Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Самарқанднинг маънавий хазинасига сайр

Самарқанднинг маънавий хазинасига сайр

Имом Бухорийнинг Бағдодда имтиҳон қилинганлиги ва шу имтиҳондан сўнг у буюк муҳаддис сифатида эътироф этилгани ҳақидаги фикрларни эшитганмисиз? Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида дунёдаги нодир кутубхоналардан бири борлигини биласизми? Ҳадис илмий мактабида нега бирорта самарқандлик талаба йўқ? Ушбу мактабдаги инновацион хоналар, талабаларга Мисрнинг машҳур университети профессорлари дарс ўтишидан хабарингиз борми?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан журналист ва блогерлар учун ўтказилган бу галги пресс-тур иштирокчиларининг марказ ҳақидаги тасаввурларини кенгайтирибгина қолмай, руҳий оламига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Имом Бухорий мажмуаси зиёратидан бошланган пресс-тур халқаро илмий тадқиқот марказидаги шарт-шароитлар, ундаги янгиликларни танишиш билан давом этди.

Имом Бухорий 14 минг километрни гоҳида туяда, от-уловда ва пиёда босиб ўтган

Ходимларга яратилган шарт-шароитлардан ташқари, марказда Имом Бухорий маркази музей фонди ҳам мавжуд. Илм олиш йўлига чиққан Бухорий айтишларига қараганда, умри давомида 14 минг километр йўлни пиёда босиб ўтган. Музей фонди хонасида рамзий тарзда шу суратлар чизилган. Аллома яшаб ўтган даврда ишлатилган ашёлар, Қуръон китобининг ноёб нусхалари, дунё миқёсида ҳаттотлик санъатининг намуналари, турли йилларда, турли давлатларда, турли тилларда чоп этилган Имом Бухорийнинг асарлари нусхалари музейдан ўрин эгаллаган.

– Марказда дунёнинг 27 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. – Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Миср, Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Жумладан, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, «Ал­Фурқон» фонди, Британия кутубхонаси, Лондондаги Ислом маданияти маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. «Ал­Фурқон» фондининг қўлёзмаларга оид 117 та каталоги Ўзбекистонга олиб келинди.

Брайл ёзувидаги «Саҳиҳул Бухорий» китоби бор

Марказга шунингдек, Мисрдан 130 мингта ноёб қўлёзма асарларнинг электрон нусхалари келтирилди. Мисрдан 4 997 та, Туркиядан 614 та, жами 5 611 та китоб олиб келинди. Саудия Арабистони қўлёзма фондларидан Имом Бухорий асарларининг 34 та электрон нусхаси келтирилган.

Дарвоқе, марказ кутубхонасида Брайл ёзувидаги «Саҳиҳул Бухорий» китоби бор. Баҳоси 150 минг АҚШ долларига тенг, марказга хорижлик ҳамкорлар томонидан беминнат тақдим этилган энг замонавий нусха кўчириш асбоби ушбу ноёб китобларнинг нусхасини кўчириб, уларнинг электрон шаклини йиғиш имконини бермоқда.

Ҳадис илми мактабида нега самарқандлик талаба йўқ?

Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Инновацион, ақлли доскалар билан жиҳозланган синфхоналар, замонавий спорт заллари, ёпиқ сузиш ҳавзаси, хорижлик профессорларнинг дарс жараёнлари. Ушбу мактабни кўздан кечирар экансиз, хориж мамлакатидаги бирор ўқув муассасасига тушиб қолгандай ҳис қиласиз ўзингизни.

– Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил, таълим кундузги шаклда бўлиб, ҳадис илми, диний фанлар мутахассиси ва араб тили ўқитувчиси бўйича бакалавр даражасидаги мутахассис тайёрланади, – дейди Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов. – Ҳадис фанларида “Сиҳоҳи ситта”, яъни ислом оламида эътироф этилган олтита ишончли ҳадис тўпламларидаги ҳадисларни ёдлаб, уларга ёзилган шарҳлар ёрдамида ҳадисларнинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатларини ўзлаштириб боришади.

Ҳадис илми мактабида ўқув жараёнларини ташкил этиш қадимги Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон ва бошқа мадрасаларнинг ўқитиш анъаналарини жорий қилиш билан бир қаторда, қуйидаги нуфузли хорижий таълим муассасаларининг тажрибалари асосида ишлаб чиқилди. Мактаб мутахассислиги бўйича ишлаб чиқилган ўқув режа ва фан дастурлари дунёнинг етакчи таълим муассасаларининг нуфузли 20 нафар уламоларига (Миср, Туркия, Буюк Британия, Покистон, Ҳиндистон) тақдим қилинди ва улардан эксперт хулосалари олинди.

Мутасаддиларнинг айтишларига қараганда, ушбу мактабга мамлакатимизнинг барча вилоятларидан мадрасани тугатган ёшлар имтиҳондан ўтгач, қабул қилинади. Суриштириб кўрсам, улар орасида самарқандлик талабалар йўқ экан.

Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессори Маҳмуд Абдуллоҳ Абдураҳмоннинг дарс жараёнларини кузатар эканмиз, талабалар ва устоз ўртасидаги муносабат машғулот араб давлатларидаги бирор замонавий муассасада ўтилаётгандай таассурот қолдиради.

Иштирокчилар пресс-турдан янги маълумотлар, янги таассуротлар билан чиқиб кетар экан, руҳий хотиржамликка эга бўлганини бот-бот таъкидлашди.

Гулруҳ МЎМИНОВА
Манба: zarnews.uz

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …