Home / АЛЛОМАЛАР / МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ – БУЮК ВА МУЖТАҲИД ИМОМ (давоми)

МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ – БУЮК ВА МУЖТАҲИД ИМОМ (давоми)

(бошланиши бу ерда) Дарҳақиқат, Имом Бухорий ҳадис, фиқҳ ва ақида илмида устоз ва шогирдлари ва уламолар орасида ўзига хос ўринга эга бўлган. Яъқуб ибн Иброҳим Даврақий ва Наим ибн Ҳаммоднинг айтишларича, Муҳаммад ибн Исмоил “бу умматнинг тенги йўқ фақиҳидир”. Имом Бухорий қачон Басрага келса, Муҳаммад ибн Башшор: “бугун шаҳримизга фақиҳларнинг саййиди келди”, деб қарши олар эди. Абу Умар Аҳмад ибн Наср Хаффоф эса, ўз навбатида, “Муҳаммад ибн Исмоил, фиқҳда Исҳоқ ибн Роҳвайҳ ва Аҳмад ибн Ҳанбалдан йигирма марта кучлироқдир”, дея эътироф этади. Ражо ибн Муржий Имом Бухорийнинг фиқҳий илмини “Имом Бухорий фиқҳ илмида бошқа олимлар олдида, эркакларнинг аёллар олдидаги даражасидек баланд ҳисобланади”,  деб юқори баҳолайди. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий: “Мен Ҳарамайн (Макка ва Мадина)да ҳам, Ҳижоз, Шом ва Ироқда ҳам кўпдан-кўп уламоларни кўрдим, лекин улардан бирортасида ҳам Муҳаммад ибн Исмоилдек мукаммал илмнинг жам бўлганини кўрмадим”, деб унинг барча илмлардан хабардор эканини таъкидлаб ўтади.

Имом Бухорийнинг замондошлари ва кейинги уламолар унинг фиқҳ илмида тенгсиз эканлигини ва буюк мужтаҳид имомлардан бўлганини қуйидагича эътироф қиладилар[1]:

Бундор лақаби билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Башшор: “Бугун Басрага фақиҳларнинг энг улуғи келди”, “Муҳаммад ибн Исмоил бизнинг замонамизда Аллоҳ яратган энг буюк фиқҳ олимидир” ва “Дунёда ҳуффозлар тўртта, улар: Райда – Абу Зуръа, Нишопурда – Муслим ибн Ҳажжож, Самарқандда – Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Доримий ва Бухорода – Исмоил Бухорийдир”, деган фикрни билдирган.

Муҳаддис Муслим ибн Ҳажжож Бухорийга: “Устозлар устози, муҳаддислар саййиди, ҳадис иллатларининг табиби, ижозат берсангиз, оёқларингиздан ўпсам” дейди.

Муҳаддис Имом Доримий: “Бизнинг ҳадисга қўядиган талабимиз Муҳаммадникидек эмас эди. У киши бирор ҳадисга назар солса, уни ипидан игнасигача ўрганар эди”, деб айтган.

Яъқуб ибн Иброҳим Даврақий эса “Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидир”деган.

Абу Жаъфар Муснидий: “Замонамизнинг ҳадис билимдонлари учта: Муҳаммад ибн Исмоил, Ҳошид ибн Исмоил, Яҳё ибн Саҳл”, деган.

Ҳоким Абу Аҳмад: “У – соҳилсиз денгиздир”, деган.

Солиҳ ибн Муҳаммад: “Мен ҳануз, Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фаҳмлироқ хуросонликни кўрганим йўқ”, деган.

Абу Саъид Ҳотим ибн Муҳаммад: “Ҳофиз Мусо ибн Ҳорун: “Агар бутун ислом аҳли Бухорийдек бир кишини тайёрламоқ учун йиғилсалар ҳам бунга қодир бўлолмаслар”, деган.

Салим ибн Мужоҳид: “Мен олтмиш йилдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ ва парҳезкорроқ кишини кўрмадим” , деган.

Имом Бухорий шаънига ўз замондошлари, устоз ва шогирдлари ва ундан кейинги бир қанча уламолар томонидан айтилган шу каби эътирофларни кўплаб келтириш мумкин. Зеро, Ибн Ҳажар Асқалоний айтганларидек, “Кейинги даврда яшаган уламолар томонидан Бухорий ҳақида билдирилган ва айтилган мақтовлар келтирилса, уларни ёзишга варақлар тугаб, инсоннинг бардоши қолмайди. У соҳилсиз денгиздир”[2].

Замондош олимларимиздан Доктор Нуриддин Итр бундай дейди: “Бухорийнинг илм майдонига келадиган бўлсак, у фиқҳ борасида кўзга кўринган ва уни мукаммал ўрганган имомлардан бири бўлган. Машҳур муҳаддислардан бўлса-да, фиқҳий масалаларнинг ечимида фиқҳий мазҳаб имомлари даражасидаги мужтаҳид имомдек иш тутган. Имом Бухорий ёшлигида Ибн Муборакнинг асарларини ўқиб чиққан эди. Ибн Муборак эса Абу Ҳанифанинг хос шогирдларидан бири бўлган. Кейинроқ у – ўзи хабар бериб кетганидек, – ўсмирлик палласида ҳанафийларнинг фиқҳини ўрганиб чиқди. Каробисий воситасида Шофиъийнинг фиқҳини ўрганди. Шунингдек, Моликнинг шогирдларидан унинг фиқҳини ўрганиб чиқди. Ана шу тарзда у ижтиҳод қилиш йўлларини пухта ва батамом ўрганиб чиқди. Имом Бухорий ўзининг мана шундай ўткир зеҳни ва кучли заковати билан мужтаҳидларнинг йўлини тута олди. Унинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари мана шу гапнинг тўғрилигига шаҳодатдир. Чунки, Имом Бухорий бу асарда далиллардан ҳукмларни чиқариб олган, мазҳаблардан бирортасига тақлид қилмаган ҳолда далилга эргашган. Биз унинг фиқҳи ҳақида олиб борган тадқиқотимиз ичида келган мисоллар унинг мужтаҳидлар мартабасига етган бир мужтаҳид бўлган эканини, айрим мазҳаблар вакиллари даъво қилганларидек, қайсидир мазҳабга тақлид қилган эмаслигини кўрсатади”. [3]

Манбалар асосида Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаби ва мужтаҳидлик даражаси тўғрисида келтирилган уламоларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, Имом Бухорий фиқҳ соҳасида ўзи мужтаҳид бўлган[4] ва муҳаддис тўрт мазҳабдан бирида бўлган, деб хулоса чиқариш тўғри фикр эмас. Чунки, муҳаддис яшаган даврда бу тўрт мазҳаб ҳали мукаммал шаклланиб бўлмаган эди. Имом Бухорий ва Имом Аҳмад бир даврда яшаган, ҳадис илми борасида улар жуда ҳам яқин бўлишган. Муҳаддис ва алломалар ҳаёти ўрганилганда улар ўртасидаги илмий-амалий алоқалар, ижодий муносабатлардаги яқин ҳамкорликка гувоҳи бўламиз. Фиқҳий мазҳаб имомлари Имом Бухорий ёки унинг отаси Исмоил билан замондош бўлган. Имом Бухорий барча мазҳаб имомларининг асарларидан, фиқҳий ва ақидавий қарашларидан бохабар бўлган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Имом Бухорий ўз даврининг буюк ва мужтаҳид имоми бўлган.

Имом Бухорийнинг асарлари фақат диний илмлар мажмуасига оид бўлиб қолмасдан, балки дунёвий илмларга оид маълумотларга ҳам бойдир. Масалан, унинг шоҳ асари “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”да тарих, мантиқ, фиқҳ, ҳуқуқшунослик, табобат ва бошқа қатор фанларга оид кўплаб маълумотларни учратамиз. Албатта, бу буюк Имом қатори бошқа алломаларимизнинг ҳаёти, илмий мероси ва шахсиятини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш ҳозирги жамиятимиз аҳлини, айниқса, ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

[1] Шайх Абдуссалом Муборакфурий. Сират ал-Имом Бухорий. Макка. Дар аламил фавоид. 2002. Ж.1. Б. 202. //Абдусаттор. Имом Бухорий. – Дамашқ. Дарул қолам.2007. Б.258.
[2] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул Борий. Ж. 2.  – Байрут. Дору-л-маърифа, 1959. – Б. 485.
[3] Нуриддин Итр. Имом Термизий. У билан “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг ўртасидаги мувозанат. – Б. 391.
[4] Абдусаттор. Имом Бухорий. – Дамашқ. Дарул қолам.2007. Б.249.
Барот АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …