Home / МАҚОЛАЛАР / “ШАРҲ АТ-ТАЪАРРУФ”НИНГ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

“ШАРҲ АТ-ТАЪАРРУФ”НИНГ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

Хожа Абу Иброҳим Исмоил бин Муҳаммад бин Абдуллоҳ Мустамлий Бухорий (ваф. 1043 й.) қаламига мансуб тасаввуфга оид “Шарҳ ат-таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф” (“Тасаввуф йўлини таништириш” асарига шарҳ”)[1] асари Калободий Бухорийнинг “Ат-таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф” (“Тасаввуф аҳли йўлини таништириш”)[2] асарига шарҳ сифатида ёзилган бўлса-да, нафақат ўзининг шарҳланувчи асардан бир неча бор катта бўлган улкан ҳажми билан, балки унда ўртага ташланган ва тадқиқ этилган мавзулар жиҳатидан ҳам шарҳланувчи китобдан ажралиб турадиган мустақил бир асар сифатида намоён бўлган. “Шарҳ ат-таъарруф” тасаввуфга оид қомусий манба бўлиб, унда тасаввуф тарихи, тасаввуф назарияси, тасаввуф терминологияси ва сўфийлар агиографияси кенг ёритилган.

“Шарҳ ат-таъарруф” асари яратилган замонидан бошлаб ХХ асрга қадар илмий доиралар томонидан муҳим ва мўътабар манбалардан бири саналиб келганлиги ҳамда асрлар давомида ушбу асарга бўлган қизиқиш ва эътибор сусаймаганлигини унинг бизнинг давримизгача етиб келган турли даврларда кўчирилган кўплаб қўлёзма нусхаларидан ҳам билиб олиш мумкин. Хорижий манбашуносларнинг қайд этишларича, бугунги кунга қадар дунёнинг турли мамлакатларида “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг ўн олтита қўлёзма нусхаси топилган бўлиб, улар Покистон, Туркия, Эрон, Россия, Германия, Франция, Миср ва Ҳиндистондаги қўлёзмалар хазиналарида сақланмоқда. Бундан ташқари биз “Шарҳ ат-таъарруф”нинг Ўзбекистонда ҳам ўн битта қўлёзма нусхаси мавжудлигини аниқладик. Шундай қилиб бугунги кунда “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг ҳаммаси бўлиб йигирма еттита қўлёзма нусхаси мавжудлиги маълум бўлди.

Асарнинг қўлёзма нусхалари тўғрисида сўз юритишдан олдин шуни айтиб ўтишни лозим деб биламизки, Мустамлий ҳажман йирик бўлган “Шарҳ ат-таъарруф” асарини ҳар бири йирик бир жилдга баробар бўлган тўрт қисмга бўлиб, ушбу қисмлардан ҳар бирини “рубъ” деб атаган. “Рубъ” (ربع) сўзи араб тилида “тўртдан бир” маъносини билдириб, муаллифнинг ушбу сўзни қўллашдан мақсади асарнинг тўрт қисмдан иборатлигини, унинг “рубъ” деб аталаётган ҳар бир қисми унинг тўртдан бири эканлигини билдириш бўлган. “Шарҳ ат-таъарруф”нинг деярли барча қўлёзма нусхаларида асарда ёритилган мавзулар тартиби бир хил келган. Бироқ “Шарҳ ат-таъарруф”нинг турли қўлёзмаларида асарнинг рубъларга ва бобларга бўлиниши, жумладан, рубълардаги боблар сони ва номланиши турлича кўрсатилган. Шу сабабли “Шарҳ ат-таъарруф”нинг Теҳрон нашрини тайёрлаган эронлик манбашунос Муҳаммад Равшан асарнинг турли қўлёзмаларини таққослаштириш орқали асарнинг тўрт рубъга бўлинишининг аксарият қўлёзмаларга мос келувчи ягона вариантини яратиб, ушбу тўрт рубъ асосида асарни тўрт жилд ва олтмиш саккиз бобдан иборат ҳолда нашрга тайёрлаган [2].[3] Биз асарнинг турли қўлёзма нусхаларидаги рубълар ва боблар таркиби ва тартибини кўриб чиқишда асар рубълари ва бобларининг Муҳаммад Равшан томонидан тайёрланган ягона вариантини асос қилиб оламиз.

“Шарҳ ат-таъарруф”нинг хориждаги қўлёзма нусхалари ҳалигача тўла ва ягона тизим доирасида ўрганилмаган. Жумладан, биринчидан, асарнинг хориждаги қўлёзма нусхаларидан ҳаммаси ҳам тавсиф қилинмаган, иккинчидан, айримлари турли манбашунослар томонидан турли даражада тавсиф қилинган, учинчидан, ушбу қўлёзмаларнинг барчаси тавсифи ёки улар тўғрисидаги ҳар қандай маълумотлар бир жойда берилмаган. Биз шундан келиб чиққан ҳолда, хорижлик манбашуносларнинг турли даврларда турли жойларда чоп этилган каталоглари ва мақолалари ҳамда бошқа материалларга таяниб, “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг хорижий мамлакатлардаги тўққиз қўлёзма нусхасининг ягона тизимга солинган тавсифини тайёрладик.[4]

Хорижлик манбашунослар ўз тадқиқотларида асарнинг хорижда мавжуд бўлган ўн олтита қўлёзма нусхасидан Покистон, Туркия, Эрон ва Россия қўлёзмалар хазиналарида сақланаётган қуйидаги тўққизтаси тўғрисида у ёки бу даражада маълумот бериб ўтишган:

Покистондаги икки қўлёзма нусхаси: Карочи шаҳридаги Покистон Миллий музейи (№N.M.1959.207, 473/1081 й.) [1] ва Ганжбахш кутубхонаси (№290-890/302, XV а.) [22] нусхалари;

Туркиядаги тўрт қўлёзма нусхаси: Амосиё шаҳридаги Султон Боязид II кутубхонаси (№720, 567/1172 й.) [25], Кўния шаҳридаги Юсуф Оғо кутубхонаси (№5467, 616/1219 й.) [13], Истанбул шаҳридаги Қиличали пошшо (№604, 714/1314 й.) [26] ва Бурса шаҳридаги Хирожчи ўғли кутубхонаси (№780, XV-XVI а.) [27] нусхалари;

Эрондаги икки қўлёзма нусхаси: Эрон Мажлиси (парламенти) кутубхонаси (№137, 667/1269 й.) [10] ва Эрон Миллий кутубхонаси (№1731, 715/1315 й.) [19] нусхалари;

Россиядаги бир қўлёзма нусхаси: Қозон шаҳридаги Қозон (Волгабўйи) федерал университети Н. И. Лобачевский номидаги илмий кутубхонаси (XIX а.) [6] нусхаси.

Кўриб ўтганимиздек, “Шарҳ ат-таъарруф”нинг хорижда сақланаётган ушбу тўққиз қўлёзма нусхасидан саккизтаси қадимий ва мўътабар бўлиб, XI-XVI асрларда кўчирилган. Жумладан, ушбу қўлёзма нусхалар орасида энг қадимгиси Покистон миллий музейи нусхаси бўлиб, 473/1081 йили, яъни муаллиф вафотидан 38 йил ўтиб кўчирилган. Шунингдек, “Шарҳ ат-таъарруф”нинг Туркиядаги Султон Боязид II (567/1172 й.), Юсуф Оғо (616/1219 й.) ва Қиличали пошшо (714/1314 й.) ҳамда Эрондаги Мажлис (667/1269 й.) ва Миллий кутубхона (715/1315 й.) нусхалари ҳам асарнинг қадимги нусхаларидан ҳисобланади. “Шарҳ ат-таъарруф”нинг Покистондаги Ганжбахш (XV а.) ва Туркиядаги Хирожчи ўғли (XV-XVI а.) нусхалари нисбатан кейинги даврларда кўчирилган. “Шарҳ ат-таъарруф”нинг хорижда мавжуд бўлган нусхалари орасида Қозон (XIX а.) нусхаси энг охирги кўчирилгани бўлиб, ўзининг яхши сақланганлиги билан ажралиб туради.

Ушбу қўлёзмалардан бирортасининг ҳам кўчирилган жойи тўғрисида маълумот мавжуд эмас. Бироқ “Шарҳ ат-таъарруф” қўлёзмасининг Туркиядаги Султон Боязид II (№720, 567/1172 й.) нусхасининг котиби – Муҳаммад ибн Али ибн Зиёд ибн Маликон Совийнинг исмидаги “Совий” нисбаси унинг Эроннинг қадимий Сова шаҳридан эканлигини кўрсатади. Шунга кўра мазкур қўлёзманинг Эрондаги Сова шаҳрида кўчирилган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас. Бундан ташқари асар қўлёзмасининг Эрон Мажлиси (№137, 667/1269 й.) нусхасининг Маҳмуд бин Ҳабаш бин Юсуф Румий номли котиб томонидан кўчирилганлиги тўғрисидаги маълумот ҳам ушбу нусханинг бугунги Туркия ҳудудида кўчирилганлиги тўғрисида тахмин қилиш имконини беради.

“Шарҳ ат-таъарруф”нинг хорижий мамлакатлардаги қўлёзма нусхалари орасида Покистондаги Ганжбахш, Туркиядаги Хирожчи ўғли ва Россиядаги Қозон нусхалари нисбатан тўлиқ нусхалар бўлиб, улардан асарнинг барча қисми – 4 рубънинг барча боблари ўрин олган [14]. “Шарҳ ат-таъарруф”нинг тўлиқ бўлмаган учинчи рубъи (20-42 боблар) жой олган Эрон Мажлиси [11], биринчи (1-8 боблар) ва иккинчи (9-18 боблар) рубълар тўла жой олган Султон Боязид II [25], биринчи рубъ тўлалигича (1-8 боблар) ва иккинчи рубънинг аксарият қисми (9-16 боблар) жой олган Юсуф Оғо [12] ҳамда иккинчи рубънинг бир боби (18-боб) ва 24 бобдан иборат бўлган учинчи рубънинг 17 боби (19-35 боблари) жой олган Эрон Миллий кутубхонаси [19] нусхалари 4 рубъдан иборат асарнинг 1 рубъидан 2 рубъигача, яъни ярмигача бўлган қисмини ўз ичига олган ноқис нусхалари ҳисобланади. “Шарҳ ат-таъарруф”нинг асарнинг биринчи рубъи (1-8 боблар) жой олган Қиличали пошшо [28] ҳамда иккинчи рубъдаги 18-бобнинг иккинчи ярми, учинчи рубъдаги 19-бобнинг биринчи ярми ва 40-бобнинг охирги бир саҳифаси жой олган Покистон миллий музейи [16] нусхалари асарнинг энг ноқис нусхалари ҳисобланади.

Бундан ташқари манбашунослар “Шарҳ ат-таъар-руф” асарининг Германиядаги Берлин давлат кутубхонаси, Париждаги Франция Миллий кутубхонаси, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Шаҳидали пошшо, Жоруллоҳ ва Ризо пошшо, Мисрдаги Қоҳира ҳамда Ҳиндистондаги Ҳайдаробод кутубхоналари қўлёзмалар хазиналарида ҳам ушбу асарнинг биттадан нусхаси мавжудлиги тўғрисида ёзишган. Бироқ қўлимизда “Шарҳ ат-таъарруф”нинг ушбу қўлёзма нусхалари тўғрисида мавжуд бўлган маълумотлар турли манбашуносларнинг ушбу нусхалар тўғрисидаги умумий эслатмаларидангина иборат. Жумладан, Париждаги Франция Миллий кутубхонаси қўлёзмалар хазинасида сақланаётган форсча қўлёзмалар каталогини тузувчилар ҳамда манбашунослардан К. Броккелман ва Ф. Сезгинлар фақатгина “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг Франция Миллий кутубхонасида №80, Берлин давлат кутубхонасида №246, Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Шаҳидали пошшо кутубхонасида №1231, Жоруллоҳ кутубхонасида №1627 ва Ризо пошшо кутубхонасида №875 инвентар рақамлари остида сақланаётган қўлёзма нусхалари мавжудлигини эслатиб ўтган бўлсалар [38], эронлик манбашунос Мужтабо Минувий “Шарҳ ат-таъарруф” асари қўлёзмаларидан бири “Нур ул-муридин ва фазиҳат ул-муддаъин” номи остида Мисрдаги Қоҳира кутубхонасида сақланаётганлиги тўғрисида гапириб, унинг инвентар рақами ёки бошқа маълумотларини келтирмаган [18]. Бошқа бир манбашунос Муҳаммад Ҳусайн Тасбиҳий ҳам Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Осафия кутубхонасида “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг яна бир қўлёзма нусхаси мавжудлигини айтаркан, ушбу нусханинг инвентар рақами ёки бошқа хусусиятлари тўғрисида ҳеч нарса демаган [21].

Юқорида эслатиб ўтганимиздек, “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг хорижий мамлакатлардаги қўлёзма нусхаларидан ташқари Ўзбекистон қўлёзмалар хазиналарида ҳам ўн битта қўлёзма нусхаси сақланаётганлигини аниқладик. Бироқ асарнинг мазкур қўлёзма нусхалари ҳалигача тавсиф қилинмаган бўлиб, шу пайтгача нашр этилган қўлёзмалар каталогларида, жумладан, 1952-1987 йиллар давомида 11 жилдда нашр этилган “Ўзбекистон ССР Фанлар Академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами”да ҳам улар тўғрисида бирор бир маълумот учрамайди. Шу сабабли биз “Шарҳ ат-таъарруф”нинг ушбу ўн бир қўлёзма нусхасини биринчи марта тавсиф қилиб, уларнинг матншунослик хусусиятлари тўғрисида маълумотлар тайёрладик.

“Шарҳ ат-таъарруф” асарининг Ўзбекистонда мавжуд бўлган ўн битта қўлёзма нусхасидан тўққизтаси (№4980, 1234/1819 й.; №10980, 1240/1825 й.; №11001, 1246/1830-31 й.; №4979, 1252/1836-37 й.; №9467, 1276/1860 й.; №4914, XIX а.; №2703, XIX а.; №583, XIX а.; №11987, XIX а.) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти, биттаси (№189, 1273/1856 й.) Тошкент ислом университети ва яна биттаси (№ПВ-16, 1289/1872-73 й.) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланмоқда. Биз асарнинг ушбу марказларда сақланаётган қўлёзма нусхаларини қисқароқ қилиб ЎзР ФА Шарқшунослик институти нусхалари, Тошкент ислом университети нусхаси ва Ўзбекистон миллий кутубхонаси нусхаси деб атаймиз.

Ушбу қўлёзма нусхаларнинг барчаси XIX асрнинг турли йилларида кўчирилган. Мазкур қўлёзмаларда улардан учтаси (№10980, №9467 ва №583)нинг Бухорода [3] ва биттаси (№ПВ-16)нинг Хивада [4] кўчирилганлиги эслатилган. Бундан ташқари, 4979 рақамли қўлёзманинг Авазмуҳаммад ибн Қурбонмуҳаммад номли котиб томонидан кўчирилганлиги [31] унинг Хоразмда, №189 рақамли қўлёзманинг котибларидан бири Мулло Абду-раҳмон Самарқандий деган киши бўлганлиги [5] эса унинг Самарқандда кўчирилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилиш имкониятини беради.

Шу ўринда асар қўлёзмаларидан бири – ЎзФА Шарқ-шунослик институтида сақланаётган 10980 рақамли қўлёз-манинг 1240/1825 йили Бухоро амири “Абулғозий Абулмузаффар Саййид Амир Ҳайдар (1800-1826) буйруғи билан кўчирилган”лиги тўғрисидаги маълумот [32] диққатни ўзига тортади. Тарихчиларнинг эътироф этишларича, Бухоро амирлигининг манғитлар сулоласидан бўлган ҳукмдорлари Амир Шоҳмурод (1785-1800) ва унинг ўғли Амир Ҳайдар (1800-1826) ҳукмронлиги даврида илм-фан ва маданият тараққий топади. Жумладан, Амир Ҳайдар мамлакатдаги мадрасаларда ўқитилиши учун бошқа мамлакатлар, жумладан, Туркия ва Афғонистондан кўплаб китоблар олиб келтирган [9]. Шунга кўра, Амир Ҳайдар буйруғи билан “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг кўчирилиши ўша даврда Бухоро амирлигида юз бераётган маданий жараён билан бевосита боғлиқ эканлиги маълум бўлади. Бунинг устига тарихчи Масъудхон Исмоилов Амир Ҳайдарнинг отаси Амир Шоҳмурод шахси билан боғлиқ бир воқеага эътибор қаратади. Унинг тарихий манбалар, жумладан “Тарихи Ҳумулий”га таянган ҳолда аниқлашича, нақшбандия-мужаддидия тариқати аъзоси бўлган Амир Шоҳмурод имомлигида ўқилган намозлардан сўнг “Шарҳ ат-таъарруф” асаридан парчалар ўқиб, шарҳланган [17]. Швейцариялик нақшбандийшунос Анке фон Кюгельген эса Амир Шоҳмуроддан кейин Бухоро амирлиги тахтига ўтирган ўғли Амир Ҳайдар ҳам ушбу тасаввуф тариқатини қўллаб-қувватлаш ишини давом эттирганлиги тўғрисида ёзади [7]. Буларнинг барчаси, биринчидан, “Шарҳ ат-таъарруф” қўлёзма нусхаларидан бирининг Амир Ҳайдар буйруғи билан кўчирилишидан олдин ҳам ушбу асарнинг Бухорода, жумладан ушбу амирликдаги сўфийлар доираларида машҳур бўлганлиги, иккинчидан, Амир Ҳайдарнинг “Шарҳ ат-таъарруф” асарини нақшбандия-мужаддидия тариқатини қўллаб-қувватлаш доирасида кўчиртирган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Амир Ҳайдардан кейин ҳукумат тепасига келган унинг ўғли Амир Насруллоҳ (1827-1860) ҳам маълум маънода бобоси ва отасининг уламолар ва сўфийлар, жумладан, нақшбандия-мужаддидия тариқати шайхларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳаракатларини давом эттиради [15]. Кюгельгеннинг манбаларга таяниб ёзишича, ҳатто Амир Насруллоҳ ушбу тариқат шайхи Лутфуллоҳнинг (1750-1841) халифаларидан бири бўлишга истак билдирган [8]. Шунга кўра “Шарҳ ат-таъарруф”нинг бизгача етиб келган нусхаларидан бири – ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасидаги 9467 рақамли қўлёзманинг 1276/1860 йили Амир Насруллоҳ буйруғи билан Бухорода кўчирилганлиги Бухоро амирлигининг ушбу ҳукмдорининг ҳам тасаввуф, хусусан, нақшбандия-мужаддидия тариқатига бўлган эътиборидан далолат беради.

Асар қўлёзмасининг яна камида икки нусхасининг Бухорода, камида бир нусхасининг Хивада кўчирилганлиги, шунингдек, яна икки нусхасининг Хоразм ва Самарқандда кўчирилган бўлиши мумкинлиги эса шу даврда юртимизда илм-фан ва маданиятга бўлган эътиборни, шунингдек, тасаввуфнинг катта нуфузга эга бўлганлигини кўрсатади.

“Шарҳ ат-таъарруф”нинг Ўзбекистондаги қўлёзма нусхаларидан катта қисми – олтитаси, яъни, ЎзР ФА Шарқшунослик институтидаги тўрт (№4980, №4979, №9467 ва №583) [33] нусхаси ҳамда Тошкент ислом университети (№189) [29] ва Ўзбекистон миллий кутубхонаси (№ПВ-16) [30] нусхалари тўлиқ бўлиб, улардан асарнинг барча 4 рубъи тўлалигича ўрин олган. Қолган беш қўлёзма ноқис бўлиб, улардан ҳар бири асарнинг тўлиқ бўлмаган бир рубъидан тортиб тўлиқ икки рубъигача бўлган қисмини ўз ичига олган. Жумладан, 10980 рақамли қўлёзмада асарнинг тўлиқ биринчи ва иккинчи рубълари [32], 11001 рақамли қўлёзмада эса асарнинг тўлиқ учинчи ва тўринчи рубълари [34], яъни ушбу икки қўлёзмадан ҳар бирида асарнинг ярми жой олган бўлса, 4914 рақамли қўлёзмада асарнинг тўлиқ биринчи ва тўлиқ бўлмаган иккинчи рубъи [35], 2703 рақамли қўлёзмада асарнинг тўлиқ биринчи рубъи ва иккинчи рубъининг бир боби [36], 11987 рақамли қўлёзмада эса асарнинг бор-йўғи тўлиқ бўлмаган биринчи рубъи [37] ўрин олган.

Ҳажман катта бўлган “Шарҳ ат-таъарруф” асарини мутолаа қилиш ва унда баён этилган мавзуларни ўрганишни осонлаштириш мақсадида 710/1310 йили номаълум муаллиф томонидан унинг “Хулосайи Шарҳи Таъарруф” (“Таъарруф” асари шарҳининг қисқартмаси”) номли бир жилдлик қисқартирилган варианти ҳам яратилган. Ушбу асарнинг 713/1313 йилда кўчирилган нусхаси Германиянинг Тюбинген университети кутубхонасида Sprenger 742 рақами остида сақланмоқда. Мазкур асар эронлик манбашунос Аҳмад Али Ражоий томонидан нашрга тайёрланиб, 1970 ва 2007 йиллари Теҳронда нашр этилди [23].[5] Бироқ “Хулосайи Шарҳи Таъарруф” аслида “Шарҳ ат-таъарруф”нинг қисқартирилган вариантидан кўра кўпроқ “Ат-таъарруф” асарининг маълум тўлдиришлар билан форс тилига қилинган таржимасига ўхшаб кетади. Чунки, биринчидан, ушбу асар ҳам худди “Ат-таъарруф” каби бир жилд ва 75 бобдан иборат бўлиб, ундаги боблар тартиби ҳам “Ат-таъарруф”даги боблар тартибига яқин. Иккинчидан, “Хулосайи Шарҳи Таъарруф” муаллифи асар муқаддимасида ушбу китобни “Ат-таъарруф” асари боблари тартибида шакллантиргани, “Шарҳ ат-таъарруф”дан “Ат-таъарруф” асари матнининг форс тилига қилинган таржимасини териб олганлиги ва бунга қўшимча равишда “Шарҳ ат-таъарруф”нинг энг муҳим ўринларинигина олганлигини маълум қилган [24]. Гарчи “Хулосайи Шарҳи Таъарруф” асари “Ат-таъарруф”нинг Мустамлий томонидан форс тилига қилинган таржимасининг деярли тўлиқ қисми ҳамда Калободий асарига Мустамлий томонидан берилган шарҳнинг кичик бир қисмини ўз ичига олган бўлса-да, уни “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг яна бир нусхаси деб бўлмайди. Зеро, асарнинг хорижда ва Ўзбекистонда мавжуд бўлган барча нусхалари асарнинг рубъларга ва бобларга бўлиниши жиҳатидан айрим фарқларга эга бўлсалар-да, уларнинг барчаси, “Хулосайи Шарҳи Таъарруф”дан фарқли равишда, тўрт рубълик тизим асосида шакллантирилган бўлиб, уларнинг барчасидаги асар матни бир хилдир. Шунга кўра, “Хулосайи Шарҳи Таъарруф”ни “Ат-таъарруф” асарининг “Шарҳ ат-таъарруф” асари асосида маълум тўлдиришлар билан форс тилига қилинган таржимаси дейиш мумкин. Шу сабабли “Хулосайи Шарҳи Таъарруф” асарининг Германияда сақланаётган ягона нусхасини “Шарҳ ат-таъарруф” асари қўлёзма нусхалари қаторига қўшмадик.

“Шарҳ ат-таъарруф” қўлёзмалари тўғрисида аниқланган маълумотлар ҳамда амалга оширилган таҳ-лиллар мазкур қўлёзмаларнинг қуйидаги хусусиятлари ушбу асарнинг тасаввуф ва бошқа фанларга оид муҳим манба сифатидаги аҳамиятини белгилайдиган, шунингдек, уни тўлақонли тадқиқ этишга имкон берадиган омиллардан бири бўлиб хизмат қилиши тўғрисида хулоса чиқаришимизга асос бўлади:

  1. Асарнинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхалари. Бундан тахминан минг йил олдин – XI аср бошларида яратилган “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг йигирма еттита қўлёзма нусхасининг бизнинг давримизгача етиб келганлиги асрлар давомида ушбу асарга бўлган қизиқиш ва эътибор сусаймаганлигини кўрсатади.
  2. Қўлёзмаларнинг кўчирилган даврлари. Асарнинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхаларининг муайян бир даврда эмас, балки турли даврларда – XI, XII, XIII, XIV, XV, XVI ва XIX асрларда кўчирилганлиги унинг яратилган замонидан бошлаб ХХ асрга қадар бўлган даврда илмий ва тасаввуфий доиралар томонидан муҳим ва мўътабар манбалардан бири саналиб келганлигини кўрсатади.
  3. Қўлёзмаларнинг кўчирилган жойлари. Асарнинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхаларининг муайян бир ҳудудда эмас, балки турли ҳудудларда – Эрон, Кичик Осиё, Ўрта Осиё ва бошқа жойларда кўчирилганлиги ҳам унинг XI асрдан то ХХ асрга қадар бўлган даврда мусулмон Шарқининг кўпгина мамлакатларида тасаввуф ҳамда бошқа ислом илмларига оид манба сифатида эътиборга эга бўлганлигини кўрсатади.
  4. Бухоро амирлари буйруғи билан кўчирилган қўлёзмалар. Асарнинг Ўзбекистонда сақланаётган қўлёзма нусхаларидан иккитаси (№1098, №9467)нинг Бухоро амирлиги ҳукмдорлари – Амир Ҳайдар ва Амир Насруллоҳ буйруғи билан кўчирилганлиги, бир томондан, XVIII аср охирлари – XIX аср бошларида Бухоро амирлигида тасаввуфга давлат даражасида эътибор берилганлиги, иккинчидан, “Шарҳ ат-таъарруф” асарининг хожагон-нақшбандия тариқати вакиллари учун муҳим қўлланмалардан бири ҳисобланганлигидан далолат беради.
  5. Қўлёзмаларнинг тўлиқлик даражаси. Асарнинг бизгача етиб келган қўлёзмаларидан тўққизтаси (хориждаги Ганжбахш, Хирожчи ўғли ва Қозон, Ўзбекистондаги Ислом университети ва Миллий кутубхона нусхалари ҳамда ЎзР ФА Шарқшунослик институти нусхаларидан тўрттаси: №4980, №4979, №9467, №583)нинг тўлиқ эканлиги, бунинг устига асар қўлёзма нусхаларидан тўрттаси (хориждаги Султон Боязид II ва Юсуф оғо, Ўзбекистондаги ЎзР ФА Шарқшунослик институти: №10980, №11001, №4914)дан ҳар бири 4 рубълик асарнинг 1-2 ёки 3-4 рубъларидан иборат бўлган ярим қисмини ўз ичига олганлиги эса асарнинг тўлиқ матнини тиклаш имкониятини беради [28].[6]
Комилжон РАҲИМОВ,
 ЎзР ФА ШИ кичик илмий ходими
[1] Бундан кейин қисқача “Шарҳ ат-таъарруф”.
[2] Бундан кейин қисқача “Ат-таъарруф”.
[3] Эслатма: Асар матни тўрт рубъда жойлаштирилган бўлиб, бешинчи рубъ муҳаррир изоҳлари ва иловаларини ўз ичига олган.
[4] “Шарҳ ат-таъарруф”нинг хориждаги қўлёзма нусхаларининг тўлиқ тавсифи маърузанинг “Иловалар” қисмида келтирилган.
[5] Бундан кейин қисқача Хулосайи Шарҳи Таъарруф.
[6] Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, эронлик манбашунос Муҳаммад Равшан “Шарҳ ат-Таъарруф”нинг Теҳронда амалга оширилган сўнгги мукаммал нашрини тайёрлашда асар қўлёзмасининг хориждаги тўлиқ (Ганжбахш ва Хирожчи ўғли) ва ноқис нусхаларидан унумли фойдаланган.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …