Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди

Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар бошчилигидаги делегация аъзолари 28 октябрь куни Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мехмет Сурейя Эр, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ҳамроҳлигида Самарқандга ташриф буюрди.

Ташриф давомида мартабали меҳмонлар Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб, муҳаддислар султони ҳаққига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг, меҳмонлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишди.

Меҳмонларга ҳар икки муассаса фаолияти, мақсад ва вазифалари, бу ерда заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар маънавий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўзлаб берилди.

Марказ Музей фондидан ўрин олган экспонатлар, деворий суратлар, Имом Бухорий асарлари нусхалари, шунингдек, муссасага Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРCИКА) томонидан ҳадя этилган хаттотлик намуналари кўргазмаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишиш давомида талабаларнинг ўқув жараёнини кузатди. Мартабали меҳмон ҳар икки илмий муассасада илм аҳли учун яратилган шароит ва имкониятларни алоҳида эътироф этиб, келгуси фаолиятига муваффақият тилади.

Ташриф якунида Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов мартабали меҳмон Ҳулуси Акарга Ҳадис илми мактабининг фахрий талабаси тўғрисидаги диплом ва эсдалик совғасини топширди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …