Home / АЛЛОМАЛАР / ФИРАБРЛИК УЛАМОЛАР

ФИРАБРЛИК УЛАМОЛАР

Фирабр Бухоронинг қадим шаҳарларидан бири бўлган. Бу ҳақда Имом Самъоний ўзининг “Ал-Ансоб” асарида: “Фирабр Амударё билан Бухоро ўртасидаги шаҳардир. Фирабр шаҳри билан Амударёнинг ўртасидаги масофа бир фарсах атрофидадир. Мен Мовароуннаҳрдан қайтаётганимда Фирабрда бир неча кун турганман”, деб айтган.

Имом Заҳабий эса ўзининг “Сияру аъламин нубало” асарида: “Фирабр Бухоро қишлоқларидан биридир”, деган.

Бугунги кунда Фирабр – ҳозирги Туркманистоннинг Лебоб вилоятидаги Фирабр минтақасининг маъмурий маркази. Фирабр қадимда Тоҳир ибн Алининг мусофирхонаси (карвонсаройи) сифатида танилган. У ердан кўплаб уламолар етишиб чиққан. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам шу ерда бир муддат яшаган ва дарс берган.    

Абу Абдуллоҳ Фирабрий

Фирабрлик энг машҳур уламолардан бири Имом Бухорийнинг ўзидан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилувчи Абу Абдуллоҳ Фирабрий (ҳижрий 231-320 й.)дир. Тўлиқ исми – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрий.

Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзганларнинг барчаси унинг ҳижрий 231 йилда туғилганига иттифоқ қилишган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийдан икки марта эшитган. Бир марта ҳижрий 248 йил Фирабрда ва иккинчи марта ҳижрий 252 йил Бухорода эшитган.

Имом Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг машҳур ровийси бўлиб танилган. Чунки, инсонлар ҳозиргача “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийнинг ривоятидаги санад билан ўрганиб келаяптилар.

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан жуда кўплаб сиқа (ишончли) ровийлар жамоаси ривоят қилишган. Уларнинг энг машҳурлари қўйидагилар: Ибн Сакан Саид ибн Усмон Баззоз Мисрий (ҳижрий 294-353 й.), Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий (ҳижрий 301-371 й.), Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад Журжоний (ваф. 373 ҳ.), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий (ваф. 376 ҳ.), Абу Али Муҳаммад ибн Умар Шаббавий, Сарахснинг хатиби Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммувайҳ Сарахсий (ваф. 381 ҳ.), Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний (ваф. 389 ҳ.), Шайх Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб Кушшоний (ваф. 391 ҳ.) ва Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатийдир.

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилганларнинг энг биринчиси Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийдир. Энг охиргиси эса Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб Кушшоний саналади.

Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деган.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ушбу сўзларини изоҳлаб бундай дейди: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий бу гапини ўзи билган нарсага мувофиқ айтган. Яъни, Абу Абдуллоҳ Фирабрий Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа ҳеч ким қолмади, деб ўйлаган. Лекин ўша пайтда “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилганлардан бири Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қорина Паздавий ҳаёт бўлган. У киши Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан тўққиз йил кейин, яъни ҳижрий 329 йилда вафот этган”.

Қарангки, “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитганлар орасидан Имом Фирабрийга Аллоҳнинг назари тушган. Аллоҳ таоло унга Имом Бухорий билан учрашиш ва ундан ҳадис эшитиш учун бир неча сабабларни тақдир қилган ҳамда уни кўп хайрли ишларга муяссарлик билан хослаган. Шу боис, у кишининг ривояти ривоятларнинг энг яхшироғи, тўлиқроғи ва санади олийроғига айланган.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: “Бу асрда ва ундан олдинги асрларда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади боғланган ривоят Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрийнинг ривоятидир”, деган.

Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳам ҳадис эшитган. Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” асарида бундай деган: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитган. У киши “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳул Муслим” китобларини Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийдан ривоят қилган ровийлар орасида бордир”. 

Ибн Нуқта Абу Абдуллоҳ Фирабрийга боғланган санад билан ривоят қилади: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Мен ҳижрий 258 йили Фирабрда бўлганимда Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитган эдим”, деди”.

Имом Заҳабий: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитган деб ҳисоблаган киши хато қилибди. Чунки, у киши Қутайба ибн Саидни кўрмаган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳижрий 231 йилда туғилган. Қутайба ибн Саид эса ҳижрий 240 йили бошқа шаҳарда вафот этган”, деб ёзади.

Шунга қарамай, кўпчилик олимлар Абу Абдуллоҳ Фирабрий уч кишидан ҳадис ривоят қилган, деб ҳисоблайди.

Биринчиси: Имом Бухорий;

Иккинчиси: Қутайба ибн Саид;

Учинчиси: Али ибн Хашрам Марвазийдир.

Абу Бакр Самъоний “Амолий” китобида Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитганига далил келтирган. Буни Имом Нававий ҳам “Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳида зикр қилган.

Баъзи уламолар Имом Заҳабийнинг “Абу Абдуллоҳ Фирабрий ва Қутайба ибн Саид орасида шаҳарлари бошқа бўлиши билан бирга, эшитишни узоқлаштирадиган тўққиз йил бор-ку”, деган гапини хато дейишган.

Аммо Имом Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани собитдир. Унинг таржимаи ҳолини ёзган кўплаб уламолар бунга далил келтирган. Асосий ҳадис китобларида Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ривоят қилган ҳадислари бор.

Имом Байҳақий ўзининг “Ас-Сунан ал-Кубро” ва “Шўъбул иймон” китобларида “Ҳофиз Абу Аҳмад ибн Адийнинг Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан, унинг Али ибн Хашрам Марвазий ва бошқа кишилардан ривоят қилган ҳадисларни” келтирган. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани “Саҳиҳул Бухорий”нинг баъзи нусхаларида собитдир. Олий санадни талаб қилган кўплаб талабалар Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан ҳадис ривоят қилган.

Уламолар Имом Фирабрий ҳақида кўплаб яхши сўзларни айтишган.  

Абу Валид Божий (ваф. ҳижрий 474 й.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа ва машҳур кишидир”, деган.

Абу Муҳаммад Ришотий (ваф. ҳижрий 547 й.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятида асосий таянчдир”, деб ёзган.

Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” китобида: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа ва парҳезкор кишидир”, деган. 

Ибн Рушайд Фиҳрий (ваф. ҳижрий 721 й.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг асосий таянчидир”, деб қайд этган.

Яна унинг: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа, амийн (ишонарли), “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган воситаси ва уларнинг мустаҳкам арқонидир”, деган таърифи ҳам бор.  

Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган уламоларнинг деярли барчаси унинг ҳижрий 320 йил шаввол ойининг учинчиси, яъни душанба куни 90 ёшида Фирабрда вафот этганини таъкидлашган.

Аммо Ибн Рушайд Фиҳрий “Ифадатун насийҳ” китобида бундай дейди: “Биз Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг вафот этган кунини Абу Зарга боғланган олий санад билан ривоят қилдик. Абу Зар: “Мен Абу Исҳоқ Мустамлийдан эшитган эдим”, деди. Абу Исҳоқ Мустамлий: “Менга етиб келган маълумотларга кўра, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий ҳижрий 320 йил шаввол ойининг ўнинчи куни вафот этган”, деди”.

Абу Муҳаммад Фирабрий

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган фирабрлик ровийлардан бири унинг набираси Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий (ваф. ҳижрий 371 й.)дир.

Имом Самъоний “Ал-Ансоб” асарида унинг таржимаи ҳолини келтириб бундай дейди: “Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий ўзининг бобоси Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрийдан “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобини ривоят қилган. Ундан Имом Ғунжор ривоят қилган. У киши ҳижрий 371 йилда вафот этган”.

Уламоларнинг таржимаи ҳоллари баён этилган китобларда унинг таржимаи ҳоли топилмайди. Лекин айримлар Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” ёки “Маноқиби Бухорий” деб номланган рисоласини Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг йўлига кўра ривоят қилишган. У эса ушбу рисолани бобоси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилган.

Имом Заҳабийнинг “Сияру аъламин нубало” асарида “Шамоили Бухорий” рисоласини устоз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Миҳравайҳ Форсийга боғланган санад билан ривоят қилгани келган. Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Миҳравайҳ эса: “Бизга Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий бу рисоласини ривоят қилиб берган”, деб айтади. Сўнгра Имом Заҳабий: “Мен бу китобда нимани ривоят қилаётган бўлсам, уни Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийдан мана шу санад билан ривоят қилаяпман”, деб айтади.  

Хатиб Бағдодий ўзининг “Тарихи Бағдод” асарида Аҳмад ибн Али Форсийнинг Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан Имом Бухорийнинг фазилатлари ҳақида келтирган баъзи ривоятларни зикр қилган. Ибн Асокир ҳам ўзининг “Тарихи Дамашқ” асарида шунга ўхшаш ривоятларни қайд этган.

Муҳаммад ибн Холид Фирабрий

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган фирабрлик ровийлардан яна бири Муҳаммад ибн Холид ибн Ҳасан Фирабрийдир. Ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани ибн Нуқта “Такмилатул икмал” китобининг Фирабрий бобида уни тилга олган. Имом Хаттобий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган “Аъламул ҳадис” номли шарҳининг аввалида уни “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан ривоят қилган ровийлар қаторида зикр қилган.

Абу Бишр Фирабрий

Кичик Фирабрий номи билан танилган Абу Бишр Муҳаммад ибн Али ибн Абдулазиз ибн Иброҳим Фирабрий Бухорода Абул Хаттоб Муҳаммад ибн Иброҳим Табарий ва Абу Наср Аҳмад ибн Абдураҳмон Ройғдмунийдан ҳадис ёзиб олган. Имом Самъоний ўзининг “Ал-Ансоб” асарида: “У киши эшитган нарсаларимнинг ҳаммасида менга ижоза ёзиб берган эди”, деган. Кичик Фирабрий ҳижрий 550 йил Фирабрда вафот этган.

Абу Бакр Фирабрий

Яна бир аллома, шайх, сиқа ва Қуръон аҳлидан бўлган солиҳ киши Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Оиша Муқрий Фирабрийдир. Имом Самъоний ўзининг “Ал-Ансоб” асарида: “Мен у кишидан Фирабрда баъзи асарларни ёзиб олган эдим”, деган.

Абу Мансур Фирабрий

Кейинги аллома Абу Мансур Ҳусайн ибн Али ибн Юсуф Фирабрий Абу Али Ҳусайн ибн Исмоил Форсий, Абу Фазл Салмо ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Кўпроқ ҳадис билан шуғулланган ва ривоят қилган. Ҳижрий 397 йил рамазон ойида вафот этган.

Абу Али Фирабрий

Абу Али Ҳусайн ибн Юсуф ибн Абдулмажид Бундор Фирабрий бу мўъжаз шаҳардан етишиб чиққан яна бир мусаҳҳиҳдир. У Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизийдан ҳадис ривоят қилган. Шунга биноан, Имом Термизийнинг шогирдларидан бўлган, дейиш мумкин. У кишидан Абу Аҳмад Абдуллоҳ ибн Адий Журжоний ҳадис ривоят қилган.

Абу Убайд Фирабрий

Ниҳоят яна бир аллома Абу Убайд Абдураззоқ ибн Абдулваҳҳоб ибн Мансур ибн Муҳаммад ибн Фазл ибн Юсуф Фирабрий фақиҳ бўлган. У Ҳофиз Абу Фазл Аҳмад ибн Али ибн Амр Сулаймоний Пойкандий, ўзининг она томондан бобоси Абу Мансур Ҳусайн ибн Али ибн Ҳусайн ибн Юсуф Фирабрий ва бошқалардан ҳадис эшитган. Ундан Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Нахшабий ҳадис ривоят қилган. Яъни, бу киши нафақат фақиҳ, балки муҳаддис ҳам бўлган.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …