Жиззах политехника институтида ташкил этилган семинар ана шундай номланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази, Жиззах политехника институти ва Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ж.Жумаев ҳамда катта илмий ходим Т.Эвадуллаевлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Тадбирда дастлаб, маърузачилар томонидан бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, ёшларнинг билим олишлари, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашлари учун яратилаётган шароит ва имкониятлар хусусида фикр юритилди.
Шунингдек, барқарор тинчлигимизни, осуда ҳаётимизни кўра олмайдиган, онгу-тафаккурини бузғунчи ғоялар эгаллаган, ғараз ниятли турли оқим ва гуруҳлар, уларнинг қабиҳ ниятлари, ёвуз мақсадларига эришиш йўлида муқаддас ислом динини ниқоб қилиб олишгани ҳақида маълумотлар берилди. Энг ёмони, диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилишда, жамиятда норозилик кайфиятини тарқатишда ёшларимиз энг кўп мурожаат қиладиган ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишаётганлиги айтиб ўтилди. Айрим ҳолларда ёшларнинг билиб-билмай бу оқимлар таъсирига тушуб қолишаётганлиги маърузачилар томонидан афсус билан тилга олинди.
Маърузачилар бугунги глобаллашув шароитида маънавий таҳдидлар кучайиб бораётганини, бу салбий иллатларни эътибордан четда қолдирмаслик лозимлиги айтиб ўтишди. Ёшларимизни турли ёт ғоялар, “оммавий маданият”, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, гиёҳвандлик, экстремизм ва терроризм каби салбий иллатлардан сақлаш, огоҳ ва ҳушёр бўлиш, келажигимиз эгаларида мафкуравий иммунитетни шакллантириш учун фақат маърифатга, маънавиятга таяниш лозимлиги таъкидланди. Маърифат, илм уларнинг маънавий оламини, дунёқарашини бойитиш билан бирга ёшларимиздаги ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга ҳам хизмат қилиши, айтиб ўтилди.
Самимий мулоқот тарзида ўтган тадбирда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олишди.