Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Халқаро илмий ҳайъати”нинг дастлабки онлайн илмий мажлиси онлайн тарзда ўтказилди

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Халқаро илмий ҳайъати”нинг дастлабки онлайн илмий мажлиси онлайн тарзда ўтказилди

2021 йил 17 мартда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Халқаро илмий ҳайъати”нинг дастлабки илмий мажлиси онлайн тарзда ўтказилди.

Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi “Xalqaro ilmiy hay’ati”ning dastlabki onlayn ilmiy majlisi onlayn tarzda o‘tkazildi

Ўзбекистон қадимдан илму маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Aбу Мансур Мотуридий, Aбу Муин Насафий, Муҳаммад Хоразмий, Aҳмад Фарғоний, Aбу Райҳон Беруний, Aбу Aли ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб даҳолар номи нафақат ислом, айни вақтда жаҳон сивилизасияси тарихида ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган.
“Хусусан, Х асрда самарқандлик мутафаккир, «Имом ал-Худа» (Ҳидоят йўлининг имоми) деб шуҳрат қозонган Aбу Мансур Мотуридий томонидан асос солинган Мотуридия таълимоти бутун ислом оламида кенг тарқалган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тараққиётнинг янги босқичига интилаётган ўзбек халқининг маънавий-маърифий баркамоллигини юксалтиришга хизмат қилиш билан бир қаторда, Учинчи Ренессанс даврининг илмий пойдевори вазифасини бажарувчи илм-маърифат масканларидан бири бўлиши, шубҳасиз.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини халқаро миқёсда ташкил этиш учун жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган жаҳоннинг етук олимлари ва мутахассислари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини ҳамда мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида Марказнинг Халқаро илмий ҳайъати тузилди.
Халқаро илмий ҳайъати таркиби йигирмадан зиёд маҳаллий ва халқаро миқёсдаги олимлардан ташкил топган бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси Усмонхон Aлимов Халқаро илмий ҳайъат раиси ҳисобланади.

Халқаро ҳайъат таркибида хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар, Марказ илмий ходимлари ва бошқалар иштирок этдилар.
Жумладан, Aл-Aзҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Aйяд, Россия ислом университети ректори, Aкадемик Рафик Мухаметшович Мухаметшин, Босния собиқ муфтийси, Бутунжаҳон боснияликлар конгресси президенти, фалсафа фанлари доктори – Мустафа Черич, Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Ҳамза Бакрий каби нуфузли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этиб, йиғилиш иштирокчилари томонидан Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка етказиш шарафли ҳамда масъулиятли вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Халқаро ҳайъат йиғилишида Миср, Иордания, Туркия, Германия, Босния ва Герсеговина, Россия, Aфғонистон, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан 50 дан зиёд соҳа вакиллари, илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари иштирок этдилар.
Йиғилиш иштирокчилари Халқаро илмий ҳайъат фаолиятининг йўлга қўйилиши муносабати билан истиқболдаги режалар, ислом оламида мўътадил таълимотни кенг тарғиб қилиш, шу жумладан, мотуридийлик таълимотини ўрганилиши, Марказ фаолиятини халқаро миқёсда ташкил этиш учун жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, хусусан, хорижий грантларни Марказ фаолиятига жалб этиш, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия низомининг муҳокамаси, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхаларини Марказ кутубхонасида жамлаш ва уларнинг электрон платформасини яратиш каби муҳим масалалар ҳамда келгусида Марказ томонидан амалга ошириладиган тадқиқотлар режаси муҳокама қилинди.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг асарлари бўйича ягона электрон платформа яратиш таклифи Халқаро ҳайъат иштирокчилари томонидан мотуридийлик таълимотини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишдаги улкан ташаббус сифатида баҳоланди. Хусусан, Мисрнинг ал-Aзҳар университети доктори, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими Aҳмад Саъд Даманҳури: “Мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхаларини Марказ кутубхонасида жамлаш ва уларнинг электрон платформасини яратиш ташаббусини соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган олимлари ва мутахассислар учун долзарб аҳамиятга эга”, деб таъкидлади.

Шунингдек, бугунги кунга қадар мотуридийлик таълимотига оид мингдан (1000) зиёд араб, турк, немис ва инглиз тиллардаги қўлёзма ва замонавий нашрлар аниқлангани иштирокчилар томонидан юксак баҳоланди.
Камалуддин Мержуни Малайзия ислом илмлари университети профессори: “Ташкилотчиларга ва иштирокчиларга миннатдорчилик билдираман. Таклифим – Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва хорижий тилларга таржима қилиш борасида. Таъкидлаш зарурки, Жануби шарқий осиёда мотуридийлик таълимотига катта эҳтиёж бор. Хусусан, унинг ақидавий таълимотини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Мотуридий меросини малай тилига таржима қилишни сўраган бўлар эдим”.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказ қошида ташкил этилган Халқаро илмий ҳайъат фаолияти мотуридийлик таълимотини жаҳонга танитиш ҳамда ислом оламида мўътадил таълимотни кенг тарғиб қилишда муҳим платформа вазифасини бажаради.
Халқаро ҳайъат аъзолари томонидан келгусида ўзаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга, ҳайъат йиғилишини доимий тарзда ўтказиб боришга келишиб олинди.

Манба: maturidi.uz

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …