Рамазон рўзасини фарз қилиб, ушбу ойни баракотли қилган ва ибодат ила эзгу амалларни бажаришга буюрган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, ҳозирги қутлуғ кунларимиз бутун мусулмонлар жамоасига шодлик ва фароҳ улашиб турибди.
Барча мусулмонлар йил бўйи ушбу муборак ойни интиқлик билан кутиб, унинг баракотидан насибадор бўлишга интилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз”[1], деб марҳамат қилади. Оятда мусулмон киши рўза тутиши фарз эканлиги билан бирга “шоядки, тақво қилсангиз” деб таъкидланаяпти. Бундан ушбу ойда тақвога берилиб, фақат эзгу ва хайрли ишларга қўл уриш асосий вазифалардан экани келиб чиқади. Шу туфайли ҳар бир мусулмон киши тақво билан Аллоҳ буюрган Рамазон рўзасини тутиши ва солиҳ амалларни кўпайтириши лозим экан.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Ким иймон-ла, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва (кечаларини) бедор ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқур”, дедилар. Яъни, бу ойда мусулмон киши савоб умидида рўза тутиб, ибодат ва хайрли амалларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ саъй-ҳаракат қилса, гўёки янги туғилган чақалоқдек покланиб, барча гуноҳлари кечириларкан. Шу боис мусулмон бу ойда рўза тутиш билан бирга, ибодатга, тақвога, хайр-саховатга жидду-жаҳд билан киришади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда ҳузурларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўқиб берар эдилар”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа пайтлар ҳам хайр-саховат ва эзгу ишларда намуна бўлганлар. Аммо Рамазон ойида ҳар доимгидан ҳам саховатлироқ бўлиб кетар эканлар. Бу ойда хайр-саховатли, карамли бўлиш Пайғамбаримиздан суннат бўлиб қолгандир.
Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар.
Рамазон ойида мусулмон инсон ҳар қачонгидан ҳам саховатлироқ бўлиб, муҳтожларга ёрдам берса, қариндошларга силаи раҳм қилса, беморларнинг ҳолидан хабар олса, жамиятнинг, эл-юртнинг манфаатларига хизмат қиладиган ишларни амалга оширса, рўзадорларни таомлантирса, албатта, катта савобларга эга бўлади.
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини Мен ‒ Ўзим берурман”, деб айтади.
Мусулмон киши ушбу муборак ойда рўза тутиш баробарида савоб амалларни ҳам кўпайтирса, Аллоҳ таоло унинг мукофотини Ўзи хоҳлаган миқдорда зиёда қилиб берар экан. Шу сабабли имонли инсон ушбу меҳр-шафқат ва тақво ойида хайрли ишларни кўплаб амалга ошириб, ваъда қилинган мукофотларга эга бўлишга интилади. Бу ойда мусулмон киши яна ҳам бағрикенг бўлиб, муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, хайр-саховатни, садақа-эҳсонни кўпайтирса, албатта, катта ажру ҳасанот ва мартабаларга эга бўлади.
Рамазонда қилинган ҳар бир яхши иш бошқа ойлардагидан устун туради. Эзгу ва хайрли амаллар орасида молиявий ибодатлардан ҳисобланган садақа ва эҳсон алоҳида аҳамият касб этади. Унинг барча кўринишлари гуноҳлар ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради”, деганлар.
Абу Кабша Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсага қасам ичаман: Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, дедилар.
Тангри таолонинг бандаларига марҳаматини кўрингки, хайр-эҳсон, муҳтожларга ёрдам бериш билан кишининг молу-мулки камайиб қолмас экан ва бу амал унинг гуноҳларини сув оловни ўчирганидек ўчирар экан.
Ҳозир дунё бошига бало бўлиб турган коронавирус пандемияси даврида илм-маърифатни бойитиш, ёрдамга муҳтож инсонларга хайру эҳсон қилиш, қавму қариндош, бемор ва етимлар ҳолидан хабар олиш каби эзгу ва хайрли ишларни кўпайтириш орқали ушбу муборак ойнинг зийнат ва фазилатидан янада зиёда баҳра олишга шошилайлик.