122]. У Расули акрам (с.а.в.)нинг аммаларининг қизи Зайнаб бинти Жаҳшга уйланишларидан олдин гўёки содир бўлган баъзи воқеалар ҳақида маълумот беради. Ўқувчи бу масалада тўлиқ тасаввур ҳосил қилиши учун асардан олинган парчани таржимасиз келтиришни лозим топдик: “Почему сам пророк не последовал точному смыслу стиха (Қуръони каримни назарда тутмоқда – С.Д.) о затворничестве, по которому всем правоверным повелевается закрывать глаза при встрече с женщинами, когда он увидел жену Зейда купающейся? Напротив, он … разглядел её … и расхвалил … громогласно, потом установил следующее узаконение, признаваемое и суннитами и шиитами в шариатских книгах: “Если пророк увидет какую-нибудь женщину и полюбит её, то муж её обязан развестись с нею и уступить её пророку”. Вот до чего простирается позор! Что скажет друг и недруг при чтении подобного узаконения относительно вашего пророка …” [4:117]. Муаллиф китобида келтирган ҳадисининг қайси манбадан олинганлиги ҳақида ҳеч нарса демайди. Бу фикрларни тожик олими М.Ражабов ҳам “Абдурахман Джами и таджикская философия ХV века” [5:148] номли китобида ўзининг атеистик нуқтаи назарини тасдиқлаш мақсадида келтиради.
Албатта, агар бирор асар ўз даври учунгина хизмат қилиб, кейин тарихдан ўчиб кетса, унинг фойда-зиёнини муҳокама этишнинг зарурати қолмайди. Аммо кўринаётганидек, анча катта жуғрофий ҳудудга ёйилиб, бошқа муаллифлар нохолис фикрларини исботлаш учун ҳам замин яратиб, мутафаккир алломаларимиз ижодларига дахлдор соҳаларда ҳануз ўқувчиларни тўғри эътиқоддан чалғитиб турган асарларга бугун холисона илмий баҳо бериш мақсадга мувофиқ кўринади. Чунки бундай мазмундаги уйдирмалар ўсиб келаётган ёш авлодни яна асоратга солиши, ҳақиқатан чалғитиши мумкин.
Келтирилган парча мазмунидан маълум бўлаётганидек, М.Ф.Охундов “Зайднинг хотини” деганда Расули акрам (с.а.в.)нинг аммалари Умайманинг қизи Зайнаб бинти Жаҳшни назарда тутмоқда. Бу воқеа Қуръони каримга ёзилган қатор тафсирларда келтирилишича, бундай содир бўлган: “Пайғамбаримиз Зайнабни ўзларининг асраб олган ўғиллари Зайд ибн Хорисага хотинликка сўраб совчи бўлиб борганларида у унамасдан: “Ё Расуллуллоҳ, ахир мен Қурайшнинг энг олий насабли аёлларидан бўлсам, Зайд эса куни кеча озод бўлган қул бўлса, қандай қилиб у менга муносиб бўлсин”, дейди. Шунда пайғамбар алайҳиссаломга “Аҳзоб” сурасининг 36-ояти нозил бўлгач, ноилож қолиб, ўз розилигини беради ва Зайдга никоҳланади. Лекин Зайд билан Зайнабнинг турмуши яхши бўлмайди. Чунки, Зайнаб эрига нописандлик билан муомалада бўлар ва мудом унга ўзининг олийнасаблигини пеш қилаверар эди. Охир-оқибат, Зайд пайғамбарнинг олдига Зайнаб ҳақида шикоят қилиб келиб, у билан ортиқ яшай олмаслигини айтади. Дарвоқеъ, бу орада Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий келган бўлиб, унда Зайд Зайнаб билан ажрашиб кетишлари ва пайғамбар Зайнабга уйланишлари ҳақида хабар берилган эди. Лекин пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг “Муҳаммад ўзи асраб олган ўғлининг хотинига уйланди”, деб таъна қилишларидан чўчиб, бу ваҳийни ошкор қилмай келардилар. Шунинг учун ҳам Зайд хотини билан ажрашмоқчи эканини билдирганида унга сабр қилишни маслаҳат берадилар. “Аҳзоб” сурасининг 37-38-оятларида Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига мана шу иши учун танбеҳ беради. Шунинг учун пайғамбар алайҳиссалом бу аёлга уйланадилар” [1:307].
М.Ф. Ахундов асарида ушбу воқеага тааллуқли бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбат берилган “Агар пайғамбар бирор аёлни кўрса ва севиб қолса, унинг эри у билан ажрашмоғи лозим”, деган ҳадиснинг ёлғон, уйдирма эканлигини Ҳазрати Имом Бухорий (р.а.) асарларининг ўзиёқ инкорга ўрин қолдирмай тасдиқлайди. Шу қабилидаги масалалар ечимида, айниқса “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асарининг тарихий-илмий қиммати яққол намоён бўлади. Аллома ушбу асарида Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси шарифларини мазмунига кўра китоблар ва бобларга бўлиб келтирар экан, уларнинг саҳиҳлиги даражасини ҳадис илми қоидаларига мувофиқ ровийларнинг санадини аниқ келтириш билан тасдиқлашни мақсад қилади.[1]
Асарда хабар берилишича, Муҳаммад расулуллоҳ (с.а.в.) ниҳоятда хушхулқ, ҳаё бобида ҳатто хотин-қизлардан ҳам устун бўлганлар: “Масруқ бундай дейдилар: “Абдуллоҳ ибн Амр Муовия бирлан Кўфага келганида ҳузурига кирдик. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаб: “Ул зот бадхулқ ҳам, шалоқсўз ҳам эмас эдилар”, деди. Кейин яна: “”Ораларингизда энг яхшингиз – хулқи яхшингиздир!” деган эдилар, деди.”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) инсон айниқса ўз кўзини ва тилини ҳаром қилинган, макруҳ нарсалардан эҳтиётлаши лозимлигини қайта-қайта таъкидлаганлар. Жумладан, “Ибн Аббос ривоят қиладилар: … Кўзнинг зиноси – (ўзга аёлга) қарамоқдур, тилнинг зиноси эрса (ўзга аёлни орзулаб) гапирмоқдур”. Яна бир ҳадис бундай келтирилади: “Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “… Биров рухсатингсиз уйингга мўраласа-ю, тош отиб кўзини чиқарсанг, гуноҳкор бўлмағайсан!” дедилар”.
Расули акрам (с.а.в.)нинг завжаи муҳтарамалари Оиша онамиз (р.а.)дан ҳам пайғамбарнинг бу соҳадаги фазилатлари ҳақида кўп ҳадислар ривоят қилинади. Чунончи, уларнинг айтишларича: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам … аёллар байъатини оғзаки (қўл олмай) қабул қилар эдилар. Жаноб Расулуллоҳнинг муборак қўллари ўз аёлларидан бўлак бирорта бегона аёлнинг қўлига тегмагандур!”.
“Абу Саъид ал-Худрий ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкаридаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар, агарда кўзлари бирор макруҳ нарсага тушса, (уялганларини) юзларидан билиб олар эдик.” Файласуф Ахундов шарҳлаган “ҳадис”нинг ёлғон ва уйдирма эканлигини дунё муҳаддис ва исломшунос олимлари томонидан тан олинган “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”даги ушбу ҳужжатнинг ўзиёқ тасдиқлайди. Сохта ҳадис радди учун мўътабар асардан яна бир ҳужжат келтирамиз. Расули акрам (с.а.в.) ўзлари илмларига амал қилиб, худди шундай чиройли амал қилишни барча мўминлардан талаб қилар эдилар. Жумладан, қуйидаги воқеа эътиборлидир: “Ибн Аббос (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити куни Фазл ибн Аббосни уловларига мингаштириб олдилар. Фазл чиройли йигит эди. Жаноб Расулуллоҳ уловларини тўхтатиб одамларга фатво айта бошладилар. Шунда Хасъам қабиласидан бўлган бир гўзал аёл жаноб Расулуллоҳдан бир масала хусусида фатво сўради. Фазл унинг ҳуснига маҳлиё бўлиб термулиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ ўгирилиб Фазлнинг аёлга термулиб турганини кўрдилар-да, орқаларига қўлларини узатиб, Фазлнинг жағидан ушлаб юзини бошқа тарафга қаратиб қўйдилар.”.
Ҳазрати севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё, ибо бобида ниҳоятда рашкли эдилар: “Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Аллоҳ таолодан кўра рашклироқ зот йўқдур, шул боисдан ҳам ул фаҳш ишларни манъ қилди…”.
“Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”да келтирилган ушбу маълумотлар Ҳазрати Расули акрам (с.а.в.)нинг комил ҳусни хулқларига оид манбаси кўрсатилмаган ва турли даражадаги сохта, тўқилган “ҳадис”ларни батамом рад этади. Зеро, Муҳаммад амин – ишончли, дея таърифланган Пайғамбаримиз ўзлари ташвиқ этган ислом динига энг аввало ўзлари бекаму кўст амал қилувчилардан эдилар. Бу исбот талаб қилмас даражадаги ҳақиқат Имом Бухорий ҳазратларининг (р.а.) барча асарларида тилга олинади. Қуръони каримнинг “Нур” сураси 30-ояти каримасида бу борада ул зоти бобаракотга бундай кўрсатма берилган: “(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан сақласинлар)! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир.” Ҳазрати Расули акрам (с.а.в.)нинг ушбу илоҳий буйруққа умр бўйи амал қилганликларини юқорида келтирганимиз каби юзлаб ҳадислар, тарихий асарлардаги юзлаб маълумотлар билан исботлаб бериш мумкин. Аммо бунинг раддини ким исботлаб бера олади?!
Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Адаб ал-Муфрад” асарида Расули акрам (с.а.в.)нинг Яратгандан хулқларининг гўзал бўлишини сўраганликлари Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилганларида кўпинча: “Аллоҳим! Мен сендан сиҳат-саломатликни, иффатни, омонатни, ҳусни хулқни ва қадарга рози бўлишни сўрайман”, дер эдилар”. Афифлик – ҳар бир одам учун лозим бўлган, унинг шарафини кўтарадиган хислатдир. Расули акрам (с.а.в.) иффатда ҳаммага ўрнак бўлган бўлсалар-да, Ҳақ таолодан иффат сўраб кўп дуо қилганлар.
Ҳақ таоло ўз Расули ҳақидаги мукаммал таърифни Қуръони каримнинг Қалам сураси 4-ояти каримасида Ўзи марҳамат қилган: “Ва албатта, сен улкан хулқдасан.”
Ислом дини, маълум бўлганидек, инсониятни фақат яхшиликка ундовчи, тўғри, пок йўлга ҳидоят этувчи диндир. Уни ташвиқ этган севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақсадлари ҳам башар фарзандлари учун тўғриликка хизмат қилувчи, худди ўзлари сингари пок ва беғубор бўлган.
Албатта, ул табаррук зотга беҳуда тош отиш шабкўр сиёсий маддоҳларнинг паст ниятларини амалга оширишлари учун ўйлаб топилган бир восита эди. Ислом дини инсонларни тоат-ибодатга буюрар экан, бу уларнинг маънавий покланишлари учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган машғулотлардан биридир. Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 73-ояти каримасида “Аллоҳ … мўмин ва мўминаларнинг тавба-тазарруларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират қилиш учун Одам болаларига ислом шариатидаги тоат-ибодатларни) юклади”, деб ёзилган. Демак, Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ҳам инсон фарзандининг гуноҳлардан, иллатлардан узоқ бўлиши учун тинмай зиммаларидаги юксак вазифани адо этганлар. Ул зоти муборак мўминларнинг фазилатларини камолга етказиш учун курраи заминга тушган илоҳий иноят эдилар.
Мухтасар сўз шундан иборатки, аввало, сўз юритилган масала муҳокамаси асло “эски гапни қўзғаб”, фитнага эшик очиш маъносида тушунилмаслиги лозим. Илм-фан тараққиёти тарихга оид ҳар қандай маълумотнинг тўғри, мукаммал, ҳаққоний бўлиши ва унга қўйилган охирги нуқта албатта ҳақ сўздан иборат бўлишини талаб этади. Бу талабга риоя этиш учун эса Ватанимиз маънавий хазинасидаги имконият ниҳоятда катта.
Иккинчидан, биз таълим тизимимиз ўқув жараёнларида ҳамон фойдаланиб турган ўтган асрда яратилган бир қатор илмий адабиётлардаги баҳсли масалаларга исломий маданият билан холисона илмий муносабат билдириб, тузатишлар киритиб қўймоғимиз ҳам мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, донишманд бобокалонимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳазратларининг (р.а.) “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари дунё-да фаол истифода этилаётган бир неча хорижий тилларга таржима қилиниб, нашр эттирилмоғи лозим. Алҳамдулиллаҳи роббил-оламийн!
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
- Қуръони карим. – Т.: ”Чўлпон”, 1992. Таржимон ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур.
- Қуръони карим. – Т.: ”Маънавият”, 2002. Таржимон, шарҳлар ва изоҳлар муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур.
- Абу Абдуллоҳ ибн Исмоил ал-Бухорий. “Ҳадис. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”. 4,3,2,1 жилдлар. – Т.: Қомуслар бош таҳририяти. 1992-1997.
- Мирзо Фатали Ахундов. Избранные философские произведения. – М., 1962.
- Ражабов М. Абдурахман Джами и таджикская философия ХУ века. – Душанбе,1968.
- Салоҳий Д. Ҳуррият ҳарорати. – Т.: “Фан” нашриёти, 2007.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазинаси. Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-Муфрад” китобининг шарҳи. 2-жуз. – Т.: “HILOL-NASHR”, 2017.
[1] Қуйида келтириладиган барча ҳадиси шарифлар матнлари Абу Абдуллоҳ ибн Исмоил ал-Бухорий Ҳазратлари (р.а.)нинг Тошкентда “Қомуслар бош таҳририяти” нашриётида 1992-1997-йилларда чоп этилган “Ҳадис. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асарининг 4,3,2,1- жилдларидан айнан кўчирилган.