Жорий йил 29 апрель куни Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзуида онлайн тарзда маърифий тарғибот тадбири ташкил этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходимлари талабаларга Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси тўғрисида маълумотлар берди.
– Афсуски, дунёдаги ғараз ниятли кучлар ўзига кўр-кўрона эргашиб кетадиган тарафдорларни кўпайтириш, сафларини онгсиз, реал мақсадсиз, манқуртлашган кимсалар билан тўлдириш учун одам ёллашнинг турли янгича усулларидан фойдаланмоқда. Бу доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишни, интернет ва ижтимоий тармоқлардан оқилона ва эҳтиёткорлик билан фойдаланишни тақозо этади, – деди Марказ илмий ходими Т.Эвадуллаев.
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олди.