Синовлар мардона енгиб ўтилаётган ҳозирги кунларда мамлакатимизда ёрдамга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган хайру саховат тадбирлари инсонийликнинг юксак ифодасини намоён этмоқда. Президентимиз ташаббуси билан олижаноб мақсадларни кўзлаб қилинаётган ишлар халқимизнинг миннатдорлигига сабаб бўлаётир.
Бугунги вазият синовли кунлардан эсон-омон чиқиш учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, қийналган ва доимий иш жойидан ажралган инсонларга амалий ёрдам зарурлигини кўрсатди.
Қашқадарёда ҳам “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари кам таъминланган оилаларга етказилмоқда. Шунингдек, Меҳрибонлик, Саховат ва Мурувват уйларига ҳам энг зарур жиҳозлар топширилиб, эҳсон дастурхонлари ёзилмоқда.
Дарҳақиқат, тақдир тақозоси билан оғир вазиятга тушиб қолган инсонга ўз вақтида кўрсатилган беминнат ёрдамнинг ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Айниқса, бугун дунё аҳли пандемия инқирози билан боғлиқ ўта оғир жараёнларни бошидан кечираётган бир паллада ана шундай меҳр-саховат тадбирлари алоҳида аҳамият касб этади.
Вилоятдаги жоме масжидларимизда ҳали-ҳануз хавфи камаймаган коронавирус хасталигининг тезроқ даф бўлиши ва осойишта кунларнинг келиши, ислоҳотларнинг бардавом бўлишини Аллоҳ таолодан сўраган ҳолда, Қуръони карим хатмлари қилинмоқда. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек, “Ҳар бир Қуръони карим хатмидан кейин қилинган дуолар мустажобдир”.
Халқимиз қадимдан бошига ташвишли кунлар келганида қўлни-қўлга бериб, бир-бирига елкадош бўлиб келган. Меҳр ва саховат, эзгулик тушунчалари уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Муборак қадрият ва анъаналаримиз моҳиятида эзгулик, саховатпешалик, муҳтожларга ёрдам бериш, кексаларни эъзозлаш каби ғоялар мужассамдир.
Муқаддас динимиз одамларнинг жамиятда инсоний фазилатларни қўллаб-қувватлаб, барчани бир-бирига меҳр-муҳаббатли, ҳурмат-эътиборли бўлишга буюради, ўзаро ёрдамга тарғиб қилади. Яратган Роббимиз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Буни қуйидаги оятдан фаҳмлаш мумкин: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида сураси 2-оят).
Яхшилик деганда, дунёдаги барча эзгуликлар – ростгўйлик, омонат, тоат-ибодат, сахийлик, шижоат кабилар англашилади. Бу ишлардаги ҳамкорлик жамиятни тараққий қилдириб, инсонларни бахтга эриштиради.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”. Алломалар таъкидлашича, яхшилик қилган одамнинг умри узун бўлади. Бу ўринда умрнинг узунлиги тоабад давом этувчи маъносидадир. Яхши, саховатли инсон авлодлар қалбида яшайди. Шунинг учун кишиларнинг яхшилигига шукр қилиш ва ундан миннатдор бўлиб, Аллоҳдан эзгуликлар сўраш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотласин. Бирор нарса топа олмаса, унинг ҳаққига дуо қилсин”, деганлар. Кўрсатилган беғараз ёрдамни ҳис этиш, шукр қилиш, миннатдорлик, ишбошилар ҳақига хайрли дуоларда бўлиш ушбу ҳадис мазмунига мувофиқ келади.
Мамлакатимизда ҳам пандемия инқирози таҳдид солган илк кунлардан давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан бу бало-қазога қарши бошланган якдил кураш, касалликка чалинган одамларга зудлик билан ёрдам кўрсатишда халқимизнинг меҳр-саховат, ҳамжиҳатлик, оғир кунларда беминнат ёрдам кўрсатиш каби қадриятлари яққол намоён бўлди.
Мамлакатимиздаги бирдамлик ва, энг асосийси, оқилона сиёсат бутун жамиятнинг мураккаб жараёнлардан кам талафот билан ўтиб олишига, халқимиз турмуш даражасининг барқарорлиги ҳамда ҳар бир фуқаро эътиборда бўлишига замин яратмоқда.
Аллоҳ таоло юртимиз ва бутун дунёдан бало ва кулфатларни аритсин, халқимизнинг бирдамлиги ва аҳиллигини бардавом қилсин! Оқибат ва саховат доимий амалимиз бўлсин!