Ислом динининг асл мазмун-моҳиятини теран англашда, ижтимоий ахлоқий масалаларни тарғиб этишда, ёшлар тарбиясини миллий ва диний қадриятлар асосида олиб боришда Имом Бухорий меросининг аҳамияти катта. Бугунги таҳликали даврда, яъни диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, аслиятдан узоқ бўлган фикрларни исломга оид қилиб талқин этиш, умуман, маданиятсизликни “маданият” қилиб кўрсатишга бу мерос маърифий курашнинг муҳим асосларидан бўлади.
Имом Бухорий ҳаёти ва унинг илмий-маънавий меросини тадқиқ этишда у кишининг устозларини ўрганиш ҳам фойдалидир. Тарихчилар манбаларда Имом Бухорийнинг устозлари сони ҳақида қизиқарли маълумотлар келтириб ўтган. Жумладан, тарихчи Муҳаммад ибн Абу Ҳотамнинг ёзишича, Имом Бухорий суҳбатларнинг бирида унга «бир минг саксонта шайх (устоз)дан ёзганман», деб айтган гапини келтирган. Х асрда яшаган исфаҳонлик олим Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда Исфаҳоний (922-1005) Имом Бухорийнинг устозлари ҳақида махсус асар битиб, алифбо тартибида уларни номма-ном келтирган.
Маълумки, Имом Бухорий ёшлигидан илм ва ҳадис талабида жуда кўп сафар қилган. Табийки, сафарлар у кишининг устозлари сафи кенгайишига ҳам сабаб бўлди. Буюк муҳаддис Яна бир манбада ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устоз-шайх[1]дан ҳадис ривоят қилганини эътироф этиб, бу ҳақда: “Мен мингдан кўп кишидан ҳадис ёзиб олдим”[2], деган.
Дастлаб Имом Бухорийга Бухорода кўзга кўринган муҳаддислардан Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий, Иброҳим ибн Ашъаслар таълим берган. Шу устозлар туфайли аллома ўн олти ёшга етмасдан кўп ҳадисларни ўзлаштирган. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг китобларини ёд олган. Шу палладан Бухорийнинг ноёб қобилияти ва зукколиги кўпчилик уламолар томонидан юксак баҳолана бошлади.
Буюк муҳаддис ўн олти ёшга етгач, онаси ва акаси билан ҳаж сафарига чиқди. 825 йили Маккаи мукаррамага етиб келди. Ҳаж ибодатини адо этгандан кейин онаси ва акасини Бухорога қайтариб юбориб, ўзи Маккада қолди. У ерда Абу Валид ибн Арзақий, Абдуллоҳ ибн Язид Муқрий,
Исмоил ибн Солим Соиғ, Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳумайдийдан ҳадис илми бўйича сабоқ олди. Бир муддат яшагандан кейин Мадина мунаввара томон йўл олди. 827 йилда у ерга бориб, Иброҳим ибн Мунзир, Муторриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза, Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Увайсий, Яҳё ибн Қазаъа каби машҳур уламолардан дарс олди.
Бундан ташқари, Шом, Бухоро, Марв, Балх, Ҳирот, Найсабур, Рай, Бағдод, Басра, Восит, Куфа, Миср ва Жазира каби шаҳарларга сафар қилиб, машҳур муҳаддислардан ҳадис ўрганди.
Имом Бухорийнинг муҳаддис табақалари бўйича ҳам устозлари кўпдир. Бу ҳақда Абулфазл Мақдисий ва бошқа уламолар бундай фикр берган: “Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”да келтирган ҳадисларни беш табақа устозларидан олган.
Биринчи табақа: Имом Бухорий билан ҳадисни ривоят қилувчи тобеъий орасида фақат бир ривоятчи бор холос. Улардан бири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ансорийдир. Имом Бухорий у орқали Ҳумайддан, у Анасдан ривоят қилган.
Маккий ибн Иброҳим ва Абу Осим Нубайл ҳам биринчи табақага киради. Имом Бухорий улар орқали Язийд ибн Абу Убайддан, у Салама ибн Акваъдан ривоят қилган.
Улардан яна бири Убайдуллоҳ ибн Мусодир. Имом Бухорий у орқали Маъруфдан, у эса Абу Туфайл ва Алидан ривоят қилган.
Иккинчи табақа: Тобеъийлардан ҳадис олган мужтаҳид имомлардан ривоят қилувчи кишилар. Улар қуйидагилар:
Ҳижозликлардан – Ибн Журайж, Молик, Ибн Абу Зеъб, Ибн Уяйналар.
Шомликлардан – Шуаъйб, Авзоъий ва иккисининг табақасидагилар.
Ироқликлардан – Саврий, Шўъба, Ҳаммод, Абу Авона, Ҳаммод.
Мисрликлардан – Лайс, Яъқуб ибн Абдурроҳман ва бошқа жуда ҳам кўп кишилар.
Учинчи табақа: Имом Бухорий ўзларини кўрган бўлса ҳам улардан ҳадис эшитмаган кишилар. Бу табақага Язид ибн Ҳорун ва Абдурраззоқ мисол бўлади.
Тўртинчи табақа: Имом Бухорийнинг тенгдошлари бўлиб, улар орқали ўз устозларининг ривоятларини олган. Буларга Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Идрис мисол бўлади.
Бешинчи табақа: Санадни билишда, ёш, вафот ва маърифатда Имом Бухорийдан кейин турадиган кишилар. Уларга Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Омулий ва Ҳусайн Қаббоний мисол бўлади. Мақдисийнинг айтишича, Имом Бухорийнинг ўзлари: “Муҳаддис токи ўзидан юқори, ўзи тенги ва ўзидан кичиклардан ривоят қилмагунча комил бўла олмайди”, деган.
Имом Бухорийнинг ушбу сўзидан маълум бўладики, инсон устознинг ёши катта ё кичиклигига қарамасдан ундаги илмни олмоғи ҳар бир кишидан талаб қилинадиган зарур ишдир. Бу ўринда келтирилган маълумотларда буюк аллома ҳадис эшитган ровийларнинг бир қисмигина келтирилди, холос. Айтилганидек, уларнинг умумий сони мингдан ошади. Бу эса буюк муҳаддис ҳадис илмига, ҳадис ёзиб қолдиришга қанчалар катта масъулият билан ёндошганидан далолат беради.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими