Фазлиддин ака билан анча йилдан буён қадрдонмиз. Ўзини баъзан «немистабиатроқ» тутса-да, жуда кўнгилчан, ориятли одам. Шу ўринда изоҳ берсам, бизда «немистабиат» деб ҳақини бермайдиган, бировнинг ҳаққиниям емайдиган одам тушунилади. У дунёнинг қатор давлатларида бўлган. Тўрт-бешта тилни яхши ўзлаштирган.
У Жанубий Кореяда ва ўзимизда айнан битта ҳолатга гувоҳ бўлганини айтиб берди. Аммо манзара икки хил.
Бирор жойда ёритманг, истиҳола қиламан, деди. Назаримда, андиша қилишга ҳожат йўқдек. Қолаверса, бу воқеа миллат тарбиясига таъсир этадиган, кўпинча, қон-қонимизга сингиб кетган, биз учун оддий бўлиб кўринган, аммо хунук вазият ҳақида. Унинг айтганларини деярли ўзгартиришсиз қоғозга туширдим.
«2016 йил, Жанубий Кореядаман. Юртдошимиз бўлган бир аёл банкдан пулларини ечиб олиб, эҳтиётсизлиги туфайли ҳамёнини йўқотиб қўйди. Унинг ичида қарийб 5000 АҚШ доллар пули, шахсини тасдиқловчи карди (ID) ҳам бор эди.
Аёл бу ҳақда полицияга хабар берди. Омадсизлигидан хафа бўлиб, анча азият чекди. Чунки ўша пулни орттириш учун деярли ярим йил меҳнат қилганди. Аммо бир неча кун ўтса ҳам полициядан хабар бўлмагач, ҳамёнидан умидини узди.
Аёл ноилож ҳужжатларни қайта расмийлаштириш учун махсус идорага борди. Шундан сўнг яна бир ҳафтача вақт ўтди. Кутилмаганда, унга қўнғироқ қилишиб, полиция бўлимига келишини илтимос қилишди. Ташкилотга минг умид билан борган ватандошимиз ҳақиқатан ҳам жуда хурсанд бўлди. Чунки, ҳамёни билан бирга, бир тийинига ҳам тегинилмаган пули, ID картаси топилганди.
Қизиғи, у ҳамёнини очганда ичидан бир хат чиқади ва унда шундай сўзлар ёзилган эди (хатнинг мазмунини келтираман): «Ҳурматли меҳмон, мамлакатимизга хуш келибсан! Мен ҳамёнингни топиб олдим ва уни полицияга топширяпман. Биламан, сен бу пулни кўп меҳнат қилиб топгансан ва ўз оилангга, болаларингга жўнатишни ният қилгансан. Бу пулларни йўқотиб қўйганинг учун жуда ҳам ачинаётгандирсан. Буни биламан, ота-онам менга шундай дейишди. Сен бизнинг мамлакатимиз ва одамларимиз ҳақида ёмон фикрда бўлишингни истамайман. Менинг ўрнимда бошқа ватандошим бўлганида ҳам албатта, бу ишни қилган бўларди. Мен ҳам шундай қилдим. Сен пулни оилангга, фарзандларингга жўнат. Уларни хурсанд қил» деб ёзилган эди.
Маълум бўлишича, ҳамённи 5-синф ўқувчиси топиб олган ва уни онаси билан келиб, полицияга топшириб кетган экан. Аёл эса болага қўнғироқ қилиб беришларини сўрайди. Телефонда унга катта раҳмат айтиб, суюнчи пули бермоқчилигини тушунтиради. Аммо болакай бу унинг учун уят эканлигини, яхшиси, пулни оиласига жўнатиб, уларни хурсанд қилиши кераклигини яна такрорлайди.
Бошқа воқеа
«Кун бўйи кўчадаги ишларим билан бўлиб, анча толиқдим. Ифторликка бир неча дақиқа қолганда, уйга шошдим, – дейди танишим. – Келсам, ҳовлимиз ёнида қўшни аёллар тўпланиб турган экан. Аёлим ҳам ўша ерда, телефонда гаплашяпти. Менга ифторлик тайёрламасдан, бу ерда тургани нимаси?
Қарасам, корейс қўшнимиз Орзу ҳам шу ерда. Жуссаси кичик бўлгани учун кўпчилик орасида кўринмай қолибди (кореялик қўшнимиз икки йилдан буён Самарқандда оиласи билан яшайди. Унинг корейсча исмини ҳеч ким айта олмагани учун «Орзу» деб исм қўйиб олишган). Аёлим мени кўрдию, телефонни узатди: «Тез гаплашинг, Орзу аканинг нарсалари таксида йўқолибди» деди.
Телефонни олиб, салом-алик қилдим. Тушунганим, корейс қўшнимиз бозордан қайтишда таксига минган. Манзилга келиб тушганда эса, бошқа нарсаларини олгану ҳужжатлари, чиптаси ва корейс паспорти солинган сумкасини унутган. Уни юки билан шу атрофга туширган таксичи излаб келиб, тополмагач, уйимиз яқинидаги ошхона эгасига учраган. У таърифлаган одам бизнинг «дом»имизда яшашини билгач, биринчи қаватдаги қўшнимизга телефон рақамини қолдириб кетибди.
– Шунча овора бўлдим, бирор нарса берармикан? – деди у гап орасида.
– Ака, ўзи бир мусофир бўлса, нима қиласиз ундан умидвор бўлиб? – деб юборибман. – Ўзбекчани анча тушиниб қолган Орзу ўз тилида менга «Суюнчи беради деб айт» деди.
Таксичи билан айтилган манзилда кўришишга келишиб, алоқани уздим. Оғриндим. Бечора корейс қўшнимнинг икки кўзи менда. «Ҳозир мен ифторлик қилиб тушаман, унгача сен ҳам овқатланиб ол» дедиму уйга кирдим. Айтилган манзилга борарканмиз, Орзу «Эллик минг берсам бўладими?» деди. Нима дейишни билмайман. «Шошилма, балки пул олмас» деб юзимни ундан ўгирдим.
Хуллас, айтилган манзилда учрашдик. Таксичи ёши олтмишлардан ошиб қолган одам экан. Невараси ҳам ёнида. Кўришдик. Ўзи ҳам бир пайтлар Питерда паспортини йўқотиб, роса овора бўлганини, элчихона орқали келиб, ҳужжатларини қайта тўғрилаб кетганини айтди. Мен таржима қилиб турдим. Кулишдик.
«Қанча бераркан, таржима қил» деди у. Минг истиҳола билан таржима қилдим. «Ўн доллар бераман», деди Орзу. «Йўқ, – деди таксичи, – 20 доллар берса, нарсаларини қайтараман». «Э, бу нима деганингиз? Суюнчигаям савдолашадими одам?» дедим. Бизни олиб борган ҳайдовчи йигит ҳам томоғини қириб қўйди. Уялдим, асабийлашдим.
Шу пайт Орзу чўнтагидан бор пулини чиқарди. Битта 10 долларлик ва иккита ўн минг сўмликни кўрсатиб, «Ҳамма пулим – шу», деди. Таксичи Орзунинг қўлига ёпишди, машина чироғи ёруғида 10 долларлик ва қолган пулларни меҳмоннинг қўлидан тортиб олди. Ҳа, ҳа, айнан тортиб олди! «Мана сумкаси, текшириб олсин, – деди у орқа ўриндиқдан сумкани олиб. Яхшиям топилди, бўлмаса роса овора бўларди…» деб қўшимча қилди.
Йўлда қайтарканмиз, Орзуга «Хафа бўлмадингми?» дедим. «Йўқ, – деди у кулиб, – хурсандман, хурсандман! Сен ҳам сиқилма. Сумкамнинг ичида пул бўлганда, балки топа олмасдик», деди».
Фазлиддин ака, бу гапларни ёдга оларкан, яна асабийлашди. Унинг хатти-ҳаракатига эътироз қилдим: «Ўша таксичига суюнчи пулини ўзингиз берсангиз ҳам бўлардику. Орзу буни билмаса, яна ҳам яхшийди. Таксичи миллат, Ватан шаънини ерга уришига бекор йўл қўйибсиз», дедим.
Бу фикр у кишининг ҳам хаёлига келганини тан олди. Аммо корейс миллати бировга юк бўлишни истамайди, деб инкор қилди. «Мен уни ранжитиб қўйишим, нафсониятига тегишим мумкин эди» деди. Менга Фазлиддин аканинг бу ҳаракати ўша «немистабиат»лигини эслатди.
Жанубий Кореяда ҳамёнини йўқотган аёлдан суюнчи олмаган болакайни эсладим. Ота-онасининг ибрати бу ерда жуда муҳим роль ўйнагани сир эмас. Балки айнан мана шундай оддий нарсалардан миллат қиёфаси шаклланар. Ишонч билан айтиш мумкинки, ўша пайтда корейс хонадонига кирмаган 5000 АҚШ доллар фарзандининг келажагини, у босиб ўтажак йўлни белгилаб бериши шубҳасиз. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, холис ва ҳалол хизмат болакайнинг онгида бир умрга муҳрланди.
Энг ёмони, таксичининг ҳам набираси бўлаётган ҳамма воқеани кузатиб турганди…
Кичик гувоҳларга яхши нарсаларни кўрсатайлик…